“Бекробод”ликлар олдидаги асосий муаммо нима?

25.10.2019, 17:30

“Бекробод”ликлар олдидаги асосий муаммо нима?

ёҳуд муаммо ечимини ким ўз зиммасига олади?

Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Абдусалим Мўминовга Гунгон маҳалласи “Бекробод” кўчасида яшовчи бир гуруҳ фуқаролардан мурожаат келиб тушди.

Партия вилоят Кенгаши вакиллари эса халқ вакили А.Мўминов билан биргаликда ушбу ҳолатни жойига чиқиб ўрганди, фуқаролар билан суҳбатлашди.

Ўрганиш натижаларига кўра, ҳақиқатан ҳам аҳоли эътирозлари ўринли эканлиги аён бўлди. Фуқароларнинг айтишича, кўп йиллардан буён “Бекробод” кўчасидан кесиб ўтувчи зовурга маиший чиқиндилар уюмланган ва кўп қаватли уй-жойлар канализация тармоқларидаги сув ҳам айнан шу зовурга қўйилиб келади.

“Зовур атрофидаги кўп қаватли уйларда 1500 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Зовурда асосан қурилиш чиқиндилари ташлаб кетилган. Фуқароларимиздан ўз хонадонларини обод қилиши эвазига бошқа бир ҳудудни ахлатхонага айлантирмасликни, чиқиндиларни махсус ахлатхоналарга ташлашларини кўп маротаба илтимос қиламиз. Лекин фойдаси йўқ. Зовурдан эса заҳарли моддалар билан тўйинган сув оқяпти. Натижада зовур атрофида яшовчи аҳолининг соғлигига жиддий путур етмоқда. Турли юқумли касалликларга чалинаётганлар ҳам учраб турибди”, –дейди Гунгон маҳалласи оқсоқоли Санжар Адилов.

Таъкидлаш керакки, бугун мамлакатимизда аҳоли саломатлигини янада муҳофаза қилиш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, шу орқали ҳудудлар санитария ҳолатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида Қашқадарё вилоятида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Аммо шунга қарамай, ҳали-ҳануз айрим фуқароларимиз томонидан асосан белгиланмаган жойларга, ариқ, сой қирғоқларига тўпланиб қолган маиший чиқиндиларни ташлаб кетиш ҳолатлари учрамоқда.

“Шифокор сифатида зовур атрофида яшовчи аҳоли саломатлигидан хавотирдаман, – дейди халқ ноиби А.Мўминов. – Шифокорларнинг аниқлашича, полиомиелит, сариқ ва сил касалликлар микроблари айнан зарарланган, ифлослантирилган сув орқали тарқалади. Ростан ҳам зовурнинг ифлосланиш даражаси жуда юқори. Шу боис бу масалага тегишли ташкилотлар эътиборини қаратишга ҳаракат қилдик. Бироқ мутасаддилар эътибор қаратишмаяпти. Аҳоли ҳам маиший чиқиндиларини айнан шу зовурга ташламоқда”.

Маълум қилинишича, халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси А.Мўминов ушбу ҳолат бўйича “Аму-Қашқадарё” ирригатция тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Б.Раҳимовга бир неча маротаба ёғзаки равишда мурожаат қилган. Бироқ ижобий натижа бўлмаган.

“Ҳар бир инсон умид билан яшар экан, эртага эмас, бугун ниятига етишини, ҳар бир кунидан рози, мамнун бўлишини истайди. Бу – улуғвор мақсад, эзгу амал, абадиятга дахлдор фикрат. Зеро, бахтли одамларгина дунёни янгилашга, ўзгартиришга қодир. Нега унда айрим мутасаддилар аҳоли муаммоларига панжа ортидан қарамоқда, депутат мурожаатига жавоб бермаяпти? Эътибор суст, натижа йўқ”, – дея қўшимча қилди А.Мўминов.     

 Умид қиламизки, шаҳардаги мутасаддилар бир ярим минг аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал қилишади. Маҳаллаларда, кўп қаватли уйлар атрофида қўшимча тарзда чиқинди ташлаш жойлари ташкил этишга жиддий эътибор қаратади. Биз эса мавзуга яна қайтамиз.  

Тўлқин ТУРДИЕВ,

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1278
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+