Сурхондарёликлар даромади томорқадан. Аммо...

31.03.2019, 11:17

Сурхондарёликлар даромади томорқадан. Аммо...

Сурхондарё вилояти Ангор туманида томорқасидан самарали фойдаланиб, пешона тери эвазига осойишта турмуш кечираётган оилалар кўп. Уларнинг ўз ҳовлисида иссиқхона ташкил этиб, қишин-ёзин бодринг, помидор, турли кўкатлар етиштираётганига ҳавасинг келади. 

Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, шундай оилалар борки, қишлоқда яшаса-да ердан унумли фойдаланишни билмайди. Сув тақчил деган баҳонаю важлар билан томорқага экин-текин қилмайди. Рўзғор учун керакли маҳсулотларни эса бозордан сотиб олишади. Сабабини сўрасангиз, “томорқада ишлашга бўш вақтим йўқ” ёки “иссиқхона ташкил этишга шароитимиз йўқ” деган гап-сўзларни эшитасиз.

“Тўғри, бугун қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи оилалар томорқадан самарали фойдаланиб, яхши даромад оляпти. Бироқ бу имкониятдан барча бирдек фойдаланаётгани йўқ. Аввали ҳаммага инсоф берсин. Экадиган одам шундоқ ҳам экади. Экмайдиганга эса минг уринганингиз билан фойдаси йўқ. Аммо партиямиз томонидан тажрибали томорқачилар хонадонида ташкил этилаётган мулоқотлар натижасида бундай фуқаролар фикридан қайтмоқда”, – дейди O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши бўлим мудири Матлуба Джўраева.

Аслида томорқага экин экиш бўйича бировга нимадир ўргатиш шарт эмасдир. Лекин партия тарғиботидан асосий мақсад аҳолини, айниқса ишсиз ёшларни, хотин-қизларни бандлигини таъминлашдир. 

“Ҳақиқатдан гап даромадда эмас, асосий мақсад фарзанларимизда ердан оқилона фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, деҳқончиликка қизиқишларини ошириш. Шу боис, тижорат банкидан 27 млн. сўмлик кредит олиб 4 сотих майдонда иссиқхона ташкил этдик. Ҳозирда лимон кўчатларини экиб, парвариш қиляпмиз. Лимонлар пишиб етилиши билан бир йилги даромадимиздан кредит маблағини қоплаш ниятидамиз”, – дейди тумандаги “Улуғбек” маҳалласида яшовчи Дилбар Нурбоева.  

Дарвоқе, Музработ туманида ҳам тажрибали томорқачилар кўпчиликни ташкил этади. Қўшни-қўшнидан ибрат олади деганларидек, ҳудудда асосий даромадини томорқадан топадиганлар кўпайиб бормоқда.

O‘zLiDeP Музработ туман Кенгаши аппарат раҳбари Ш.Абиловнинг сўзларига кўра, ҳозирда ҳудудда тарғибот ишлари янада кучайтирилган. Ҳатто икки сотих ер майдони бўлганлар билан ҳам суҳбат ўтказилмоқда.

“Бир ойдирки, маҳаллий кенгаш депутатлари билан биргаликда уйма-уй, хонадонма-хонадон юриб, мулоқот қилиш асносида уларнинг тадбиркорликка қизиқишини ўрганяпмиз. Шундан келиб чиқиб хонадонларни икки тоифага ажратиб олдик. Биринчиси, ўз томорқасидан оқилона фойдаланиб яхши ҳосил оладиган оилалар, иккинчиси эса ўз имконияти даражасида фойдаланиб келаётганлар хонадонларга ажратилди. Суҳбат ва мулоқотлар чоғида фуқароларга ердан самарали фойдаланиш, иссиқхона ташкил этиш бўйича керакли тавсиялар, маслаҳатлар беряпмиз”, – дейди Ш.Абилов.  

Хуллас, бугун вилоятда ҳамма иш билан банд. Аслида ҳам ерга қарайман, ундан ҳосил оламан, деган киши тиним билмаслиги керак.

 O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1411
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Умидахон Исаева. Андижон вилоят кенгаши Аёллар қаноти бўлим мудири2019-04-02 13:47:21

Томорқа -даромад манбаи мавзусидаги томорқачилик бўйича хонадонларга кирилганида хеч бир оила бу масалада бефарқ эмаслиги бизни қувонтирмоқда.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+