Болажонларнинг суннат тўйлари ўтказилди

20.03.2024, 19:21

Болажонларнинг суннат тўйлари ўтказилди

Давлатимиз раҳбарининг “2024 йилги Наврўз – умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги ҳамда “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорларида савоб ва хайрли ишларни янада такомиллаштириш мақсадида бир қатор вазифалар белгилаб берилган. Президентимизнинг ушбу қарорлари ижросини таъминлаш бўйича O‘zLiDeP Бухоро вилояти кенгаши, Осиё-Океания Кураш конфедерацияси президенти, партия фаоли Комилжон Рўзиев ҳамда вилоятдаги бир қатор саховатпеша тадбиркорлар ҳамкорликда савоб ва хайрли тадбир – 18 нафар болажоннинг суннат тўйини ўтказди. 

Бухоро шаҳридаги “Рудизар” тантаналар саройида партия вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари масъуллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари байрамона безатилган дастурхон атрофига тўпланиб, суннат тўйининг жажжи иштирокчиларини муборакбод этди. 

Тадбир давомида сўз олганлар юртимизда камхарж ва эҳтиёжманд оилалар ҳамда уларда ўсиб улғаяётган ёшларга эндиликда ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатилаётганлиги, бу ўз навбатида давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилгани, зотан “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳам бу борада устувор вазифалар мужассам эканлиги, қолаверса, шукуҳли байрам – Наврўзи олам кунларида бундай ибратли тадбирлар муҳимлигини таъкидлади. 

Тўй болаларга миллий ва халқона расм-русумларга биноан ярашиб тушган сарполар кийдирилиб, совға-саломлар улашилди. 

–Бугунги байрамона тадбир ташкилотчиларидан беҳад миннатдорман,– дейди Жондор туманидаги “Пўлоти” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи ака - ука Билолбек ҳамда Муҳаммаджон Ориповларнинг бобоси Олим Ҳалимов. –Келажакда жажжи фарзандларимнинг мустақил Ватанимизга муносиб кишилар бўлиб вояга етишларига чинданда ишонамиз. Чунки, бунинг учун юртимизда барча шароит яратиб берилган. Ўғил-қизларимизни ҳар қачонгидан кўра соғлом ва баркамол қилиб тарбиялашда биз ҳамиша масъулмиз. Наврўз айёми ва қутлуғ Рамазон ойи кунларида кўнгилларга ёруғ ва илиқ бир нур олиб кирувчи бундай ибратли тадбирлар бардавом бўлишига тилакдошман. Бунинг учун давлат раҳбарига миннатдорчилик билдираман. 

Безатилган дастурхон атрофида янграган куй-қўшиқлар, ижро этилган жозибали рақслар барчага хушнудлик бахш этди. 

Шу куни бу ерда муборак Рамазон ойи муносабати билан рўзадорлар учун ифторлик дастурхони ҳам ташкил этилди.  

  • Кўрилди
    121
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+