Тадбиркорлик фаолияти эркинликлари янада ошмоқда

12.04.2019, 19:42

Тадбиркорлик фаолияти эркинликлари янада ошмоқда

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик, кичик бизнесни ривожлантириш учун кенг имкониятлар ва қулай шарт-шароитлар яратилди. Натижада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56,5 фоизга етди. Бу соҳада иш билан банд аҳолининг 78 фоизи меҳнат қилмоқда ва улар мамлакатимизнинг гуллаб-яшнаши учун муносиб ҳисса қўшмоқда.

Президентимизнинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилиб қабул қилинаётган бир қатор фармон ва қарорлари бу борадаги кенг кўламли ишларни сифат жиҳатидан янги даражага кўтараётгани шубҳасиздир.

Хусусан, “кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик”ни энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида мустаҳкамлайди.

Мазкур соҳадаги ҳуқуқий ҳужжатлар бизнес юритиш тартиби, ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш, давлат органлари, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалар билан ўзаро муносабатлардан тортиб тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, жавобгарлигини эркинлаштириш каби тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг деярли барча жиҳатларини қамраб олган.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашишдан ишончли ҳуқуқий кафолатларни таъминлашга йўналтирилган давлат назоратининг принципиал жиҳатдан янги бир қатор механизмлари белгиланди. Жумладан, бир қатор илгари қўлланилмаган чоралар жорий этилди.

Жумладан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинди, фақат юридик шахснинг тугатилиши билан боғлиқ текширишлар, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарорига мувофиқ қисқа муддатли текширувлар ўтказилиши мумкин ва текшириш муддати бир иш куни билан чекланди.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинди. Шундай қилиб, назорат қилувчи органлар эндиликда режадан ташқари текширишлар ўтказишни ташкил қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Шу билан бирга, маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш йўлини давом эттириб, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимларини ҳамда тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказмасдан амалга ошираётган шахсларни, улар томонидан етказилган зарарни қоплаган ва ҳуқуқбузилиши оқибатларини белгиланган муддатларда ихтиёрий бартараф этган тақдирда, жавобгарликнинг барча турларидан озод қилиш каби тубдан янги чоралар жорий этилди.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўллаш тақиқланди. Муҳим янгиликлардан бири – бу Олий Мажлис ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти ташкил этилди.

Белгиланган чора-тадбирлар асосида коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, давлат ва бизнеснинг ўзаро ҳамкорлигидаги маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, давлат ресурсларидан фойдаланишнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш доирасида умумий эътироф этилган халқаро стандартлар асосида ва қонунчиликни янада либераллаштириш мақсадида бир қатор қонунлар, шу жумладан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги янги қонунлар қабул қилинди. Амалдаги “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонунга, Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Солиқ кодексига, Жиноят-процессуал кодексига ва бир қанча бошқа қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Шу билан бирга бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги янги қонунга фракциямиз аъзолари Ш.Шарафутдинов ва Б.Артиковлар масъул этиб белгиланиб, қуйи палатада қабул қилиниши устида қизғин ишлар олиб борилмоқда.

Бундай чора-тадбирларнинг амалга оширилиши тадбиркорлик субъектлари фаолиятига, шу жумладан, жиноят ишлари доирасида тергов қилишни амалга оширишда ноқонуний аралишиш имконини берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга кўмаклашиши билан бир қаторда, хўжалик судлари тизимига суд мажлисларини аудио ва видео қайд этиш механизмларини жорий этиш, қабул қилинган қарорларни веб-сайтларда эълон қилиниш ва бошқа бир қатор қулайликлар жорий этилди.

“Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш доирасида давлат органлари фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларини жадал ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ваколатли органлар билан ўзаро ҳамкорлигининг бевосита мулоқот қилмайдиган шаклларини кенгайтириш бўйича комплекс тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари марказлари орқали “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхати сезиларли кенгайтирилди ва ҳозирги кунда ушбу марказларда 100 тагача хизмат турлари амалга оширилмоқда.

Қолаверса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, фракциямиз аъзолари томонидан илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, техник талаблар (санитария, экология, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, ёнғин хавфсизлиги қоидалари, стандартлаштириш ва бошқалар) каби махсус норматив ҳужжатларни, самарасиз, эскирган ва бозор механизмларининг ўрнини эгаллаб олган нормаларни бекор қилиш юзасидан танқидий қайта кўриб чиқилмоқда.

Таъкидлаш керак, соҳага оид қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг амалга оширилиши мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг асосий омили сифатида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги маъмурий ғовлар ва сунъий тўсиқларни бартараф этиш ва иқтисодиётимизнинг янада жадаллик билан ривожланишига асос бўлиши шубҳасиз.

Шухрат ШАРАФУТДИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги O‘zLiDeP

фракцияси раҳбари ўринбосари

  • Кўрилди
    1884
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+