Қоратепалик Матлуба опа томорқасидан ҳар йили 30 миллион сўм даромад қилмоқда

09.04.2024, 19:43

Қоратепалик Матлуба опа томорқасидан ҳар йили 30 миллион сўм даромад қилмоқда

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” гуруҳи ҳамда Қарши туман кенгаши ҳамкорлигида тумандаги Қоратепа маҳалласида “Намунали томорқачи аёл - фаровонлик бунёдкори” лойиҳаси доирасида ишсиз хотин-қизлар иштирокида маҳорат дарси ташкил қилинди.

Дастлаб оилавий тадбиркор Матлуба Қодированинг хонадонида ташкил этилган иссиқхона фаолияти билан танишилди. Томорқа эгаси маҳалладош хотин-қизларга ўзининг тажрибаси ҳақида батафсил сўзлаб берди. 4 сотихлик ерда 6 киши иш билан таъминланган экан. Турмуш ўртоғи Бахтиёр Аннаев, ўғли Нодир ва келини билан йил давомида иссиқхонада маҳсулот етиштириш билан шуғулланишиб, 20-30 миллион атрофида даромад қилишар экан.

- Иш бошлаганимизда иссиқхонани қандай иситамиз, экинларни нима билан суғорамиз деб роса ташвишга тушдик, -дейди хонадон соҳибаси Матлуба опа. – Қилган харажатимизга куйиб қолмасмикинмиз деган хавотирда эдик. Ўғлим бир машина қувур олиб келиб, сабзавотларни томчилатиб суғоришни йўлга қўйди. Газ йўқ, кўмир танқис бўлгани учун қишга кўпроқ мол гунгидан чалма тайёрлаб, печларга ёқа бошладик. Дастлабки йили бироз қийин бўлди. Кейинчалик тажрибамизни маҳалладошлар ўрганиб, плёнка остида қиш ойларида ҳам кўкат ва сабзавот етиштиришни бошлаб юборишди. Ҳозир бодринг тайёр бўлди. Бозорга чиқараяпмиз. Ҳадемай помидор ҳам пишиб қолади.  Имкон қадар ерни бўш қўймасликка ҳаракат қиламиз. Очиғини айтсам, шу иссиқхонани ташкил этганимиздан сўнг рўзғоримизга барака кирди. Тўйлар қилдик, иморатлар кўтардик. Бараканинг бари томорқада экан.  

Вилоят кенгаши раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари, вилоят кенгаши депутати Исмигул Хушмуродова, Қоратепа маҳалласи хотин-қизлар фаоли Ҳилола Ўроқова ҳамда туман кенгаши “Аёллар қаноти” фаоллари ҳамда ишсиз хотин-қизлар иштирокидаги тадбирда томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, иссиқхонада помидор бодринг, цитрус мевалар етиштириш, томчилатиб суғориш технологиясини йўлга қўйиш,  хотин-қизларни тадбиркорликка йўналтириш борасидаги партиявий лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. 

  • Кўрилди
    208
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+