Тоза ҳудуд муаммоси: сусткашлик ҳам эви билан-да!

12.07.2018, 17:08

Тоза ҳудуд муаммоси:  сусткашлик ҳам эви билан-да!

Ҳаво ҳароратининг кундан кун кўтарилаётгани аҳоли саломатлигига ҳам салбий таъсир этиши сир эмас. Бунга бир қатор омиллар қатори чиқинди масаласи ҳам сабаб бўлиши кўпчиликка аён. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз: бир кунда, айтайлик, бир ҳафтада уйимизда қанча чиқинди тўпланади (агар чиқиндихонага олиб бориб ташламасак)?  Кўчалар, айниқса, кўп қаватли уйлар атрофида махсус чиқиндихоналар қурилган. Бироқ айнан яшаш манзилларга яқин жойларда турли синтетик  идишлар, елим халталардаги ахлат уюмига кўзимиз тушади, ачинарлиси, бу ҳолатга кўзимиз ҳам, ўзимиз ҳам кўникиб бўлганмиз! Улар ёқимсиз ҳид тарқатиб, ҳашарот ва кемирувчилар маконига айланяпти.

Тўғри, бу масалада гаплашиш кимгадир ёқмайди, аммо барчамиз ҳам саломатликни даъво қилувчилармиз. Демак, мазкур муаммо таҳлили ҳаммага керак. Дахлдор идоралар муносабати биринчи қадам бўлиши зарур. Андижон вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат бошқармаси ҳузуридаги “Тоза ҳудуд” унитар корхонасининг шаҳар ва туманлар филиаллари тасарруфида 1 миллион 120 минг аҳолига хизмат кўрсатадиган махсус техникалари мавжуд. Хонадонларда яшаётган 426 минг 707 нафар фуқаро (яшовчиларнинг 40 фоизи, холос) билан шу йилнинг февраль ойига қадар шартнома тузилган. Керакли ташкилотлар ҳамкорлигида тузилган ишчи гуруҳ барча зарурий чора тадбирларни ишлаб чиқди. Бекитиш керак эмас: абонентлар қамрови бўйича Шаҳрихон, Олтинкўл, Пахтаобод туманларида сусткашлик ҳамон давом этмоқда.

Жорий йилда Андижон вилояти “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасининг шаҳар ва туман филиаллари томонидан мавжуд махсус техникалар қувватидан келиб чиқиб, 1 миллион 120 минг нафар аҳоли билан шартнома тузиш режалаштирилган бўлиб, айни кунга қадар режани бажариш фоизлари паст. Энг ачинарлиси, вилоят абонентлар қамрови бўйича республика миқёсида сўнгги ўринда тургани ўрганишлар давомида юзага қалқиб чиқди.

Шу ўринда бир янгиликни айтиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Президентимизнинг 2017 йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Фарғона водийсида чиқиндиларни комплекс бошқариш кластери ташкил этиш” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа асосида Баҳрайннинг “Man Capita” компанияси билан ҳамкорликда водий вилоятларида чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган 96 миллион доллар қийматга эга корхона барпо этилиши кўзда тутилган. У ишга тушса, чиқиндиларни йиғиш тизими автоматлаштирилади, муҳими, икки минг нафарга яқин ишсизлар бандлиги таъминланади. Бунда яна бир долзарб жиҳат: маиший чиқиндилар тўлиқ қайта ишланади. Масалан, шиша, қоғоз, пластмасса, синтетик тола, қурилиш материллари сингари...

“Тоза ҳудуд” унитар корхонаси масъул ходими Дилшодбек Холиқулов билан мавзу юзасидан суҳбатлашдик:

­– Аҳоли пунктларини автоматлаштирилган контейнерлар билан таъминлаш кўзда тутиляпти. Хусусан, GPS тармоғига уланган контейнерлар ишга тушгач, чиқиндилар ўз вақтида ташиб кетилади. Маҳаллий ҳокимликлар, ташкилот ва идоралар раҳбарлари, жамоатчилик томонидан янги корхона фаолият бошлагунга қадар амалга ошириладиган вазифалар кўндаланг турибди. 

Масъул ходим ҳақ. Бу борада маҳаллий раҳбарлар ҳамкорлиги жуда зарур. Масалан, биргина Андижон шаҳрини таҳлил қилайлик. Шаҳардаги ташкилот, муассаса, идора, қўйингки, хиёбонлар атрофида қанча маиший чиқинди ўринлари бор? Пиёдалар йўлаклари четига ахлат қутилари етарлича ўрнатилганми? Дадил туриб “албатта” дейишга ожизмиз. Аслида бекатларда, гулдор панжаралар билан тўсилаётган йўлакларга ҳам ихчам, қулай қутилар ўрнатиш жуда зарур.

Масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қаратиш жоиз. Андижонда санитар тозалаш соҳасида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда муаммолар ҳам етарлича топилади. Жумладан, бугунги кунда “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ва унинг 15 та шаҳар ва туман филиаллари фаолият юритаётган бўлиб, шундан фақат 11 та филиалгагина бино ва ер майдони ажратилган. Қолган 4 та туман филиаллари учун бино ажратиш масаласи очиқ қолмоқда.

“Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасининг ишлаб топган даромадлари ҳисобидан 2018 йил режасига вилоят бўйича 26 та 80 кв. метрли чиқинди йиғиш майдончалари (лойиҳа қиймати 57 миллион сўмдан) қуриш, 104 та контейнер сотиб олиш (ҳар бири 1 миллион сўмдан) ишлари аста-секинлик билан амалга оширилмоқда. Туман ҳокимликларининг таклифлари асосида жами 26 та намунавий 80 метр квадратлик чиқинди йиғиш майдончаси қуриш жойлари учун айни кунгача Қўрғонтепа, Олтинкўл, Пахтаобод туманларида ер майдонлари ажратиш қарорлари чиқарилган. Қолган туманларда эса бу борада ҳанузгача лоқайдлик ҳукмрон. Бундан қолган туманлар чиқинди балосидан йироқми ёки инсон саломатлиги мутасаддиларни қизиқтирмайдими, деган савол келиб чиқиши табиий.

Мулоҳазалар муаммолар эшиги учун калит. Қарс аслида икки қўлдан чиқади. Бу ерда аҳолида ҳам, соҳага дахлдор мансабдорларда ҳам масъулият етишмайди. Аҳолининг экологик маданияти вилоятда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар баробарида ҳам шаклланишини унутмаслигимиз керак. Тўғри-да, музқаймоқ, конфет, ширинлик қоғози, писта пўчоғи учун атрофда чиқинди қутиси бўлмагач, йўлак четига ёки яқинроқдаги ариққа осонлик билан улоқтирилади.

Келинг, мавзу доирасида жаҳонга нигоҳ ташлайлик. Германияда чиқиндиларни аралаштириб, тартибсиз ташлаш мумкин эмас, бундай фуқаро жаримага тортилади. Голландияда чиқиндиларни алоҳида йиғувчи одамларга коммунал тўловларда имтиёзлар белгиланган. Сингапурда атроф муҳитни ифлослантирганлар қамоқ жазосигача тортилади. Швейцарияликлар  машина ойнасидан сигарет қолдиғини улоқтириб кўрсин-чи, ўша заҳоти “чиқинди полицияси” томонидан судга тортилади. Мана, сизга дунё мамлакатларида тозаликка муносабат! Биз ҳали бундай даражага етишимиз учун, аввало, маҳаллий ҳокимиятларнинг ёндашувини ўзгартиришимиз, аҳолига талабни қўйишдан олдин шарт-шароитни ҳам яратиб беришимиз лозим.

Зилола РАҲМОНОВА,

“XXI asr” мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2289
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Нилуфар2021-10-01 12:52:33

Хаттоки дукда ишлаган ходим,кракашлик килиб иш вактида уз ишини килиб юрибди Алимент тулагиси келмай,шу ишга номини ёзиб юрганлар хам бор. 6 ойдан бери алимент ололмасдан биз хам юрибмиз


Sanjar2020-08-14 21:46:23

Qarshi tuman toza hudud ishchilariga vaqtida oylik berilmaydi utkan safar ham shu muammoda murojat qilgandim lekin inobatga olinmadi


Sanjar2020-07-24 22:40:56

Nazoratchilarni oyligi nima uchun vaqtida berilmaydi


E'zozaxon2020-05-21 12:03:58

Bizning ham yashash xududimizda shunga o'xshash holatlar yo'q emas. Ayanchli va achinarlisi Covid-19 pandemiyasi va havo haroratining isishi natijasida turli xildagi infeksiya tashuvchi hasharotlar va pashshalar uya qurmoqda.


Абдуллаев Дониёр2018-07-12 19:14:05

Ҳақиқатда долзарб мавзуни ёритиб бердингиз. Бу каби муаммолар нафақат Андижон вилоятида балки, бутун Республикада мавжуд. Ушбу муаммоларни мухтарам президентимиз айтганларидек хусусий тадбиркорларга ўтказиш зарур сабаби тадбиркор керак бўлса кредит олиб қилиши, қарз олиб қилиши, мол-мулкини сотиб бўлса ҳам ишни бажаради, лекин жойлардаги мутассади рахбарларнинг сусткашлиги оқибатида тадбиркорлар ҳам сарсон. Масалан ўзим тадбиркорман қўлимда 15 миллион АҚШ доллори қийматидаги лойиха бор. Ҳокимятга, экологияга топширдим бирон натижа йўқ кутиб кутиб интернет тармоғига жойлаштирдим. Беллоруссия республикасининг Сифания Эко-Техника компаниясидан хат келди мен билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдиришган. Ҳокимятдан халигача жавоб кутяпмиз Белларуссиялик инвестерга жавоб қила олмаяпмиз. Бунисига нима дейсиз


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+