Президентимизнинг Мурожаатномаси — халқимиз фаровонлигини юксалтиришга ва Ватанимиз тараққиётига хизмат қилади

24.12.2017, 21:26

Президентимизнинг Мурожаатномаси — халқимиз фаровонлигини юксалтиришга ва Ватанимиз тараққиётига хизмат қилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатларини катта ҳаяжон ва қизиқиш билан тингладик. Президентимизнинг маърузалари ҳар галгидек, чин юракдан чиқди. Ўз халқини севадиган, унинг бугуни ва эртаси ҳақида қайғурадиган, ҳақиқий ватанпарвар Юртбошининг маърузаси бўлди. Президентимизнинг Мурожаатлари депутатлар, сенаторлар ва уни тинглаган барча-барчанинг қалбидан, юрагидан, онгидан чуқур жой эгаллади, десам тўғри бўлади. 

Бу маъруза том маънода тарихий бўлди. Тарихий деганим, бундай Мурожаат Олий Мажлисга биринчи маротаба қилинганлиги билангина эмас, балки муҳтарам Юртбошимиз маърузаларида халқимизни кўп йиллардан бери қийнаб келаётган тизимли муаммолар очиқ-ойдин ўртага қўйилиб, уларнинг ечими кўрстатиб, мамлакатимизни жадал ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар баён этилганлиги билан белгиланади. 

2017 йилда қилинган ишларни сарҳисоб қилган ҳолда Президентимиз бу йил – халқ муаммоларини ҳал қилиш бўйича самарали тизимни яратиш йили бўлганлигини жуда тўғри таъкидладилар. Бироқ ҳали бу бошланиши, олдимизда халқимизни рози қилиш йўлида жуда катта вазифалар турганини алоҳида қайд этдилар. Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши ҳақидаги устувор ғоя бундан буён ҳам барча даражадаги раҳбарлар олдида доимий талаб бўлишини, яна бир бора қатъий таъкидладилар. 
Юртимизда 2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб қувватлаш йили” деб эълон қилинганлиги барчамизни қувонтирди. Зеро, халқни тадбиркорлик боқади, иновациясиз эса тараққиёт бўлмайди. Тадбиркорлик, иновациялар ва технологиялар қанча ривожланса, халқимиз шу қадар бой, юртимиз шу қадар қудратли бўлади.

Муҳтарам Юртбошимизнинг маърузалари том маънода инновацион маъруза бўлди. Биргина халқимизнинг мамлакат ичида эркин ҳаракатига халал берадиган вилоятлар ўртасидаги постларни олиб ташлаш ҳақида билдирган ҳаётий таклифлари мисолида оладиган бўлсак, Юртбошимиз давлат бошқаруви, иқтисодиёт, божхона тизими, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларда ҳам мана шундай қўштирноқ ичидаги пост ва тўсиқларни йўқ қилиш бўйича топшириқлар бердилар. 

Президентимизнинг кўп йиллардан бери ҳал этилмай қолаётган масалалар, яъни ҳокимларнинг мустақиллиги ва масъулиятини ошириш, адвокатларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш, тинтув ўтказиш ва телефон сўзлашувларини эшитишга санкция бериш ҳуқуқини прокуратурадан судларга ўтказиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида қонунлар қабул қилиш борасида билдирган фикр ва таклифлари юртимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини халқаро стандартлар даражасида кучайтиради.

Президентимиз ўз маърузаларида тадбиркорликни ривожлантириш, унинг йўлидаги ғов ва тўсиқларни бутунлай йўқ қилиш, тадбиркорлик учун барчага тенг шарт-шароитлар яратиш, инвестицияларга кенг йўл бериш борасида ҳам қатор амалий таклифларни билдирдилар. Солиқ ва божхона қонунчилигини, давлат божларини енгиллаштириш, текширувларни икки йилга тўхтатиш, тадбиркорларга нисбатан жиноят иши очганни Президент назоратига олиш кабилар шулар қаторида. Юртбошимиз тадбиркорлар ҳақида инглиз давлат арбоби У.Черчилнинг “Баъзилар тадбиркор деганда соғин сигирни, фақат саноқли одамларгина оғир аравани тортаётган меҳнаткаш отни тушунади” деган фикрини келтириб ўтганлари, у кишининг тадбиркорларга нечоғлик катта эътибор кўрсатаётганликларидан далолатдир.

Яна бир масала. Юртбошимиз депутатларни жуда адолатли танқид қилдилар. Ҳақиқатдан ҳам кўпроқ ташаббус кўрсатишимиз, парламент назоратини амалга оширишда, халқимиз дардини ечишда фаол ва қатъий бўлишимиз шарт! Қонунларимизни тўғридан-тўғри ишлайдиган ҳужжат сифатида қабул қилиш, халқимизни фикр ва таклифлари асосида қонун ишлаб чиқишни йўлга қўйишимиз зарур. Биз, албатта, бу борада ижобий ўзгариш қиламиз. 

Ишончим комил, муҳтарам Президентимизнинг маърузалари, ҳар бир таклифлари ҳаётимизда том маънода ижобий тарихий бурилиш ясайди, юртимизда демократия ва эркинлик ғояларининг мустаҳкам қарор топишига, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга ва Ватанимиз тараққиётига хизмат қилади.

Раҳим ҲАКИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

O‘zLiDePнинг Facebook ҳамда Instagram'даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1763
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+