O‘zLiDeP Инвестиция ва Тадбиркорлик кодексларини қабул қилиш таклифи билан чиқди (+фото)

10.09.2019, 17:38

O‘zLiDeP Инвестиция ва Тадбиркорлик кодексларини қабул қилиш таклифи билан чиқди (+фото)

Жорий йилнинг 10 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида O‘zLiDeP Сайловолди дастурининг иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш йўналишида белгиланган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, партия фаоллари, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат, Инвестициялар ва ташқи савдо, Молия вазирликлари ҳамда Давлат солиқ қўмитаси ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок этган тадбирдан кўзланган мақсад партиянинг янгиланган Сайловолди дастурининг иқтисодиётни ривожлантириш йўналишидаги вазифаларни муҳокама қилиш ва уни янада бойитиш юзасидан аниқ таклифлар беришдан иборат.

Тадбир кутилганидек, жонли мулоқот, амалий таклиф ва тавсиялар тарзида ўтди.

Таъкидланганидек, жорий йилда сиёсий партиялар, хусусан, O‘zLiDeP олдида ҳам жиддий синов - парламент қуйи палатасига ҳамда маҳаллий кенгашларга депутатлик сайловлари турибди. Ушбу жараёнга муносиб иштирок этиш, етакчи деган мавқени сақлаб қолиш эса кўп жиҳатдан партиянинг дастури ва Сайловолди дастури қанчалик халқчил, ҳаётий ва долзарб масалаларни қамраб олганлигига бевосита боғлиқ. Шу мақсадда O‘zLiDeP жойларда Ҳаракатлар стратегиясига мос тарзда янгиланган дастури ва Сайловолди дастурини кенг муҳокама қилмоқда. Мақсад партиямиз фаолиятига бефарқ бўлмаган аҳоли кенг қатламлари томонидан билдирилган таклиф ва тавсияларни дастурда акс эттириш орқали унинг ҳаётийлигини таъминлашдан иборатдир.

Тегишли вазирлик ва идоралар билан яқин ҳамкорлик замирида ҳам айни мақсад мужассам. Яъни соҳанинг  малакали мутахассислари таклифлари асосида партия Сайловолди дастурида қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк ҳуқуқ ва кафолатларининг ишончли ҳимояланишини таъминлаш, тадбиркорлик ривожланиши йўлидаги барча тўсиқ ва чекловларни олиб ташлаш, «Бизнесни юритиш», глобал рақобатбардошлик, инновациялар, саноатнинг рақобатбардошлиги индекслари бўйича дунёнинг етакчи 50 та мамлакати қаторидан Ўзбекистоннинг муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш ва етакчи халқаро ва хорижий молия институтлари билан алоқаларни кенгайтиришнинг истиқболларига қаратилган аниқ вазифаларни акс эттиришдан иборатдир. Зеро, O‘zLiDeP Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибардорлигини ошириш – бу мамлакатнинг жадал ва барқарор ривожланиши, иқтисодиёти рақобат-бардошлигининг энг муҳим ва зарур шарти эканига ишонади.

Партиянинг иқтисодий соҳадаги энг муҳим вазифаларидан бири сифатида 2030  йилгача иқтисодиётда саноат улушини 40 фоизга етказишни асосий мақсад қилиб белгилаб олмоқда. Бу орқали янги рақобатбардош ишлаб чиқаришларни ривожлантириш, иқтисодиётнинг инновацион турига ўтиш учун асосларни шакллантириш, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси, илмий-технологик ва инновацион тадбиркорликни барқарор ривожлантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини босиш жараёнларини янада чуқурлаштириш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида 2025 йилга келиб тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажмини 7 миллиард АҚШ долларига етказиш, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фаолиятини қайта кўриб чиқиш ҳамда алоҳида департамент сифатида фаолиятини тугатиш каби аниқ вазифаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда иқтисодиётни  янада либераллаштириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга юқори баҳо берилди. Чунончи, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони соҳада чинакам бурилиш ясагани қайд этилди.

“Мамлакатимизда охирги йилларда қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит жадал ва барқарор ривожланиб бормоқда, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг ижрочи котиби Тоир Салимов. - Шу боис бўлса керак, депутатлар, тадбиркорлар амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, уни замон билан ҳамнафас янгилаб бориш ғоясида якдил бўлдилар. Айниқса бугун долзарб аҳамият касб этаётган ва тартибга солишга муҳтож бўлган инвестициявий ва тадбиркорликнинг фундаментал асосларини яратиш зарурлиги яққол кўзга ташланмоқда. Бу зарурат нафақат “Инвестиция” ва “Тадбиркорлик” кодексларини қабул қилиш билан, балки бу борадаги партия вазифаларини ҳам O‘zLiDeP сайловолди платформасида акс эттиришни тақозо қилади”.

Партия сайловолди дастурида илгари сурилаётган “Инвестиция кодекси” лойиҳасини ишлаб чиқиш борасидаги таклифи мамлакатимизда фаолият юритмоқчи бўлган инвесторларга янада қулайликлар яратиб берилиши асосий мақсад қилинган. Бу орқали «Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги, «Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги, «Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида»ги каби 10 га қонунларни унификациялаш, Инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлашнинг соддалаштирилган тизимини жорий этиш, шунингдек суд тизимида инвестицияга оид низоларни кўриб чиқишга ихтисослашган судларни ташкил этиш масалалари ҳам ўрин олади.

Давра суҳбати давомида вазирлик ва қўмиталарнинг малакали мутахассислари ва экспертлари томонидан масаланинг шу ва бошқа жиҳатларига эътибор қаратилиб, дастур юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди.

  • Кўрилди
    1901
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Алланияз2019-09-14 15:26:53

Жуда асосий масала кутарилган, мен хам куллаб-квватлайман


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+