Имтиёз ва имконият ортидан соғлом рақобат муҳити шаклланиши шарт

11.01.2024, 10:35

Имтиёз ва имконият ортидан соғлом рақобат муҳити шаклланиши шарт

Пахтачиликда кластер тизими жорий этилгач, ердан самарали фойдаланиш йўлга қўйилиб, ҳосилдорлик кескин ортди. Айниқса, замонавий технологиялар асосида ерлар текислангач, сув сарфи камайди, фермер хўжаликларининг иқтисоди юксалди. Аммо кейинги йилларда кластерлар билан фермер хўжаликлари ўртасидаги муносабатда айрим англашилмовчиликлар юзага келган эди. Шу маънода, Президентимизнинг 2023 йил 12 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳада эркин бозор муносабатларини янада ривожлантириш, пахта-тўқимачилик кластерлари, қишлоқхўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар ўртасидаги муносабатларни бозор тамойиллари асосида такомиллаштиришга ойдинлик киритди дейиш мумкин. Унга кўра, пахта хомашёсини етиштирувчи хўжаликлар ва кластерлар ўртасида маҳсулот етказиб бе­ўртасида маҳсулот етказиб бериш бўйича фьючерс шартномалари тупроқ нормативлари доирасида республика товар-хомашё биржасининг “пахта хомашёсисекцияси”да ҳар бир ҳудуд бўйича ўтказиладиган савдолар натижаларига қараб тузиладиган бўлди. Эндиликда пахта етиштирувчи шартномада кўрсатилган ҳажмдан кўп етиштирилган пахта хомашёсини шартнома тузмаган ҳолда ҳам биржа орқали тадбиркорга сотиши мумкин.

Фермер хўжалиги ер ижараси, фьючерс ва кредит шартномаларида кўрсатилган мажбуриятларини бажара олмаса, ўз мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда фермер хўжалигига мол-мулк қонунчилигига мувофиқ субсидиар жавобгарлик юклатилади.

Шу йил ҳосилидан бошлаб, пахта хомашёсини етиштириш, йиғим терими ва хариди Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ресурслари ҳисобидан молиялаштирилади. Янгидан ташкил этиладиган республика штаби пахта ҳосилини сотиб олиш ва сотиш бўйича янги тизимнинг шаффофлиги, тўлақонли ва адолатли ишлаб кетишини ҳамда пахта етиштирувчи манфаатини таъминлашда масъул ҳисобланади. Пахта хомашёсини етиштиришни молиялаштириш устидан назорат қилиш, сақлаш, реализация қилиш, маҳсулотларни биржа савдосига чиқариш билан ҳам шуғулланади.

Кластерларни ташкил этишда янгиланган тартиб жорий этилади. Унга кўра, кластерликка талабгорлар ип-калава, трикотаж мато, газлама, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш, бўяш қувватларини камида икки босқичда йўлга қўйган бўлиши керак. Шу йилдан кластерлар ва бошқа тўқимачилик корхоналари томонидан пахта хомашёси тўлиқ электрон тарози орқали қабул қилинади ва пахта толасини автоматлашган мажбурий ҳисобга олиш тизими жорий этилади. 2024 йили пахта ҳосилидан бошлаб электрон тарози орқали қабул қилинган пахта хомашёси ва ишлаб чиқарилган пахта толасини автоматлашган мажбурий ҳисобга олиш тизими ишга туширилади. Кластерлар ва бошқа тўқимачилик корхоналари томонидан харид қилинган пахта хомашёси ўзларининг техник жиҳатдан малакалилиги маъқулланган лабораториясида ёки шу талабга жавоб берадиган бошқа лабораторияларда таҳлил этилиб, қабул қилишга рухсат этилади.

Фермер хўжаликларига сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун аввал ажратилган кредитлар таъминоти сифатида қабул қилинган кластерларнинг кафиллигини фермер хўжаликларининг ликвидли мол-мулк гарови билан алмаштиришга рухсат берилади. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилган кредитлардан 2024 йилдан қайтган маблағлар сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга йўналтириладиган бўлди. Кластерлар пахта ҳосилини шартномада белгиланган нархларда сотиб олиш ва ўз маблағи ҳисобидан амалга ошириладиган якуний ҳисоб-китобнинг 20 фоизини молия йилининг 31 декабрига қадар ўтказиб беришга мажбурлиги фермерларнинг ишга муносабатини тубдан ўзгартириб, янада самарали фаолият олиб боришига рағбат беради.

Йиллар давомида оқова сув танқислигидан чўчиб қолган бободеҳқонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш “Ўзбекистон – 2030” стратегиясидан ўрин олган устувор вазифалардан саналади. Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари фермер хўжаликларининг минерал ўғит ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари бўйича ўтказиладиган биржа савдоларида иштирок этишига кўмаклашади.

Жойлардаги кенгашларимиз ташкилотчилигида қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари бўйича маълумотларни кенг жамоатчиликка мунтазам етказиш юзасидан тушунтириш-тарғибот ишлари бошлаб юборилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 23 декабрдаги “Пахта хомашёсини етиштириш ва пахта йиғим-терим харажатларини кредитлаш ҳамда уларни реализация қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам соҳада муҳим қадам бўлди. Шу йилдан Қишлоқ хўжалик вазирлигининг “Рақамли қишлоқ хўжалиги” ягона интеграция платформаси таркибига кирувчи ҳамда қишлоқ хўжалик экинларини етиштириш учун имтиёзли кредитларни ажратиш, маҳсулот етиштирувчиларга шаффофлик тамойилида хизмат кўрсатиш имкониятларини таъминлаб берадиган ахборот тизими – “Агроплатформа” АТ ишга туширилади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолияти йўлга қўйилгач, жамғарма ресурслари ҳисобидан тижорат банклари томонидан пахта хомашёси етиштирувчи фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалик корхоналарига имтиёзли кредитлар ажратилади.

Пахта хомашёси етиштириш харажатлари учун ажратиладиган кредитларнинг миқдори агротехник тадбирлар учун зарур бўладиган минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари ва кимёвий воситаларнинг нархлар динамикасини таҳлил этиб, шунингдек, агротехник хариталардан келиб чиққан ҳолда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Жамғарма томонидан ойма-ой белгиланиши молиявий кўмак беришда шаффофликни таъминлайди.

Бир сўз билан айтганда, кластерлар ва фермер хўжаликларига берилаётган имтиёзлар вилоятларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, тармоқда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, иқтисодиётини юксалтириш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Актам ХАИТОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси

  • Кўрилди
    224
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+