“Энг яхши бизнес режа” танлови ғолиблари тақдирланди

18.01.2024, 17:11

“Энг яхши бизнес режа” танлови ғолиблари тақдирланди

Навоий шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси вилоят Кенгаши томонидан “Хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида “Энг яхши бизнес режа” танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Дастлаб O'zLiDeP Навоий вилояти ҳудудий ташкилоти раисининг биринчи ўринбосари – аппарат раҳбари Муҳаммад Эшниёзов “Хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш” лойиҳасининг асосий мақсади хотин-қизлар ва ёшларнинг тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятига қизиқишини янада кучайтириш, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари талаба-ўқувчиларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб қилиш, 2024 йил – Ёшлар ва бизнесни ривожлантириш йилида ёшларнинг бизнес режаларини қўллаб-қувватлашдан иборат эканлигини таъкидлади.  

Танловда иштирокчилар ўз бизнес режалари мазмун-моҳияти, кутилаётган натижаси ҳақида гапириб беришди.  

Малакали мутахассисларидан иборат Ҳакамлар ҳайъати ҳар бир иштирокчи бизнес режасининг барча жиҳатларига эътибор қаратган ҳолда уларни баҳолаб боришди.

1-ўринни Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи Зуҳра Абдураимова қўлга киритди.  

– Мазкур лойиҳа рақамли тўқимачилик принтери ёрдамида турли дизайндаги матоларни яратиш, мода дизайни йўналишини битирган талаба- қизлар учун бўш иш ўринлари таклиф этиш, ишсиз аёллар бандлигини таъминлашдан иборат, – дейди З.Абдураимова. – Лойиҳа ҳаётга татбиқ этилса, янгича услуб ва дизайндаги кийимлар ва маиший буюмлар ишлаб чиқиш ҳамда маҳсулотларни экспорт қилиш имконига эга бўламиз. Экспорт қилинаётган маҳсулотлар орқали миллий ўзлигимизни намоён этиш ва хорижий валюта оқимини кўпайтиришимиз, шу билан бирга, бошқа юрт вакилларига тарихимизнинг ранг-баранг безакларини, анъана ва қадриятларимизни кенг тарғиб қилишимиз мумкин.

Танлов сўнггида барча ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

А.Бўриев,

ЎзА мухбири

  • Кўрилди
    341
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+