Ҳаммаси халқ бахти, фаровон ҳаёти учун

27.01.2020, 10:04

Ҳаммаси халқ бахти, фаровон ҳаёти учун

Кеча барчамиз яна бир тарихий жараёнга гувоҳ бўлдик – бу йил учинчи бор Президентимиз Парламентга мурожаатнома билан чиқдилар. Бу ҳаётбахш, инсон манфаатлари энг юксак даражага кўтарилган мурожаатномада ислоҳотларнинг ҳаётимиздаги аҳамияти янада ёрқинроқ тарзда очиб берилди ва бу жараёнда ҳар бир соҳа кишисидан масъулият талаб этилиши алоҳида таъкидланди.

Мурожаатномада соғлиқни сақлаш соҳаси, ундаги мавжуд муаммо ва уларнинг ечимига муфассал тўхталингани биз тизимнинг каттаю кичик вакилларини бирдек қувонтирди. «Шифокорларимизнинг ҳам обрўсини оширимиз керак бўлади. Ижтимоий тармоқларда уларга нисбатан бўлаётган зўравонликларни кўриб қоламиз. Бу бизнинг менталитетимизга умуман тўғри келмайдиган ҳолат, буни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Шунинг учун шифокорларнинг мақомини, обрўсини оширимиз шарт. Худди ўқитувчиларга қилганимиз каби шифокорларга ҳам муносиб меҳнат шароити яратиш учун амалий ишлар қилишимиз лозим”, дедилар давлатимиз раҳбари мурожаатномада. Бу сўзлар нафақат ҳамкасбларимизнинг кўнглига хотиржамлик бағишлайди, балки касбига бўлган ҳурматини ошириб, шижоатга ундайди.

Мурожаатномада, шунингдек, жорий йилда давлат тиббиёт ташкилотлари ва аҳолини дори воситалари, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ўтган йилга нисбатан 1,3 баробар кўп ёки қарийб 1,5 триллион сўм ажратилгани, 281 та тиббиёт муассасасини қуриш ва таъмирлашга бюджетдан 1,1 триллион сўм сарфлангани эътироф этиб ўтилди. Бу кўрсаткичларга Наманган вилояти соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг амалий ижроси муносиб ҳисса бўлиб қўшилганини таъкидлаш бизга мамнуният бағишлайди.

Мурожаатнома олдимизга муҳим вазифаларни ҳам қўйиб берди. Келгусида 17 та ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт муассасасини бошқаришда замонавий менежмент жорий этилади. Давлат-хусусий шериклик асосида хусусий тиббиётни янада ривожлантириш, соғлом рақобатни кучайтириш, биринчи навбатда, ихтисослашган тиббиёт марказларига хорижий инвесторларни жалб этиш чоралари кўрилади. “Гематологик ва вирусологик ёрдам сифатини ошириш, бу турдаги даволаш қийин бўлган беморларга тиббий хизмат кўрсатишни тубдан ислоҳ қилиш вақти келди. Қон ва вирусли касалликларни барвақт аниқлаш, даволаш учун малакали гематолог, вирусолог ва иммунолог тайёрлаш, дори-дармон ва тиббиёт техникаси учун маблағларни кўпайтиришимиз зарур”, дедилар Президентимиз ўз мурожаатномаларида.

Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштиришни тубдан ислоҳ қилиш мақсадида бу йил мажбурий тиббий суғуртага оид қонунларни қабул қилиш ва уни амалга ошириш бўйича барча ташкилий чораларни ишлаб чиқилади. Айтиб ўтилганидек, ушбу тизим жорий йилда Сирдарё вилоятида тажриба сифатида бошланади. Дори воситалари ҳаракатини назорат қилиш, контрафакт маҳсулотлар айланишига чек қўйиш ва дориларнинг реал нархини “онлайн” тартибида кузатиб бориш тизимини яратиш ҳам долзарб вазифалар сифатида таъкидланди.

Кўриниб турибдики, “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” дея ном берилган 2020 йилда тиббиёт соҳасида улкан ҳаётбахш ислоҳот ва ўзгаришлар амалга оширилади. Буларнинг барчаси халқимизнинг ўз ҳаётидан рози, фаровон ва соғлом умр кечириши, шу аснода жамият равнақига улуш қўшишидек қутлуғ мақсад учун. Албатта, бутун куч-салоҳиятимиз, билим ва имкониятларимизни сафарбар этган ҳолда бу вазифаларни тўлақонли амалга оширилишига эришамиз.

Солижон МЎМИНОВ,

O'zLiDeP Наманган вилоят

Кенгаши раиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    865
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+