Хусусий тиббиёт муассасалари: Наманганда мутахассислар етишмаяптими?

27.03.2024, 12:15

Хусусий тиббиёт муассасалари: Наманганда мутахассислар етишмаяптими?

Мамлакатимизда хусусий тиббиёт муассасаларини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Натижада кейинги етти-саккиз йил ичида соғлиқни сақлаш соҳасида бизнес субъектларининг улуши сезиларли равишда ортди. Хўш, уларда меҳнат қилаётган кадрлар, айниқса, тор доирадаги мутхассислар замон талабига жавоб берадими? Ушбу саволларга Наманган вилояти мисолида жавоб излаб кўрамиз.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан тиббиёт тизимидаги хусусий сектор вакилларининг муаммоларини аниқлаш ва уларга амалий кўмак бериш мақсадида тузилган ишчи гуруҳлари тузилган эди. Қисқа вақт ичида мазкур ишчи гуруҳлар томонидан қатор ўрганишлар ўтказилди. Дастлабки таҳлилларга кўра, хусусий тиббиёт муассасаларида малакали кадрлар етишмовчилиги жиддий масала сифатида аниқланган ҳолатлар ичида алоҳида ўрин эгаллайди.

         – Наманган вилоятида фаолият кўрсатаётган 525 та хусусий тиббиёт муассасасида 2 минг нафар олий маълумотли шифокор ва 1200 нафар ўрта махсус маълумотли ҳамширалар хизмат қилиб келмоқда, – дейди Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати, ишчи гуруҳи аъзоси Наргиза Муҳаммадиева. – Танқидий ўрганишлар шуни кўрсатяптики, хусусий секторда мутахассислар етишмовчилиги қарийб 40 фоизни ташкил этади. Айниқса, гинеколог, физиотерапевт ва УЗИ мутахассисларига талаб жуда юқори.

Масалан, Уйчи туманидаги “Abdullo Ahror” медсервис хусусий корхонаси бошлиғи Аъзамжон Қозоқовнинг таъкидлашича, у раҳбарлик қилаётган клиникада инсульт бўлган беморларни реаблитация қилиш хизмати йўлга қўйилган. Лекин буни самарали ва сифатли тарзда ташкил этиш учун замонавий тиббиёт жиҳозлари ҳамда малакали мутахассислар етишмайди. Бошқа тиббиёт муассасалари вакиллари ҳам худди шундай фикрда.

O‘zLiDePнинг маҳаллий кенгашлардаги депутатларидан иборат ишчи гуруҳи оддий саволни ўртага қўйишди: малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондириш учун қандай чоралар кўриляпти?

Маълум қилишларича, малакали мутахасиссларга кучли эҳтиёж сезаётган бир нечта хусусий тиббиёт муассасалари мутасаддилари пойтахтимиз Тошкент ва қўшни Андижон вилоятидаги тиббиёт олий ўқув юртларига бориб, битирувчи курс талабалари билан учрашувлар ўтказишган, уларга ўз хусусий клиникаларида яратилган шароитлар, имкониятлар ва имтиёзлар ҳақида маълумотлар беришган. Натижада битирувчи талабалар орасидан Намангандаги хусусий тиббиёт муассасаларига ишга бориш истагини билдирганлар рўйхати тузилган.

Шунингдек, ишчи гуруҳ хусусий сектор бош шифокорлари билан ўтказилган мулоқотларда хорижга малака оширишга юбориш тартиби ҳақида ҳам улардан турли йўсиндаги таклифларни эшитди. Яъни, давлатга қарашли тиббиёт муассасалари мутахассислари бюджет маблағлари ҳисобидан, хусусий клиника вакиллари эса ўз ёнларидан малака оширади. Бу эса эндигина оёққа туриб келаётган хусусий муассасалар учун бир оз иқтисодий қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Шунинг учун ҳозирги шаклланиш жараёнида уларни иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича қонуний асосда имтиёзлар яратиш ҳақида ҳам ўйлаш лозимлиги таъкидланди.

Хулоса шуки, тиббиёт тизимида хусусий муассасаларнинг кўпайиб бораётганлиги, албатта қувончли ҳол. Лекин уларда бугун малакали мутахассисларга бўлган талаб ва эҳтиёжнинг юқори даражада эканлиги қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Яна бир жиҳати, яширишга не ҳожат, хусусий клиникаларда ишлаётган шифокорларнинг аксарияти ҳам давлат, ҳам бу тизимда фаолият юритмоқда. Бу, истаймизми йўқми, тиббий хизмат сифатига салбий таъсир этмасдан қолмайди. Шунинг учун мамлакатимиздаги ихтисослашган олий ўқув юртларида, техникумларда бу тармоқ муассасалари учун эҳтиёж юқори бўлган малакали мутахассислар тайёрланишини ҳам ҳисобга олиш, ходимлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, бунда илғор халқаро тажрибага мувофиқ ўқув жараёнига янги таълим, тиббиёт ва ахборот технологиялари ҳамда усулларини кенг кўламда жорий этиш, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Россия, Германия ва бошқа мамлакатларнинг етакчи тиббиёт марказлари ва клиникалари билан ҳамкорликда йирик даволаш-диагностика муассасалари ходимларининг малакасини оширишни тизимли йўлга қўйиш лозим.

Комилжон ФАЙЗИЕВ,

O‘zLiDeP Наманган вилояти Кенгаши фаоли

  • Кўрилди
    96
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+