Аёл ишбилармон бўлса....

03.05.2019, 15:20

Аёл  ишбилармон бўлса....

O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” томонидан ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Боёвут туман босқичи бўлиб ўтди. Унда иштирок этган 20 нафардан зиёд хотин-қизлар ўзларининг ташаббускор, тадбиркор, ишбилармонликларини намойиш этишди.

Туманнинг “Беруний”   маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат  қилаётган Лобар Каримова оддий баклажкалардан ясаган қўғирчоқлар кўргазмаси танлов иштирокчиларининг қизиқишларига сабаб бўлди. Матоларнинг қийқимларидан тикилган, тўқилган либослар кийдирилган  от  устидаги чавандоз, айиқча, кучукча, турли хил уй ва ёввойи  ҳайвонлар, қўғирчоқларни кўрганлар  ёш қизнинг санъатига тан беришди.

- Ўн йилдан буён халқ ҳунармандчилиги билан шуғулланаман, - дейди Лобар Каримова. - Бу маҳсулотларни асосан болалар боғчаларининг буюртмалари асосида тайёрлайман.  Оиламиз аъзоларига қишлоқ аҳолисидан тушган келин сеплари – кўрпа тўшаклари, либосларини тикиб беришда кўмаклашаман. Тикувчиликни онамдан ўргандим. Бугунги кунда ўрганган ҳунаримни такомиллаштириб, замонавийлаштириб бораяпман.

Нигора Оқжигитова Боёвут касб-ҳунар коллежида ўқувчиларга меҳнат таълими бўйича сабоқ беради. У бўш вақтларида замонавий элита пардалари, ўқувчилар формаси ва пальтолар тикади. Мунчоқлардан фойдланиб тиккан халқ ҳунармандчилиги ишлари ҳам таҳсинга лойиқ. Айни дамда у коллежда ўқийдиган 30 нафар қизларга тикувчилик сир-асрорларини ўргатаяпти.  Уйида 3 та тикув машинаси бор. 18  ёшидан буён тикувчилик касбини эъзозлаб келаётган Нигоранинг шогирдлари ўз таъбири билан айтганда сон-саноқсиз.

Гулчеҳра Қаршибоева “Болғали қилич” кўп тармоқли фермер хўжалигининг раиси. 2006 йилда ишни пахта ва ғалла етиштиришдан бошлаган фермер аёл хўжаликни кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантирди. Чорвачилик, боғдорчилик, пахтачилик, соячилик билан шуғулланаётган фермер яқинда “Агробанк” туман филиалидан 80 миллион сўм миқдорида кредит олиб, туяқуш боқишни йўлга қўйди.

“Лайлаккўл” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи якка тадбиркор тиккан қишки аёллар, эркаклар ва болалар курткалари, мактаб формалари, замонавий либосларни чет элда тикилаётган кийим-бошлардан ажратиш қийин. Маҳорат билан тикилган бу либосларга шу ернинг ўзидаёқ харидорлар топила қолди.

Ҳайъат аъзолари туман тадбиркорларининг ташкил қилган кўргазмаларини кўздан кечириб, уларни холисона баҳолаб чиқишга ҳаракат қилишди. Якуний баҳога кўра “Болғали қилич” кўп тармоқли фермер хўжалиги раиси Гулчеҳра Қаршибоева кўрик-танлов ғолиби деб топилди. Якка тадбиркор Гўзал Бойзоқова иккинчи ўринга, ҳунарманд қиз Лобар Каримова учинчи ўринга муносиб кўрилди. Ўн нафарга яқин тадбиркор аёллар тадбир ташкилотчиларининг турли номинацияларга сазовор бўлишди.

Сабоҳат БАБАЕВА,

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят

Кенгаши бўлим мудири

  • Кўрилди
    170
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+