Қашқадарёда “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг туман, шаҳар босқичлари бўлиб ўтди

10.05.2019, 16:09

Қашқадарёда “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг туман, шаҳар босқичлари бўлиб ўтди

O`zLiDeP аёллар билан ишлаш бўлими томонидан ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови мамлакат иқтисодини юксалтириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни замонавийлаштиришга муносиб ҳисса кўшиб келаётган хотин-қизларни кашф этмоқда. Ўтган йилларда танловда иштирок этиб, тадбиркорлик кўникмасини оширган юзлаб қашқадарёлик хотин-қизлар таниқли тадбиркор ва фермерлар сафидан ўрин олиб улгуришди.

Кўрик-танловнинг Яккабоғ туман босқичида ғолибликни қўлга киритган Шоира Ҳайдарова тадбиркорликни тикувчиликдан бошлаган. Икки шогирди билан маҳалладошларига кийим-кечак тикиб берар эди. Кейинчалик кредит эвазига тикув машиналари сотиб олиб, цех ташкил қилди, гўзаллик салонини ишга туширди. Новвойхона ва тўйхона очди. Савдо-сотиқни ҳам ривожлантириб, олган даромадини каттароқ лойиҳага сарфлаш мақсадида тинимсиз изланди. Банкдан молиявий кўмак олгач, вилоят марказида кардиология маркази ва маҳалласида мактабгача таълим муассасаси қурди.

Айни пайтда унинг “Шоира Шукуровна” хусусий корхонасида 45 нафар ёш иш билан таъминланган. Танловда яккабоғлик ишбилармон аёллардан “Турдиев Достон Ғайратович” фермер хўжалиги раҳбари Гулшан Бердиева, тадбиркор қиз Моҳичеҳра Бахтиёрованинг фаолияти ҳам алоҳида эътироф этилди.

Беллашув жараёнларида туман ва шаҳарларда миллий ҳунармандчилик, фермерлик ва маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда жонбозлик кўрсатган, аҳолини иш билан таъминлашда барчага ибрат бўлаётган илғор ва ташаббускор хотин-қизлар саралаб олинаётир.

“Ривож текстиль” оилавий корхонаси раҳбари Лобар Қурбоновага танловнинг Косон туман босқичида тенг келадиган рақиб топилмади. Унинг оилавий корхонаси 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, буюртма асосида ишлар эди. Кейинчалик тадбиркор тикув машиналари харид қилиб, ҳунар ўргатиш маркази очди. Ўтган йил охирида “Yoshlar - kelajagimiz” Давлат дастури асосида банкдан 150 миллион сўм кредит олди. Хитойдан 37 та энг сўнгги русумдаги тикув машинаси келтириб, 60 га яқин миллий замонавий либослар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Ҳозир 70 дан ортиқ турдаги маҳсулотларини Қозоғистон, Тожикистон ва Россия давлатларига экспорт қилиш бўйича шартномалар имзоланган.

Косонда “Ҳурнисо чевар”га буюртма бермаган хотин-қизни топиш қийин. Ҳурнисо Очилова туманда биринчилардан бўлиб тикув цехи ташкил этган. Ўқув марказида ҳунар ўрганган юзлаб хотин-қизлар ҳозирда мустақил фаолият олиб бормоқда. Айни пайтда бу ерда 35 нафар аёл иш билан банд.

Қамашилик Дилором Салаева ерга меҳр қўйган, тиниб-тинчимас аёллардан. “Дилором Эшқобиловна” фермер хўжалиги тасарруфида 119 гектар ер бўлиб, 14 гектар боғдаги мевали дарахтлар ҳосилга кирган. “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг туман босқичи 1-ўрин соҳибининг орзулари бисёр. 1,5 миллиард сўм сармоя олиб, маҳаллада мини-футбол майдончаси, хусусий мактабгача таълим муассасаси, автосервис ва тўйхона қурмоқчи. Лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилгач, ишчилари сони 30дан ошади.

–Корхонамиз 2016 йилда ташкил этилган, – дейди Қамаши туманидаги “Турсунов Муҳаммадали Тўлқинович” МЧЖ раиси Сожида Умарова. – Дастлаб 6 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаган эдик. Сўнг 94 млн. сўм кредит олиб, Хитойда ишлаб чиқарилган 12 дона тикув машинасини келтириб ўрнатдик. Айни чоғда корхонамизда 30 дан ортиқ хотин-қиз меҳнат қиляпти.

Танловда шунингдек, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, “Қишлоқни ижтимоий ривожлантиришда фаоллик кўрсатган фермер аёл”, “Энг ёш, фаол тадбиркор аёл” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар тақдирланди.

 Сайфулла ИКРОМОВ

  • Кўрилди
    2065
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+