Мурожаатлар ортида инсон тақдири бор
30.11.2023, 09:56
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонаси, шунингдек, барча даражадаги вазирлик ва идоралар мансабдор шахсларининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш механизми яратилгани, ҳудудларда раҳбарлар билан жонли мулоқотлар, сайёр ва телефон орқали қабуллар, онлайн мурожаат ҳамда таклифлар қабул қилиш йўлга қўйилгани диққатга сазовордир. Бу эса халқ манфаатлари устуворлигини таъминлашга, муаммоларни ҳал қилиш мумкинлигига умид ва ишонч уйғотмоқда.
Давлат идоралари мутасаддилари қуйи тизимга тушиб, аҳоли эҳтиёжлари ва талаблари асосида ишлашни бошлагани ҳам бежиз эмас. Муҳими, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган долзарб масалаларнинг таҳлили ислоҳотларга асос бўлиб хизмат қилаётир.
Кейинги йилларда мамлакатимизда давлат органларининг аҳоли билан мулоқотини такомиллаштириш борасида кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, янги таҳрирдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. “Ўзбекистон - 2030” стратегиясида халқ билан мулоқотни янада кенгайтириш орқали аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш тизимининг самарадорлигини оширишга қаратилган аниқ мақсад ва вазифалар белгиланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларнинг ҳал этилаётганлиги ҳолати тўғрисида”ги ахбороти эшитилгани ҳам юқорида таъкидланган яхлит жараённинг бир қисмидир. Зотан, унда аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг ҳозирги аҳволи вазирлик кесимида атрофлича муҳокама қилинди.
Юртимизда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотлари сони 2018-2022 йиллар давомида сезиларли равишда кўпайиб, ҳозирда 200 тадан ортиқни ташкил этмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрида 86 та, бошқа ҳудудларда 113 та ОТМ мавжуд. Шундан давлатга қарашли ОТМлар сони 114 тани ташкил этса, нодавлат ва хорижий ОТМлар сони 87 тага етди.
Айни пайтда, табиийки, олий таълим билан қамраб олиш улуши ҳам ошиб боряпти. Ҳисоб-китобларга кўра, ўтган олти йил ичида республикада ёшларни олий таълимга қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошган. 2026 йилда бу кўрсаткич 50 фоизга етказилиши режалаштирилган.
Албатта, талабалар сонининг ортиши ижобий ҳолат бўлиб, бу инсон капиталини, яъни ҳар бир етук кадрнинг билим ва тажрибаси жамият, юрт равнақи ҳамда ривожи йўлида сарфланиши қувонарлидир. Шу билан бир қаторда ушбу соҳада мурожаатларнинг кўпайиши, улар билан ишлашнинг янги, тезкор ва инновацион усулларини амалиётга жорий этилишини талаб қилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимида мурожаатларни интенсив кўриб чиқиш тизими йўлга қўйилган бўлиб, ишонч телефонлари ва мурожаатлар билан ишлаш бўлими фаолият кўрсатмоқда. Аҳоли мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнида қонуний талабларга тўла риоя этилишини мониторинг қилиш бўйича мавжуд ҳолатни ҳафтада икки маротаба таҳлил этиш амалиёти йўлга қўйилган. Мурожаатларни ижобий ҳал этиш кўрсаткичини ошириш ҳамда такрорийлигининг олдини олиш мақсадида уларни бевосита мурожаатчи иштирокида кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилнинг 9 ойида вазирликка жисмоний ва юридик шахслардан жами 10 624 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг салмоқли қисми ижобий ҳал қилинган бўлса, айримларига ҳуқуқий маълумот берилган, 29 тасининг кўриб чиқилиши тугатилган, 4471 таси ҳудудий идораларга, 418 таси эса тегишли вазирликларга юборилган.
Бу борада мурожаатларнинг 50 фоиздан ортиқроқ қисмини вазирлик марказий аппаратида эмас, балки жойига чиққан ҳолда кўриб чиқиш тизими жорий этилганлиги, уларни жойида ўрганиш учун зарурат бўлмаганда эса фуқаро билан телефон орқали боғланиб, барча саволларга тўлиқ жавоб берилаётганини қайд этиш лозим.
Фуқаролар томонидан энг кўп йўлланаётган масалалар ҳамда уларнинг ҳудудлар кесимидаги динамикасига кўра, вазирлик раҳбариятининг сайёр қабулларини ташкил этиш, тизимга оид муаммо, камчилик ва таклифларни тўғридан-тўғри вазирликка юбориш мақсадида очиқ мулоқот портали (taklif.edu.uz) ишга туширилган.
Аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар натижасида талабалар ўқишини хорижий мамлакатлардан кўчириш 62,8 фоизга, профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш ва тиклаш 38,9 фоизга, талабалар сафидан четлатилганидан норозилик 30,2 фоизга, талабалар стипендияси масаласи 29,1 фоизга, талабалар ўқишини республика ҳудудида ички кўчириш эса 27,6 фоизга камайишига эришилгани ижобий ҳолат, албатта. Бироқ жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатлар билан ишлашда уларнинг ҳар бирининг ортида инсон, унинг манфаатлари ҳар нарсадан устунлиги ва ажралмас ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи турганини, бу борадаги ишларни тўғри ташкил этиш долзарблигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиздир.
Гулшана ХУДОЁРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
Ўхшаш янгиликлар
-
Давлат дастуридан келиб чиқадиган партия ва фракция олдидаги вазифалар муҳокама қилинди
26.02.2024, 17:32
-
Депутат мактаб кутубхонасига 100 дан ортиқ бадиий асарлар ва адабиётлар туҳфа қилди
14.02.2024, 17:23
-
Муҳим ва устувор вазифалар белгилаб олинди
31.01.2024, 17:49
-
“Аёллар дафтари” билан манзилли ишлашнинг шаффоф механизми яратилади
30.01.2024, 12:28
-
Депутат жарқўрғонлик тадбиркорлар муаммосини ўрганди
30.01.2024, 10:11
Фикрингизни қолдиринг