“Етиштирилган мева ва сабзавотларни экспорт қилишда қийинчиликлар бўлмаслиги керак”

19.07.2019, 17:04

“Етиштирилган мева ва сабзавотларни экспорт қилишда қийинчиликлар бўлмаслиги керак”

Наманганда партиянинг янгиланган Дастури ва Сайловолди дастури лойиҳаларининг муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. 

Йиғилишда бўлажак сайлов жараёнларига замон талабларидан келиб чиқиб, янгича ва инновацион ёндошувлар асосида тайёргарлик кўриш,  депутатликка муносиб номзодларни саралаш, партия кузатувчилари ва ишончли вакилларини танлаб олиш, шунингдек, сайлов жараёнларида замонавий PR-технологиялардан фойдаланиш каби долзарб масалалар иштирокчилар диққат марказида бўлди.

–Бугунги кун сайловчилар беш йил аввалги сайловчилардан бутунлай фарқ қилади, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иброҳим Ҳожиев. –Мана партиянинг янгиланган Дастури ва Сайловолди дастури яратилди, бу жараён давомида ҳалиям мукаммал дастур ярата олдик, деб айтолмаймиз. Чунки ҳали ҳам қатор камчиликлар кўзга ташланяпти. Масалан, дастурда ОАВлар билан ишлаш масалаларига алоҳида урғу қаратилмаганлигини, ёшлар ва аёллар масаласига ҳам бугунги кун эҳтиёжларидан келиб чиқиб ёндаша олмаётганлигимизни кўришимиз мумкин. Шу боис бугун айнан электоратимиз хоҳиш истакларидан келиб чиқиб, юртбошимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар билан ҳамоҳанг тарзда дастур ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.

Йиғилишда партия вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Собитхон Нўъмонов таъминотчи билан истеъмолчилар ўртасида тузиладиган шартномаларни қайта кўриб чиқиш,  аҳолини намунавий турар жойлар билан таъминлашда мазкур уй-жойларни сифати юзасидан келиб чиқадиган низоларга фақат банк эмас, балки ҳокимият ва қурувчи ташкилот ҳам бирдай жавобгар бўлишини кўриб чиқиш кераклигини билдирди.  

“VALLEY FRUITS” ишлаб чиқариш кооперативи директори Зуҳриддин Хошимов “Экспорт қилиш тартиб-таомилларини янада либераллаштириш орқали мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари манфаатларига хизмат қилувчи кооперативлар ташкил этиш ва улар фаолиятини такомиллаштириш керак”,  деган таклифни билдирди.

“Бунда биринчи навбатда мамлакатимизда Органик боғларни барпо этувчи фермер ва деҳқон хўжалиги вакилларига имтиёзли, узоқ муддатли фоизсиз кредитлар ажратиш зарур. Бу орқали етиштирилган мева ва сабзавотларни экспорт қилишда қийинчиликлар бўлмаслиги керак”, – дея қўшимча қилди у.

–Бугунги кунда банк кредит соҳасида тадбиркорлар учраётган қийинчиликларни бартараф этиш қулай банк кредитлари жорий этиш, банклар фаолиятини шаффофлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор бериб, чет эл инвестицияси асосидаги банклари иштирокини кўпайтириш, банклар орасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш лозим, – дейди партия фаоли, тадбиркор Хакима Тошматова. –Тадбиркорларга бизнес юритишда янада қулай имкониятлар яратиш бугуннинг талаби. Бунда, мамлакатимизда хусусий ва чет эл капитали иштирокидаги тижорат банкларини кўпайтириш орқали кредит ажратиш миқдорини ошириш ҳамда кредит фоизларини камайтиришга эришиш керак.

Йиғилишда жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловларга қизғин тайёргарлик кўриш ва муносиб номзодларни саралаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Юлдуз ЮЛДАШЕВА,

O‘zLiDeP Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби

 

  • Кўрилди
    1104
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+