Ўзбекистон қурилиш бизнеси корхоналари ассоцацияси қурилиш соҳасидаги муаммоларни бартараф этадими?

31.01.2020, 21:15

Ўзбекистон қурилиш бизнеси корхоналари ассоцацияси қурилиш соҳасидаги муаммоларни бартараф этадими?

Сўнгги уч йилда мамлакатимизда шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларида замонавий архитектура қиёфасини шакллантириш, қурилишни жадаллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Аммо соҳада эришилаётган ютуқлар билан бирга, ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам бор. Хусусан, қурилиш соҳасида бугунги кунда масъул манфаатдор шахслар ва кенг жамоатчилик кўз ўнгида амалга оширилаётган жараёнларни кузатиш имконияти мавжуд эмас.

Статистик маълумотларга кўра, соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 6,4 фоизни ташкил қилиб, ялпи қурилиш ишлари ҳажми 68,8 трлн. сўмни ёки 7 млрд.доллардан ортиқни ташкил қилмоқда. 2019 йил давомида мамлакатимиз бўйича амалга оширилган жами қурилиш ишлари ҳажмининг 94,3 фоизи нодавлат қурилиш ташкилотлари ҳисобига тўғри келмоқда. Қурилиш ишларининг 75,4 фоизи кичик бизнес ҳисобига бажарилган.

Бугунги кун ҳолатига кўра фаолият кўрсатаётган кичик қурилиш ташкилотлари сони 36 мингдан ортиқ бўлиб, уларнинг
15 мингдан ортиғи 2018-2019 йилларда ташкил этилган. Шу сабабли “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунга асосан объектларни лойиҳалаштириш, қуриш ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар ҳажми 12,4 трлн.сўм қилиб белгиланди. Бу жами 2020 йил учун кутилаётган бюджет даромадларининг 12,7 фоизини ташкил қилмоқда.

Бугун, 31 январь куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Бизнес тузилмалар ва фермерлар билан ишлаш бўлими томонидан “Қурилиш соҳаси бизнесини ривожлантириш ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш” мавзусида ташкил этилган амалий учрашувда бу ҳақда алоҳида таъкидланди.  

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, соҳага алоқадор вазирлик ва ташкилот вакиллари, тижорат банк ходимлари ҳамда инвесторлар иштирок этди.  

Тадбирда бюджет маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан амалга ошириладиган қурилиш ишлари ҳажми 2020 йилда 2019 йил кўрсаткичларига нисбатан 115 фоизга ўсиши кутилаётгани, жорий йилдан бошлаб ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда инвестиция дастурлари ўрта муддатга ишлаб чиқилиши қайд этилди. 2020-2022 йилларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш учун 48 трлн.сўм ҳамда инвестиция дастурига мувофиқ 223 трлн.сўмдан ортиқ маблағлар сафарбар қилиниши, ушбу маблағларнинг асосий қисми қурилиш ишларига сафарбар этилиши таъкидланди.

“Тадбирда қурилиш соҳасини ривожлантиришга қаратилган ва амалиётдаги кўплаб муаммолардан келиб чиқиб билдирилган таклифлар Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини такомиллаштиришда асқотади. Президентимизнинг парламентга мурожаатида кайд этилганидек, “Жамият ислоҳотлар ташаббускори”га айланиб бораётганлигининг эътирофи сифатида янги ташкил этилган “Ўзбекистон қурилиш бизнеси корхоналари ассоцацияси”ни мисол қилиб келтириш мумкин. Кодексга Шаҳарсозлик фаолиятидаги қарорларнинг муҳокамасида жамоатчилик назоратининг иштирокини таъминлаш юзасидан киритилаётган янги норма бу каби жамоатчилик тузилмаларининг профессионал фаолият юритиши учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади”, – дейди Олий Мажлис Конунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси аъзоси Ботир Мардаев.

Қурилиш соҳасида коррупция ҳолатларининг юқорилиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қурилиш ишларига аралашувнинг кўплиги ва объектни қисқа муддатда топширишга қўйилаётган талаблар иморатларнинг сифатига салбий таъсир кўрсатаётгани танқид қилинди.

Қурилиш соҳасидаги муаммолар ечимини аниқлаш тизимини самарали ташкил этиш мақсадида “Ўзбекистон қурилиш бизнеси корхоналари ассоцацияси”нинг ташкил қилингани бу борадаги янги ислоҳотларни амалга оширишда жамоатчилик томонидан қўйилган илк қадам бўлди. Мазкур қурилиш бизнеси корхоналари умумий бирлашмасининг мақсади соҳадаги муаммоларни аниқ ечими билан бирга, тадбиркорлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда амалиётга жорий қилиш мумкин бўлган таклифларни тайёрлаб беришдан иборат.  

Тадбирда иштирокчилар мазкур Ассоцация вакилларининг қурилиш бизнесини ривожлантириш бўйича амалга ошириши режалаштирилган дастурлари билан танишди. Муаммони ҳар бир идора алоҳида таҳлил қилиб, таклиф киритиши эмас, балки жамоатчилик билан маслаҳатлашган ҳолда барчанинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳисобга олиб ишлаб чиқиш зарурлиги айтиб ўтилди.

Тадбирда партия вакиллари юқоридаги масалалар бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари билан ёрдамга ва ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдиришди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1825
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Махмудова Гулнора2020-02-01 08:28:20

Қурилиш сохасида, ҳақиқатда ноаниқлик ва муаммолар кўп. Хусусан, тадбиркорлик объектлари қурилишини ташкил этишда, объектлардан муаммосиз фойдаланишда, тўғри подрядчиклар топишда, айниқса тадбиркор аёлларимиз соха билимлари етишмаслигидан қийналишади. Ўзбекистон қурилиш бизнеси ассоциациясидан хамкорлик ва яхши амалий таклифларни кутамиз ва Ассоциация ишига муваффақиятлар тилаймиз.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+