Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш қонун билан тартибга солинади

27.02.2020, 17:58

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш  қонун  билан тартибга  солинади

Кейинги пайтларда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибга солиш бўйича кўп ва хўп гапирилмоқда. Чунки тўйлардаги дабдабабозликлар оилаларни иқтисодий, маънавий жиҳатдан қийнаб қўймоқда. Пул топиб ақл топмаган айрим кимсалар эса тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли янги одатларни ўйлаб топмоқда. 

Шу боис тўйларни ихчам, камхарж қилиб ўтказиш ва тартибга солишга юртимизда бундан 100 йил муқаддам жадид боболаримиз имкон қадар ҳаракат қилишган. Айниқса, Маҳмудхўжа Беҳбудий “тўй ва аза исмидаги бу икки қаттол душман ҳаётимизга эгов, оёғимизга тушов” бўлаётганини куюниб ёзган.

Афсуски, бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамай,  ҳамон тўйларни дабдаба билан ўтказишга, қатор кортежлар ташкил қилишга уринаётган юртдошларимиз учраб турибди. Буни, айниқса, интернет саҳифаларида, ижтимоий тармоқларда кўриб турибмиз. Бундай хунук ҳолатларга чек қўйиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги Қўшма қарори билан Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низом қабул қилинди. Қарор билан тасдиқланган  низом ҳам жорий йил 1 январдан кучга кирди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан Тўй ва маросимларни ўтказиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди.

Лойиҳада тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибини мазкур тадбирларни ўтказувчи шахс томонидан бузиш ёки тўйхона, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахслари томонидан бузиш ҳолатларида қўлланиладиган жарима миқдори белгиланди.  

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида ҳам мазкур қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилиниб, парламент аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди ва қабул қилинди. Боиси лойиҳа билан ушбу тартибни мазкур тадбирларни ўтказувчи шахс томонидан бузиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга тўйхона, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахслари томонидан бу тартибнинг бузилиши эса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Умуман олганда, мазкур қонун ўзини кўз-кўз қилиш, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатларга барҳам беради. Энг муҳими, аҳоли томонидан ортиқча деб айтилаётган “Чарлар”, “ақиқа маросими”, “мучал тўйи”, “қиз мажлис”, “куёв чақириқ” ва бошқа ортиқча маросимларни қисқаришига замин яратади.

 Ақшагул ТУЛЕГЕНОВА,

Олий Мажлис  Қонунчилик

 палатаси  депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1041
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+