Ер участкаларини хусусийлаштириш асоси яратилди

30.05.2019, 15:54

Ер участкаларини  хусусийлаштириш  асоси яратилди

Миллий қонунчилигимизда давлат мулкини хусусийлаштириш билан боғлиқ муносабатлар мамлакат Конституцияси, Ер, Уй-жой, Фуқаролик, Шаҳарсозлик ва Солиқ кодекслари, “Ўзбекистон Рес­публикасида мулкчилик тўғрисида”, “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги сингари қатор қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Лекин бугунги кунгача ишлаб чиқариш объектлари жойлашган ҳамда юридик шахсларга тегиш­ли бўлган ер участкаларидан самарали фойдаланиш механизми мавжуд эмасди. Жумладан, корхона эгаси билан ер участкаларини муддатсиз фойдаланишга бериш тўғрисида тузилган шартномалар исталган вақтда маҳаллий ҳокимият томонидан бекор қилинмаслигининг кафолати йўқ эди. Бу, ўз навбатида, мазкур ер участкасида катта ҳажмдаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга тўсиқ бўларди.

Президентимизнинг 2019 йил 10 январдаги “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони юқорида кўрсатилган масаланинг том маънода ечими бўлди, десак муболаға қилмаймиз. Мазкур ҳужжат билан жорий йилнинг 1 июли­дан бошлаб юридик шахсларга – Ўзбекистон Республикаси резидентларига уларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки улар томонидан хусусийлаштирилаётган бино ва иншоотлар, саноат инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкаларини, шунингдек, уларга туташ ҳудудлардаги ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун зарур миқдордаги ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқини бериш тартиби белгиланди.

Фармон талаблари асосида хусусий мулкни ривожлантириш ва улардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш, тадбиркорлик субъектларига кенг инвестицион имкониятларни очиш мақсадида “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Ушбу қонун билан бўш ер участкаси, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаси тушунчаси қонунчилик билан мус­таҳкамланди, ер участкаларини хусусийлаштириш принциплари ўрнатилди. Шунингдек, Ўзбекис­тон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахсларнинг ер участкалари ҳудудида кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини, урбанизацияни ривожлантириш мақсадида ер участкаларини хусусийлаштириш имконияти яратилди.

Шунинг билан бирга ҳудудида кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш мақсадида жисмоний ва юридик шахсларнинг аризалари асосида сотиб олишга йўл очилди. Ушбу ер участкаларини хусусийлаштириш учун тўлов миқдори ер участкаси хусусийлаштирилган кун учун ер солиғининг йиллик ставкаси миқдорида белгиланди.

Қонунда ўз аксини топган нормалар Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекис­тон Либерал-демократик партиясининг сайловолди дастурида белгиланган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривож­лантириш, шахсий ташаббус­ларни амалга ошириш учун энг қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш борасидаги вазифаларнинг бажарилишига замин яратади. Партия фаолларининг фикрича, мулк – бу эркинликнинг энг муҳим кафолати, инсоннинг бошқа барча ҳуқуқларининг манбаи, фуқаролар ҳимояланганининг асоси ҳисобланади. Шу боис O‘zLiDeP ўзининг кундалик ва парламент фаолиятида хусусий мулкнинг дахлсизлиги ҳақидаги конституциявий тамойилни амалда қўллаш, иқтисодиётни бошқариш тизимини янада чуқурлаштириш, такомиллаштириш ва либераллаштириш, хусусий мулк ҳуқуқини мустаҳкамлаш, уни ишончли ҳимоя қилиш тизимини яратиш учун ҳаракат қилади. Партиямиз аъзолари юртимизда бизнес юритиш билан боғлиқ барча тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, арзонлаштириш ва уларнинг очиқлигини таъминлашга қаратилган нормаларнинг қонун ҳужжатларида ўз аксини топиши билан боғлиқ ташаббусларни доимо қўллаб-қувватлайди.

Қутлимурат БАБАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1323
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+