Депутат стипендияси норинлик ўқувчиларга топширилди

02.03.2020, 16:18

Депутат стипендияси норинлик ўқувчиларга топширилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зафар Худойбердиев 54-Норин сайлов округи ҳудудига кирувчи маҳаллаларда аҳоли мурожаатларини тинглаб, уларга ечим излади. 

Дастлаб, Уйчи тумани Жийдакапа қишлоғида фаолият юритувчи фермер Анварбек Эгамбердиев томонидан қилинган мурожаатлар ўрганилди. 

Муаммо шундаки, фермер хўжалиги ҳудудидан “Янгиқўрғон-Чортоқ-Уйчи-Наманган” магистрал канализация тармоғи ўтган бўлиб, бу тармоққа 34 мингдан ортиқ аҳоли яшовчи Норин дарёси бўйида жойлашган, захкаш ҳудуд ҳисобланган Жийдакапа қишлоғига уланмаган.  

Яна бир муаммо – қишлоқ ҳудудида жойлашган 9 та МФЙда маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш йўлга қўйилмаган. Кўтарилган муаммолар Уйчи тумани ҳокимлиги мутасаддилари билан муҳокама қилинди.

Маълумотларига кўра, қишлоқни канализация тармоғига улаш ишлари Наманган – Андижон магистрал йўлининг 5,6 км лик “Баланд кўприк – Норин дарёси кўприги” автомагистрал йўли қисми қирғоқларини яқин 5 йилликда ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши жараёнида кўриб чиқиш кўзда тутилган. Чиқинди ташувчи махсус траспортлар билан таъминланганлик эса Уйчи тумани бўйича 50 фоизга ҳал этилган, холос.  

Халқ вакили мурожаатчи билан бевосита учрашиб, мазкур масалалар республика даражасида ҳал этилиши нуқтаи назаридан тегишли органларга депутатлик сўрови юбориб, ҳал этиш чораларини кўришини билирди. 

Норин туманининг Тўда қишлоғида ўтказилган учрашувда электр тармоғидаги муаммолар, яъни истеъмолчилар сонининг кўплиги эвазига трансформаторлар қуввати етмаётгани, янги столбалар олиб келинган бўлсада, уларни ўрнатишда муаммолар бўлаётгани алоҳида таъкидланди.

Норин туманидаги Найманобод ва Қўрғонча МФЙ аҳолиси билан бўлиб ўтган мулоқотда эса фуқаролардан суюлтирилган газ баллони билан таъминлаш ва электр тармоғи учун столбалар ўрнатиш, кўчаларни шағаллаштириш каби масалаларда мурожаатлар келиб тушди.

Мазкур муаммоларни жойида бартараф этиш мақсадида туман мутасаддилари, хусусан туман ҳокими, сектор раҳбари ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар жалб этилди. 

Шундан сўнг Наймонобод МФЙда электр тармоғи учун янги столбалар, суюлтирилган газ баллонлари келтирилди. Қўрғонча МФЙда эса ички кўчаларни шағаллаштириш ишлари амалга оширилди.

Халқ вакили шу куни туманнинг 23 ва 37 -мактабгача таълим муассасалари, 24 ва 25-умумтаълим мактабларидаги ижтимоий муаммоларни ҳам ўрганди. Мазкур ижтимоий объектларда ўз сиғимига нисбатан болалар қамровининг кўплиги сабабли қўшимча бинолар қуриш, очиқ ва ёпиқ спорт майдончалари барпо этиш, мазкур объектларнинг чегараларини белгилаш каби муаммолар мавжудлиги кузатилди.

Тумандаги 28-умумтаълим мактабининг педагогик жамоаси ва жамоатчилик кенгаши аъзолари билан учрашувда жорий йилнинг 19-25 февраль кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан тумандаги Бойовул МФЙ ҳудудида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ўрганишлар жараёни муҳокама этилди.

Жамоатчилик томонидан мазкур мактаб 2020 йил Инвестиция дастурига киритилгани, бироқ лойиҳа ишларида мактаб муаммосини охиригача ечиш кўзда тутилмагани кузатилган эди.

Учрашувда мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Ш.Шерматовга депутатлик сўрови юборилгани маълум қилинди ва учрашув иштирокчилари сўров матни билан таништирилди. Мактаб жамоаси бу ҳолат ҳар бир кўтарилган муаммо депутатлар назоратида эканлигидан далолат беришини, депутатлар фаолияти очиқ ва шаффоф амалга оширилаётганидан мамнун эканликларини билдирдилар. Мактаб жамоасига депутат томонидан китоблар тўплами тақдим этилди.

Депутат Норин тумани мактабларининг 11-синфида таҳсил олаётган ўқувчилари ичида туман фан олипиадаларида фахрли биринчи ўринни эгаллаган ғолиблар ва уларнинг устозларини бир марталик “Депутат стипендияси” билан тақдирлаш ташаббуси билан чиққан эди.

Халқ вакили туман олимпиадаси ғолиблари таҳсил олаётган мактабларга ташриф буюриб, "Депутат стипендияси”нинг илк стипендиантларига ташаккурнома, китоблар тўплами ва пул мукофотларини топширди.

Юдуз ЮЛДАШЕВА,

O‘zLiDeP Наманган

вилоят Кенгаши

матбуоткотиби

  • Кўрилди
    1253
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+