Президентимизнинг ташрифи биз андижонликларни янада янги марралар сари ундайди

17.05.2019, 14:57

Президентимизнинг ташрифи биз андижонликларни янада янги марралар сари ундайди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва аввал берилган топшириқлар ижроси билан танишиш мақсадида 16-17 май кунлари Андижон вилоятига ташриф буюрди. Ушбу ташриф юзасидан партия фаолларининг фикр-мулоҳазалари билдириб ўтилган.

Тохир ТОЛИПОВ, O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси:

Давлатимиз раҳбари ўтган йили 19-20 май кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берган эди. Шу давр мобайнида улар ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятимизда шаҳар ва қишлоқлар обод бўлиб, аҳоли фаровонлиги юксалди. Айниқса, саноат, қурилиш, фармацевтика, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, ижтимоий соҳаларни ривожлантиришда салмоқли натижаларга эришилди. Барча макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича ўсиш кузатилди.

2018 йилда Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 1,8 триллион сўмга тенг 411 лойиҳа амалга оширилди, 12 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобидан 20,7 миллион АҚШ доллари миқдорида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватига эга йирик корхоналар фойдаланишга топширилди. 211,2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Бунинг натижасида вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий юксалиши, шаҳар, туман марказлари билан бир қаторда энг чекка қишлоқ ва маҳаллар обод бўлиши, минглаб иш ўринлари яратилиши, аҳоли турмуш даражаси ортишига замин яратди.

Давлатимиз раҳбарининг бу галги ташрифида бир қатор янги ишга туширилган корхоналар, тадбиркорлик субъектларини кўздан кечириш баробарида кейинги йилларда амалга оширилиши режалаштирилган қатор янги лойиҳалар билан ҳам яқиндан танишди, тегишли таклиф ва кўрсатмаларни бериб ўтди.

Албатта, бунинг замирида халқимиз ҳаётини яхшилаш, фарзандларимизнинг эртанги кунига замин яратиш, ҳар бир фуқаронинг келажакка бўлган ишончини орттириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш мақсади мужассам.

Бу каби вилоятимизда бўлаётган ўзгаришларга партиямиз фаоллари, депутатлик корпуси вакиллари ҳам ўз ҳиссаларини қўшган ҳолда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишда тарғиботни кенг йўлга қўйиш, ҳудудда тадбиркорликни янада ривожлантириш орқали янги иш ўринларини яратиш, инвестиция лойиҳаларини жорий этилишида партиявий назоратини олиб боришни устувор мақсадларидан бири сифатида белгилаб олди.

Зокиржон НАБИЖОНОВ, O‘zLiDeP фаоли, “Khantex Group” МЧЖ раҳбари:

 Давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифи доирасида Қўрғонтепа тумани Учқун маҳалласида ташкил этилган ушбу корхонамиз фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Корхонамиз ташкил этилганига икки йил бўлиб, пахта-тўқимачилик кластери шаклида фаолият олиб боради. Корхонамиз қарийб 9 минг гектар майдонда фермерлар билан пахта етиштириш бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Президентимиз ўтган йил май ойида Андижон вилоятига ташрифи чоғида жамиятимизнинг тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишган эди. Бугунга келиб бу режа тўла амалга оширилди – улкан йигирув цехи биноси қурилиб, Швейцариянинг «Ритер» компаниясидан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилди. Ҳудудда яшовчи 400 нафарга яқин аҳоли доимий иш жойига эга бўлди.

Бу – ҳали дастлабки ишлар. Кейинги босқичларда мато тўқиш, бўяш, тайёр кийим-кечак ва сочиқ ишлаб чиқариш режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 58 миллион евро бўлиб, корхона тўлиқ қувват билан иш бошлагач, йилига 9 минг тоннадан зиёд ип-калава, қарийб 6 миллион погон-метр газлама, 10 миллион донадан ортиқ тикув-трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқарилади, 1500 иш ўрни яратилади. Экспорт ҳажмини 40 миллион долларга етказишни мўлжаллаганмиз.

Бундан ташқари, кластер негизида 2 минг тонна истеъмол ёғи, 7,5 минг тонна шрот, 5,4 минг тонна шелуха ишлаб чиқариш қувватига эга замонавий ёғ-экстракция заводи ва чорва комплекси ташкил этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари корхонамиз таркибидаги кластернинг йигирув цехини кириб кўрди. Маҳсулотлар сифатини ошириш, экспортини кенг йўлга қўйиш, даромадни ошириш учун шароит яратиш кераклиги борасида ўз таклифларини билдирди.

Президентимизнинг ташаббуси билан ҳудудларда ташкил этилаётган бу каби кластерлик фаолияти йўлга қўйилаётгани маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга, нафақат ички бозорларимиз, балки хориж бозорларини эгаллашга, энг муҳими аҳолининг иш билан бандлиги таъминланиб фаровон турмуш кечиришга замин яратмоқда.

  • Кўрилди
    415
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+