Андижонда “Бизнинг энг катта таянчимиз ва суянчимиз, ҳал қилувчи кучимиз – ёшлар” шиори остида форум ўтказилди (+ФОТО)

08.08.2019, 14:24

Андижонда “Бизнинг энг катта таянчимиз ва суянчимиз, ҳал қилувчи кучимиз – ёшлар” шиори остида форум ўтказилди (+ФОТО)

O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда олтин водийнинг илғор фикрли, янгиликка интилувчан, замон ривожи билан ҳамқадам навқирон авлод вакиллари жамулжам бўлишди. Меҳмонлар Бўз туманида тантанали кутиб олинди.

Партиянинг келажаги дея эътироф этилаётган йигит-қизларнинг дийдорлашув чоғидаги суҳбатларидаёқ Президентимиз томонидан ўртага ташланган бешта муҳим ташаббус асосида қилинаётган ишларнинг долзарб аҳамияти хусусида сўз юритилди.

– Партиямиз сафида шижоатли, ташаббускор, тажриба алмашишга чанқоқ ёшларимиз кўплиги қувонарлидир, – дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Ғайратжон Турғунов. – Уларнинг кўзларида замонавий билим ва тафаккурга ташна чўғни кўрдик. Айнан мана шу чўғ эртага партиянинг лойиҳалари, тарғиботларида машъалга айланади. Бизга ўзи фаол, сўзи ўткир ёшлар керак. Улар билдираётган таклифлар, мунозараларда берилган саволларни кучли иштиёқнинг, тоза фикрнинг маҳсули деб биламиз.

Форум иштирокчилари бизнес-экскурсияни Бўз туманидаги “Sabo tex” хусусий корхонаси фаолияти билан яқиндан танишишдан бошлади.

– Корхонада яратилган шарт-шароитлар ҳавас қилса арзигулик экан, – дей­ди Наманган вилоят кўп тармоқли болалар шифохонаси қошидаги БПТ етакчиси Бобур Қорабоев. – 2018 йили ташкил этилганига қарамай, қисқа вақтда катта ютуқларни қўлга киритгани таҳсинга лойиқ. Ишчи-хизматчиларнинг 80 фоизини ёшлар ташкил қиларкан.

Дарҳақиқат, мазкур корхонада тайёрланаётган калава ип нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам харидоргир. Хитойнинг “Ритер”, Туркиянинг “Тенсан” фирмалари билан кенг ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бир ойда 300 тоннагача сифатли ип тайёрланмоқда. Корхона раҳбари Акмалжон Раҳмоновнинг таъкидлашича, яхши дамнинг унумли меҳнатга таъсири катта. Шунинг учун ишчи-хизматчилар учун алоҳида дам олиш хоналари, спорт заллари, кутубхона ташкил этилган. Уч маҳал бериладиган иссиқ овқатлар витаминларга бой. Яна бир жиҳат форум қатнашчиларида катта таассурот қолдирди. Замонавий велосипедлар толиққан ходимларга яхшигина ором бағишлаши турган гап. Корхона ҳовлисидаги спорт майдонида махсус велойў­лак барпо этилган.

Бизнес-экскурсия якунида партия сафига янги қабул қилинган бир гуруҳ ёшларга аъзолик гувоҳномалари ва эсдалик совғалари топширилди.

Навбатдаги манзил – Шаҳрихон туманидаги “Ҳалимбек-Жўрабек грант” масъулияти чекланган жамиятида ташкил этилган тантанали маросим форум иштирокчиларини руҳлантириб юборди. Мусиқали чиқишлар ҳунармандлар кўргазмасига уланди.

– Шаҳрихонни азалдан пичоқчилар маскани сифатида таниганмиз, – дейди O‘zLiDeP Фарғона вилоят Кенгаши Ёшлар қаноти раҳбари Жавоҳирбек Шамсуддинов. – Уста Соҳибжон Неъматов ясаган пичоқлар миллий анъаналарни акс эттириб тургани билан диққатимизни тортди. Суҳбатлашганимизда пичоқнинг 50 дан ортиқ турини тайёрлашини айтди. Бундан ташқари, маҳалласидаги кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини ҳам уста-шогирд йўналишида иш билан таъминлаганидан қувондик.

Ҳожархон Қодирова тиккан оқпар дўппилар қизларимизнинг ўзбекона ҳаёсини намоён этганлиги билан кўпчиликнинг эътиборини тортди. 12 ёшли набираси Ҳавасой Турсунбоеванинг эришаётган ютуқларида бувисининг хизмати катта, албатта. Қизалоқ 6 ёшидан бошлаб ҳунар сирларини астойдил ўрганибди. 2015 йили “Ёш ижодкор” кўрик-танловининг республика босқичида фахрли 1-ўринни эгаллаган. 2016 йили “Баркамол авлод” ёшлар фестивалида ҳамда Хива шаҳрида ўтказилган ҳунармандлар фестивалида ғолиблар сафидан жой олган.

– Форумнинг бир қисми бизнинг масъу­лияти чекланган жамиятимизда ташкил қилинганидан мамнунмиз, – дейди иш юритувчи Ҳожиакбар Ҳалимов. – Тенгдошларимнинг қизғин савол-жавоблари, мунозараларидан тадбиркорликка, ишбилармонликка иштиёқлари кучли эканини пайқаш қийин бўлмади. Уларга қўлдан келганча тавсия ва маслаҳатларимизни беришга ҳаракат қилдик. Энг асосийси, қизиқишнинг ўзи камлик қилишини, мақсад учун сидқидилдан меҳнат ва ҳаракат зарурлигини тажрибамиз мисолида тушунтирдик.

“Ҳалимбек-Жўрабек грант” масъулияти чекланган жамияти ташкил топ­ганига саккиз йил бўлди. Ўтган давр мобайнида фаолият кенгайтирилди. Айни кунда бу ерда 25 нафар доимий иш ўрни яратилган. Ишчиларнинг асосий қисмини шижоатли ёшлар ташкил қилади. Улар тайёрлаган 50 хил турдаги пойабзаллар Қирғизистон ва Қозоғистога экспорт қилинади. Бир ойда камида 1 миллиард сўмдан зиёд маҳсулот ички бозорда сотилишини ҳисобга олсак, йиллик даромадни тасаввур этиш қийин бўлмайди.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси мутасаддилари, партия вилоят кенгаши масъулларининг “Келажак депутатлари” гуруҳи аъзолари, ёш ижодкорлар, тадбиркорликни бошламоқчи бўлган фаол йигит-қизлар билан ўтказилган очиқ мулоқоти самимий кечди. Партия вилоят Кенгаши раиси Тоҳиржон Толипов ва бошқа сўзга чиққанлар ушбу форумни ўтказишдан кўзланган мақсад, мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, партиянинг навқирон авлодни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалари хусусида атрофлича фикр юритдилар.

Давра суҳбати якунида “Star up invest” лойиҳаси доирасида ташкил этилган форумда фаол қатнашган ёшлар партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Зилола РАҲМОНОВА

  • Кўрилди
    314
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Зухра Хайдарова2019-08-08 15:49:50

Шундай тадбирларни утказиб бориш керак деб уйлайман чунки бундай тадбирлар ешларни тадбиркорлик сохасидаги тажрибаларини оширишда хамда булгуси тадбиркорларга махорат дарси булади


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+