Ахборот технологиялари: ёшлар учун мадад ва рағбат
30.11.2023, 10:00
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясидан ўрин олган беш йўналиш ва юз мақсад ижросини жорий йилда таъминлаш ҳамда бу борада жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш мақсадида шу йил сентябрда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан кичик ишчи гуруҳлар ташкил этилган эди.
Яқинда cтратегиянинг ёшлар ўртасида IT соҳасини янада оммалаштириш ҳамда соҳада хизматлар экспортини ошириш мақсадидаги вазифалар бўйича тузилган ишчи гуруҳнинг Рақамли технологиялар вазирлиги қошидаги IT паркда навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Партиямиз фаоллари ёшларга замонавий билим ва кўникмаларни ўргатиш, “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини кенгайтириш орқали энг иқтидорлиларини танлаб олиб, халқаро нуфузли компаниялар талабларига мос дастурлар асосида халқаро IT бозорига тайёрлашга аҳамият қаратиш йўналишида бажарилаётган ишлар бўйича тегишли вазирлик ва идоралар вакилларининг ҳисоботларини тингладилар.
Рақамли технологиялар вазирлигининг рақамли таълимни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи С. Бутановнинг сўзларига кўра, вазирлик томонидан “Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг навбатдаги босқичида ёшларга uzbekcoders.uz платформаси орқали АҚШнинг “Coursera” компанияси онлайн таълим ресурсларидан фойдаланиш имконияти яратилди.
Дастурлашга қизиқувчи йигит-қизлар учун албатта бу ажойиб туҳфа. Чунки “Coursera” – масофавий таълимнинг улкан платформаси. Унда дунёнинг 275 та етакчи университети ва компанияларининг (жумладан, “Google”, “Amazon”, “Мета”, “Stanford”, “Yale” ва бошқалар) 12 мингта профессионал таълим ресурси жойлаштирилган. 2023-2025 йилларда ушбу лойиҳа доирасида 1,2 млн. нафар йигит-қиз 8 та йўналишдаги онлайн курсларда бепул таълим оладилар. Эътиборлиси, айни парк томонидан барча контентдан фойдаланиш имкониятини берувчи жами 10 минг дона лицензия сотиб олиниши режалаштирилган бўлиб, шу кунгача 3,5 минг дона харид қилинган. Ҳозирда uzbekcoders.uz сайти орқали “Coursera” платформасида 314 минг ўқувчи таҳсил оляпти. 606 нафар ёш эса профессионал – пуллик курсларда ўқияпти.
Компьютер технологиялари соҳасидаги билимларини оширишни мақсад қилган навқирон авлод вакиллари моддий-молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани ҳам эътиборга молик. Курсларда таҳсил олаётган ёки муваффақиятли тамомлаган 15 мингдан ортиқ йигит-қизга компьютер харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилди. Шунинг баробарида “Бир миллион дастурчи” доирасида ва IT паркнинг таълим резидентларида тегишли сертификатни қўлга киритган ёшларга компьютер хариди учун 7,5 млн сўм миқдоридаги имтиёзли кредитлар ажратилди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг АКТни жорий этиш ва рақамлаштириш бошқармаси бош мутахассиси Ш. Саидов мамлакатимизда ушбу соҳада олий таълим берадиган муассасалар сони 60 тадан ва уларда таҳсил олаётган талабалар сони 50 мингдан ортганини билдирди. Хусусан, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг 6 та филиали, Тошкент шаҳридаги Инҳа ва Амити университетлари томонидан 35 дан ортиқ мутахассисликлар бўйича 29 мингдан ортиқ олий маълумотли кадрлар тайёрланяпти.
Ёшлар ишлари агентлиги марказий аппарати бўлим бошлиғи Б. Синдоров ўз сўзида агентлик томонидан IT сертификатларини олишга сарфланадиган харажатларнинг 50 фоизини қоплашга имкон берувчи “IT истеъдод” портали ишга туширилганини, шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлар портали – my.gov.uz орқали аризаларни қабул қилиш учун халқаро IT сертификатларини олиш ҳамда ўқиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини қоплаб бериш хизмати жорий этилганини қайд этди. Натижада ҳозирги кунгача халқаро IТ сертификатини олиш дастурида қатнашган 735 нафар ёшнинг жами 1 млрд сўм дан ортиқ харажатлари қоплаб берилди.
Йиғилиш якунида ишчи гуруҳ аъзолари мазкур фаолиятни такомиллаштиришга қаратилган 4 та аниқ ва асосли таклиф-тавсияни илгари суришди.
Биринчи, Рақамли технологиялар вазирлиги “Эл-юрт умиди” фонди билан ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали хорижий мамлакатларда IТ йўналишида таълим олаётган талабалар ва меҳнат қилаётган ватандошлар билан алоқа ўрнатиши, уларни қўшимча қўллаб-қувватлаш тизимини яратиши зарур.
Иккинчи, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ажратилаётган маблағларнинг шаффоф етказилишини таъминлаш бўйича платформани янада такомиллаштириш талаб этилади. Ёшлар ишлари агентлиги томонидан замонавий компьютер жамланмаларига ажратиладиган субсидияларни ўз вақтида ажратилишини таъминлаш мақсадга мувофиқ.
Учинчи, Олий таълим, фан ва инновациялар, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликларининг “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси платформасига интеграция жараёнлари якунларини амалга ошириш ҳамда мазкур вазирликларга платформа админлигини ажратиш чораларини белгилаш.
Тўртинчи, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари, Ёшлар парламенти аъзоларини жалб этган ҳолда Ягона интерактив давлат хизматлар порталини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш.
Бу каби истиқболли мақсадларни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатлар изчил давом этаверади.
Абдулла АСЛАНОВ,
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари, ишчи гуруҳ раҳбари
Ўхшаш янгиликлар
-
Ёшларнинг бизнесга қизиқиши янада ортмоқда
24.04.2024, 17:07
-
Талаба-ёшларнинг партия лойиҳаларига қизиқиши ортмоқда
09.04.2024, 19:17
-
Нукуслик ёшларнинг молиявий саводхонлиги оширилди
31.03.2024, 09:59
-
Ёшларнинг молиявий саводхонлиги оширилди
16.03.2024, 14:43
-
Депутат талабаларнинг таълим ва иш билан бандлик йўналишидаги муаммолари билан қизиқди
07.03.2024, 10:48
Фикрингизни қолдиринг