O‘zLiDeP Сайловолди дастурининг ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишидаги вазифаларни муҳокама қилди

11.09.2019, 18:03

O‘zLiDeP Сайловолди дастурининг ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишидаги вазифаларни муҳокама қилди

11 сентябрь куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида партия Сайловолди дастурининг ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишида белгиланган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тегишли соҳа вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари ҳамда партия фаоллари иштирок этган тадбирда партиянинг янгиланган Сайловолди дастурининг ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишидаги вазифалари муҳокама қилинди, уни янада бойитиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.

Тадбирда таъкидланганидек, жорий йилда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – парламент қуйи палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Сайловларга муносиб қатнашиш эса етакчи партия сифатида O‘zLiDePдан ҳам катта тайёргарлик ва масъулиятни талаб қилади. Зеро, етакчи деган мавқени сақлаб қолиш аввало, партиянинг дастури ва Сайловолди дастури қанчалик халқчил, ҳаётий ва долзарб масалаларни қамраб олганлигига бевосита боғлиқ.

Партиянинг тегишли вазирлик ва идоралар билан яқин ҳамкорлик қилиши замирида ҳам айни шу мақсадлар мужассам. Шу маънода соҳанинг  малакали мутахассислари таклифлари асосида партия Сайловолди дастурининг ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишида оилавий тадбиркорлик, касаначилик, томорқа хўжалиги ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва фуқароларнинг оилавий бюджети даромадларини ўстиришнинг энг самарали шаклларидан бири сифатида эътибор қаратмоқда. Шу билан бир қаторда партия меҳнатга лаёқатли аҳоли учун уларнинг меҳнатга оид ва тадбиркорлик фаолиятини тўлиқ амалга ошириш, ишчи кучи сифатини яхшилаш, бозор талабларини ҳисобга олган ҳолда ишга жойлашишга муҳтож бўлган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга йўналтирилган аниқ чора-тадбирларни амалга оширишни мақсад қиляпти.

 “Партиямизнинг энг асосий вазифаси  — мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини дунёдаги илғор мамлакатлар қаторига олиб чиқиш, унинг инновацион ва инсон капиталини кўпайтириш, “Ақлли тиббиёт” концепциясини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, хусусий тиббиётни ривожлантириш, кўрсатиладиган тиббий хизматларни халқаро стандартлар даражасига кўтариш, касалланиш кўрсаткичларини пасайтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш орқали аҳолининг умр кўриш давомийлигини узайишини таъминлашдан иборат, – дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раис ўринбосари  М.Ходжаева. – Қолаверса, Ўзбекистонни соғлиқни сақлаш тизимида юқори самарадорликка эришган дунёнинг энг илғор 30 та мамлакати қаторига киритиш ҳам энг муҳим вазифаларимиздандир”.

М.Ходжаеванинг айтишича, партия аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оилаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, болаларда, айниқса, қизларда жисмоний тарбия ва спортга муҳаббат уйғотишга қаратилган тизимли ишларни бундан кейин ҳам амалга оширади. Зеро, партия “Болалари соғлом бўлган юртнинг келажаги буюк” тамойилининг ҳаётга жорий қилиниши тарафдори. Шундан келиб чиқиб, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси ва назорати бўйича узоқ муддатли давлат стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишини, жамиятда соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятини шакллантириш борасидаги ишларни кучайтиришни таклиф этмоқда.  

Партиянинг фикрича, демократик ўзгаришлардан кўзланган мақсад ва  уларни ҳаракатлантирувчи асосий куч — инсондир. Шу боис O‘zLiDeP шахснинг уйғун ривожланиши учун шарт-шароитлар яратилишини, эркин, либерал давлатнинг ўз ҳуқуқларини биладиган, ўз кучи ва имкониятларига таянувчи, ўз келажагини мустақил равишда барпо этадиган эркин фуқароларни шакллантиришга кўмаклашадиган чора-тадбирларни амалга оширилишини ёқлайди.  

Партиянинг мақсадли вазифалари — аҳолининг кам таъминланган қатламлари улушини икки баравар камайтириш, барча эҳтиёжманд кишиларни ижтимоий ҳимоялаш чоралари билан тўлиқ қамраб олинишига эришиш, аҳолининг кам таъминланган қатламлари учун базавий ресурслардан (ер майдонлари, банк кредитлари ва бошқалар), янги технологиялар ва молиявий хизматлардан, шу жумладан микромолиялашдан  фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдир.

O‘zLiDePнинг шунга ишончи комилки, ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга нисбатан муносабати билан белгиланади. Хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг муносиб меҳнат қилиши ва турмуши, қобилиятлари ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш, жамиятдаги ўрни ва мақомини мустаҳкамлашга кўмаклашиш кейинги беш йилда ҳам партиянинг ўта муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолаверади. Партия бу борада мамлакат ривожланишига, халқ фаровонлигига салмоқли ҳисса қўшаётган фаол тадбиркор хотин-қизлар ва фермерларни рағбатлантиришга, уларнинг фаолияти ва илғор иш тажрибасини оммалаштиришга йўналтирилган ишларни янги босқичга олиб чиқади. 

Тадбир сўнгида тегишли ташкилот мутахасислари партия Сайловолди дастурининг ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишига аниқ таклиф ва тавсиялар бердилар.

Шунингдек, тадбир давомида яқинда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳам атрофлича тушунтириб ўтилди. Мазкур қонунларни энг чекка ҳудудларгача тарғиб қилиш, аҳоли орасида мазмун-моҳиятини кенгроқ тушунтириш борасида ҳам аниқ вазифалар белгилаб олинди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1339
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+