Барқарорлик рейтинги фермер хўжаликлари фаолиятида қандай қўлланилади?

22.02.2024, 09:18

Барқарорлик рейтинги фермер хўжаликлари фаолиятида қандай қўлланилади?

“OʻzLiDeP PRESS KLUBI”нинг навбатдаги сессиясида яқинда амалиётга жорий қилинган тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини фермер хўжаликлари фаолиятида қўлланиши масалалари муҳокама қилинди.

Пресс-клубда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вазирлик ва идоралар, фермерлар, бухгалтерлар, ОАВ вакиллари, олимлар ҳамда партия фаоллари иштирок этди.

Президентимиз ташаббуси билан “Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ солиқларни ўз вақтида тўлаб, қонунчилик талабларига амал қилган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш ва уларни рағбатлантириш мақсадида тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий қилинди.

Жорий йилнинг 1 февралдан амалиётга киритилган ушбу тизимнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти кенг жамоатчилик орасида ҳамда турли тармоқлар вакиллари билан муҳокама қилинди.

Иқтисодиётнинг қишлоқ хўжалиги йўналиши ҳам муҳим тармоқ ҳисобланиб, 100 мингга яқин фермер хўжаликлари ҳам яратилган янги рейтинг тизимида иштирок этмоқда.

Қарорга кўра, юқори барқарорлик рейтингига кирувчи тадбиркорлик субъектларига турли ҳил имтиёз ва преференциялар тақдим этилиши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, мазкур қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёз ва преференциялар беришнинг янгиланган тартиби ишлаб чиқилиши лозимлиги белгиланган.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда кўплаб фермер хўжаликлари етиштирилган маҳсулотлар, ёқилғи-мойлаш материаллари, техника ва банк хизматлари бўйича дебитор-кредитор қарздорликлар сабабли солиқ қарздорлиги юзага келиши натижасида рейтинг баллари пасаймоқда.

Мазкур омиллар кўп ҳолларда фермерларнинг ўзларига боғлиқ мўлмасдан, кредиторларнинг молиявий аҳволи сабабли юзага келмоқда.

Ўтказилган мулоқотлар давомида рейтингда қониқарли ёки қуйи ўринни эгаллаган фермер хўжаликлари субсидиялар ва имтиёзлардан фойдаланиши чекланиши билан боғлиқ саволлар учрамоқда.

Бугунги кунда фермер, деҳқон ва томорқа ер эгаларига 51 турдаги субсидиялар берилиши назарда тутилган, жумладан ўз хўжаликларида сув тежовчи технологиялар жорий қилган фермер хўжаликлари учун харажатларнинг 50 фоизи қоплаб берилиши назарда тутилган.

Тадбир давомида мазкур саволлар соҳа мутасаддилари томонидан чуқур таҳлил қилиниб, батафсил тушунтиришлар берилди.

Тадбирда иштирок этган фермерлар томонидан ўз рейтинг кўрсаткичларини ошириш юзасидан ҳам тегишли тавсиялар олишди.

Пресс клуб давомида кун тартибидаги масала юзасидан вазирлик ва идоралар вакиллари, фермерлар ва депутатлар сўзга чиқиб, ўзларининг турли ҳил фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

Тадбир якунида O’zLiDeP депутатлари, вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда партия фаоллари билан биргаликда тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингида фермер хўжаликларининг юқори тоифада бўлишига кўмаклашиш, тушунтириш-тарғибот ишларини жадаллаштириш борасида таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳамда ҳамкорликда ишларни ташкил қилишга келишиб олинди.

 

  • Кўрилди
    215
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+