Депутатлар мирзачўллик сайловчилар билан учрашди

18.04.2024, 11:57

Депутатлар мирзачўллик сайловчилар билан учрашди

Аввал хабар берганимиздек,  айни кунларда Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида бўлиб, аҳоли билан учрашувлар ўтказмоқдалар. Шунингдек, корхона ва муассасаларда, маҳалларда бўлиб, аҳоли ҳамда электорат вакиллари билан мулоқотда бўляптилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O’zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов бошчилигидаги депутатлардан иборат ишчи гуруҳ аъзолари Жиззах вилояти Мирзачўл туманига ташриф буюрдилар.

Ишчи гуруҳ аъзолари дастлаб, туман ҳокимлиги мутасаддилари, маҳаллий кенгаш депутатлари билан биргаликда йиғилишиб, тумандаги ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан фикр алмашдилар ҳамда ташриф давомидаги ўзаро ҳамкорлик чора-тадбирларини белгилаб олдилар.

          Йиғилишдан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари, маҳаллий ҳокимият ва мутасадди ташкилот вакиллари билан биргаликда тумандаги “KAMELS CATTLE” кўп тармоқли фермер хўжалиги даласида аграр соҳа ходимлари билан мулоқотда бўлдилар. Мазкур фермер хўжалиги пахта, ғалла, чорва ва полиз маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган бўлиб, айни кунда бу ерда 10 нафар доимий ва 30 нафар мавсумий иш ўринлари яратилган. Фермер хўжалиги аъзолари ўтган йили 50 минг долларлик полиз маҳсулотларини экспорт қилишди. Айни пайтда хўжаликда чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Фермер хўжалиги дала шийпонида бўлиб ўтган мулоқот чоғида электорат вакилларига Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонунлар, жумладан,  ер участкаларига бўлган мулк ва ижара ҳуқуқини эътироф этишга қаратилган қонуннинг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтириб берилди. Жумладан, қонун билан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишнинг аниқ тартиби белгиланаётгани таъкидланди.

Мулоқотлар чоғида Мирзачўлда “Сайхунобод тажрибаси”ни оммалаштиришга қаратилган фикр ва мулоҳазалар билдириб ўтилди, ўринли таклифлар ўртага ташланди.

Ўз навбатида мирзачўллик аграр соҳа ходимлари ҳам ўзларини ўйлантираётган масалалар юзасидан халқ ноибларига тўғридан - тўғри мурожаат қилиш, барча саволларига батафсил жавоб олиш  имкониятига эга бўлишди.

Ишчи гуруҳ аъзолари ташриф буюрган кейинги манзил - “FAXR MUMIN” TEKSTILE корхонаси бўлди. 2021 йилда ишга тушган мазкур корхонада айни пайтда 130 нафар киши доимий иш билан таъминланган. Уларнинг аксариятини хотин-қизлар ташкил қилади.

Мазкур корхонада ҳам халқ ноиблари мирзачўллик чеварлар билан яқиндан мулоқотда бўлдилар, уларнинг меҳнат қилишлари учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Ўзаро мулоқотлар чоғида уларга ҳам кун тартибидаги мапсалалар юзасидан атрофлича тушунтиришлар бериб ўтилди.

          Эътиборли томони, мазкур ўрганишлар, турли соҳа ходимлари билан яқиндан қилинаётган мулоқотлар чоғида аниқланган муаммо ва камчиликлар мутасаддилар кўмагида жойида ҳал қилинмоқда.

O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

 

   

  • Кўрилди
    132
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+