Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари халқ манфаатлари йўлида

20.04.2024, 12:06

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари халқ манфаатлари йўлида

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш,  савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш,  минтақалараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш жараёнлари билан ажралиб туради. Бизнингча, Марказий Осиёда  манфаатларни  илгари суриш ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича  саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида минтақалараро ва халқаро майдонларда конструктив ҳамкорликни давом эттиришга бўлган икки томононинг  ҳам интилиши юқори даражада эканлиги жуда муҳим. Ташқи сиёсий муносабатларнинг ушбу омиллари Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  18  апрель куни Душанбе шаҳрига давлат ташрифи чоғида ўз тасдиғини топди.

Ташриф давомида Президентларнинг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсати туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва дўстона алоқалар  янги босқичга кўтарилди. Хусусан,  ташриф доирасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги тарихий шартноманинг имзоланиши Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларининг  сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини билдиради. Айни дамда, бизнингча, ушбу Шартноманинг имзоланиши иттифоқчилик муносабатларини амалга ошириш доирасида барча даражадаги алоқаларнинг натижакорлигини ошириш учун белги бўлишига эришиш муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги кунда товар айирбошлаш ҳажми 40 баробар ўсди. Қўшма корхоналар сони 15 баробар кўпайди. Хусусан, ўтган 2023 йилда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2022 йилга нисбатан 11, фоизга ўсиб, 756,8 млн. долларни ташкил этди, жумладан экспорт ҳажми 15,9 фоизга ўсиб, 605,0 млн. долларни ташкил этди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги икки томонлама савдо Ҳукуматлараро эркин савдо битимига мувофиқ, эркин савдо режимида амалга оширилмоқда.

Ўзбекистоннинг Тожикистонга асосий экспорт товарлари қуйидагича: саноат товарлари – 153,7 млн., кимё маҳсулотлари – 90,0 млн., ёқилғи, мойлаш материаллари ва шунга ўхшаш маҳсулотлар – 74,5 млн., озиқ-овқат маҳсулотлари – 51,9 млн., машина ва ускуналар – 45,6 млн., тайёр буюмлар – 35,6 млн., ноозиқ-овқат хомашёлар – 5,6 млн., хизматлар – 111,8 млн.  АҚШ доллари.

  Тожикистон Ўзбекистондан  қуйидаги маҳсулотларни импорт қилади: саноат товарлари – 56,5 млн., ноозиқ-овқат хомашёлар – 47,6 млн., ёқилғи, мойлаш материаллар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар – 19,7 млн., озиқ-овқат маҳсулотлари – 4,7 млн.; кимё маҳсулотлари – 3,3 млн.; машина ва ускуналар – 3 млн., тайёр буюмлар – 1,3 млн., хизматлар – 5,4 млн. АҚШ доллари.

Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги тарихий шартноманинг  имзоланиши мамлакатларимиз зиммасига алоҳида мажбуриятларни юклайди, деб ҳисоблаймиз. Хусусан, ҳукуматлар олдига товар айирбошлашни 2 миллиард долларга етказиш, шу жумладан, ўзаро маҳсулот етказиб бериш номенклатурасини кенгайтириш, чегараолди савдо зоналарини тезкор ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Ташриф арафасида Ўзбекистон – Тожикистон бизнес-форуми муваффақиятли ўтказилган бўлиб, унинг якунида янги кооперация лойиҳалари ва савдо шартномаларининг катта портфели шакллантирилди.

Машинасозлик, электротехника, энергетика, кончилик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларидаги ўзаро манфаатли лойиҳалар шулар жумласидан.

Ташриф доирасида сувдан фойдаланиш масалаларида конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.

Президентимиз ҳудудлараро ҳамкорлик учун катта салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ташриф доирасида эришилган битим ва келишувларни тўлиқ амалга ошириш муҳимлигини қайд этди.

Транспорт ва транзит ташишлар соҳасидаги ҳамкорлик стратегик йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди. Президентлар бу борада ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш ҳамда ҳаво ва темир йўллари орқали ташишларни ривожлантириш, транзит юк ташишлар ҳажмини ошириш учун қулай шароитлар яратишни қўллаб-қувватладилар.

Умуман, Ўзбекистон Президентининг  Тожикистонга  давлат ташрифи Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилиш имконини берди.

Ташриф давомида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг деярли барча йўналишларини қамраб олувчи 28 та ҳужжат имзоланди.

 Кенг кўламли ҳамкорликни  янада ривожлантириш учун ҳали ишга солинмаган улкан салоҳият ва катта имкониятлар  чегаралари белгилаб олинди. Бунда мамлакатлар парламентлари даражасида алоқалар самарадорлигини ошириш  муҳимлиги алоҳида ўрин тутади. Бу чуқур саноат кооперациясини рағбатлантириш учун энергетика, электротехника, металлургия, қазиб чиқариш, тўқимачилик, фармацевтика, агросаноат ва бошқа тармоқларда муҳим лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш  учун қулай ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга тааллуқлидир.

Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари,

Партиянинг Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    173
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+