O‘zLiDeP Дастурида нималар ўзгарди?

18.07.2019, 15:02

O‘zLiDeP Дастурида нималар ўзгарди?

Бу йил мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён — парламент қуйи палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтиши кутилмоқда. Табиийки, унда муносиб қатнашиш катта тайёргарлик ва масъулиятни талаб қилади. Шу боис O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳам тайёргарлик олдидан ўтган 5 йил давомида қилинган ишлар, йўл қўйилган хато ва камчиликларни сарҳисоб қилиб, янги режалар тузиб олишга киришди. 

Бу борада O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳамда Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг йиғилишида келишиб олинди. Унда O‘zLiDeP Дастурига киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар, шунингдек, Сайловолди дастури лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди.

— Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида айнан бизнинг фаолиятимизга тааллуқли қатор масалалар тилга олинганди, — дейди O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси Алишер Рўзиев. — Хусусан, сиёсий партиялар сафига билимли, ташаббускор ва ташкилотчи аёлларни жалб этиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга етарлича эътибор берилмаётгани танқид қилинганди. O‘zLiDeP  мисолида қарайдиган бўлсак, “Аёллар қаноти”нинг бу борадаги фаолиятини талаб даражасида деб бўлмайди. Қолаверса, тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантириш учун қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатларни аҳолига етказиш, кичик бизнес вакилларига тушунтириш ишлари суст олиб борилди. Бу йил эса партиянинг туман Кенгашлари, “Ёшлар қаноти” ҳамда бошланғич партия ташкилотлари ҳам бу борада жонбозлик кўрсатиши, фаоллашиши лозим. 

Йиғилиш иштирокчилари партиянинг янгиланган Дастури ва Сайловолди дастури лойиҳасига қатор таклифлар, фикрлар билдириб ўтишди.

Бугунги кунда фермерларимизнинг фаолиятига маҳаллий ҳокимият органларининг аралашуви натижасида улар эркин ҳаракат қила олишмаяпти, — дейди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Сурхондарё вилоят бўлинмаси раҳбари, депутат Алишер Норқобилов. — Уларга қандай экин экиш, агротехник тадбирларни олиб бориш борасида эркинлик бериш керак. Фермер ўзига ажратилган ер майдонининг иссиқ-совуғини бошқалардан яхшироқ билади. Экин-текиннинг ҳам тилини яхшироқ тушунади. Демакки, ўз қоидалари, тажрибаларига асосан иш юритсагина, ҳосили ҳам мўл бўлади. Бу биринчи таклифим. Иккинчиси, бугун юрагида ўти бор ёшларимиз кўп. Улар бугунги сиёсий жараёнларга нисбатан ўз фикрларини баён эта олади. Фақат уларни эшитиш зарур. Бунинг учун эса ёшларга эркин сўз айта оладиган майдон яратишимиз керак, деб ҳисоблайман. 

Сўз олганлар орасида O‘zLiDeP Денов туман Кенгаши Мафкуравий, тарғибот-ташвиқот ишлари бўйича раис ўринбосари Олимжон Обиджоновнинг тижорат банкларидан ташқари тадбиркорларга кредитлар ажратишда кўмак берадиган инвестицион фондлар ташкил этиш, “Ташаббус” кўрик-танловида асосан, маҳсулотларнинг сифат брендига эътибор қаратиш ва партия тадбиркорларга фақат бошланғич кўмакни бериш билангина чекланмай, унинг кейинги фаолиятида ҳам учраётган тўсиқларни бартараф этишга ҳам этибор қаратиш каби таклифлари кўпчиликнинг эътиборини тортди. 

Йиғилишда депутатлик сўровларига жавоб бермаслик бўйича мансабдор шахслар ва корхона, ташкилотлар масъулларига қонуний чора кўрилиши лозимлигини, бунинг учун эса қонунларга ўзгартириш киритилиши зарурлиги ҳам айтилди.

Бундан ташқари, депутатлар, партия фаоллари томонидан ҳам қатор таклифлар билдирилди.

O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    468
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Дилрабо Рахманова2019-07-18 15:31:19

O‘zLiDeP Дастурига ва сайловолди дастури лойиҳалари муҳокамасида берилган таклифларни қўллаб-қувватлайман. Айниқса, O‘zLiDeP Денов туман Кенгаши Мафкуравий, тарғибот-ташвиқот ишлари бўйича раис ўринбосари Олимжон Обиджонов томонидан берилган таклифлари, яъни тижорат банкларидан ташқари тадбиркорларга кредитлар ажратишда кўмак берадиган инвестицион фондлар ташкил этиш, “Ташаббус” кўрик-танловида асосан, маҳсулотларнинг сифат брендига эътибор қаратиш ва партия тадбиркорларга фақат бошланғич кўмакни бериш билангина чекланмай, унинг кейинги фаолиятида ҳам учраётган тўсиқларни бартараф этиш партия электоратлари учун аҳамиятли.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+