Давлат органларининг фаолияти янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйилади

20.02.2024, 14:21

Давлат органларининг фаолияти янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйилади

Шу йил 19 феврал куни Президентимиз томонидан имзоланган қонун билан айрим қонун хужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган мутлақ ваколатларини ҳамда парламент назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни, қонунчилик таклифларини илгари суриш тартибини ва қонунларни қабул қилишнинг янги тартибини амалдаги қонунчиликда белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Конституциявий Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, Сенат аъзолари (сенаторлар) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — тўрт кишидан сайланади.

Сенатнинг тўққиз нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Президент томонидан тайинланади.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги Конституциявий Қонунига киритилган ўзгартиришга кўра, Қонунчилик палатасининг депутати бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Шунингдек, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Қонунчилик палатасининг Спикери бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, Депутатга ва сенаторга 36 иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган ҳар йилги меҳнат таътили берилади. ( бундан қонунчиликда кўпроқ муддатли таътил назарда тутилган ҳоллар мустасно)

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчага кўра, инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.

Умуман олганда ушбу қабул қилинган Қонун янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг сўзсиз ва тўлиқ амалга оширилишини, унда мустаҳкамланган устувор принципларнинг Янги Ўзбекистон ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқарилишини, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйилишини таъминлашга хизмат қилади.

Мавлуда Ибрагимова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    118
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+