Президентимизнинг биз депутатларга билдирган ишончини, албатта, оқлаймиз

21.01.2020, 16:55

Президентимизнинг биз депутатларга билдирган ишончини, албатта, оқлаймиз

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида билдирган нутқи биз депутатларни янада шижоат ва масъулият билан ишлашга ундайди.

Давлатимиз раҳбари парламент фаолиятини ва депутатлар фаоллигини ошириш борасида қатор вазифаларни белгилаб берди.

Хусусан, барча йўналишлар қатори парламент ва депутат сўровининг таъсирчанлигини ошириш чораларини кўриш борасида ҳам аниқ кўрсатмалар бериб ўтди.

Ўтган чақириқда давлат ва хўжалик бошқаруви органларидаги мансабдор шахсларга 28 та ёки 2010-2014 йилларга нисбатан 7 баробар кўп парламент сўрови юборилган. Парламент ва депутат сўровини кўриб чиқмаганлик ёки кўриб чиқиш муддатини бузганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Шунга қарамасдан, афсуски, айрим ҳолларда депутат сўровига раҳбарнинг ўзи эмас, балки унинг ўринбосари, ҳатто бошқарма бошлиқлари жавоб қайтараётганлигини танқид қилиб ўтдилар.

Бу борада давлатимиз раҳбари парламентга ва депутатга бўлган ҳурматни ошириш, бундай салбий ҳолатларга мутлақо йўл қўйиб бўлмаслигини, парламент ва депутат сўровига вазирлик ва идоралар биринчи раҳбарларининг шахсан ўзлари жавоб бериши шартлигини қонунда белгилашни таклиф қилдилар.

Ўйлаймизки, янгиланган парламент ва партиямиз фракциялари халқимиз манфаати учун муҳим бўлган кўплаб қонунларни ишлаб чиқишда ташаббус кўрсатади. Айниқса, аҳолимиз муаммолари ва мурожаатлари ўз вақтида ечим топишга, тегишли вазирлик ва ташкилотлар раҳбарларининг депутатлар сўровига масъулият билан ёндашишларини талаб қиладиган ва уларнинг жавобгарлигини оширишга қаратилган қонунчиликка ўзгартириш киритишга ташаббус кўрсатамиз.

Президентимиз яна бир муҳим жиҳатга алоҳида эътибор қаратиб ўтдилар. Афсуски, партияларимиз ўз сиёсий мақсад ва дастурларини илгари суриш ва сафларини кенгайтириш ҳақида фақат сайлов арафасидагина эслаб қоладилар. Асосан шу даврда улар ўз аъзолари билан ишлаб, уларнинг сонини кўпайтиришга интилади. Бундай ёндашув, вақтинчалик ва расмиятчилик учун қилинадиган ишлар қанчалик тўғри? Бу албатта нотўғри, дея фикр билдириб ўтдилар.

Ҳақиқатдан ҳам биз депуталар сайловдан кейинги давр мобайнида ўз сайловчиларимиз олдида ўзимизни ҳисобдор деб билишимиз, депутатларимиз халқ манфаатлари учун доимо хизмат қилиши, сайловолди дастурида белгилаб олинган барча устувор вазифаларни сидқидилдан амалга ошириши, электорат ичига чуқур ва тизимли равишда кириб боришимиз лозим. Бу йўлда биз бор куч ва билимимизни, салоҳиятимизни тўлиқ сафарбар этган ҳолда астойдил ҳаракат қиламиз.

Зафаржон Жалолов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    590
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+