“Санам”да ишлаб чиқарилаётган тиббий ниқоблар аҳолига арзон нархда тарқатилмоқда

21.03.2020, 14:05

“Санам”да ишлаб чиқарилаётган тиббий ниқоблар аҳолига арзон нархда тарқатилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан таркиб топган ишчи гуруҳ жойларда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, ушбу вируснинг кенг тарқалашининг олдини олиш ҳамда шифохоналарни зарур дори воситалари билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Қашқадарё вилоятида бўлди.

Таъкидлаш жоиз, бугун жойларда бўлгани каби воҳада ҳам аҳолини коронавирус хавфидан асраш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, йўловчи ташувчи траспорт воситалари дизенфекция қилиниб, бозорлар, супермаркет ва савдо дўконларида нарх-навонинг асоссиз ошиб кетмаслиги учун тезкор чоралар кўриляпти.

Депутаталар ва партия вакиллари воҳадаги учрашувлари доирасида “Санам” корхонасида бўлиб, бу ерда коронавирусга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишларни кўздан кечирди, ишчи-ходимларни зарур ниқоб ва дори воситалари билан таъминлаш борасидаги ишлар билан қизиқди.

Таъкидлаш жоизки, бугун кўплаб тадбиркорларимиз ўз корхоналарида коронавирусга қарши курашиш, уни тарқалиб кетишини олдини олиш мақсадида тиббий ниқоблар ишлаб чиқариб аҳолига арзон ва бепул етказиб беришда ўз ҳиссаларини қўшмоқда.

Қарши шаҳридаги “Санам” корхонасида ҳам ҳозирда кийим-кечак маҳсулотлар ўрнига тиббий ниқоблар тикиб, дорихоналар ва бозорларга арзон нархларда етказиб беряпти, шу билан бирга аҳолига бепул тарқатиб беришда ҳам ўзининг беминнат хизматларини кўрсатиб келмоқда.

- Эл бошига иш тушган бир пайтда тадбиркор сифатида ҳамюртларимизни бу балодан асраш учун жамоамиз билан бел боғлаганмиз, - дейди “Санам” корхонаси раҳбари Фахриддин Эркаев. - Шу боис корхонамизда ишлаб чиқарилаётган тиббий ниқобларни дорихоналар ва дўконларга арзон нархларда етказиб беряпмиз. Касаллик ортга чекинмагунча, имкониятимиз даражасида бу ишни давом эттираверамиз. Биз ишлаб чиқараётган тиббий ниқобларни тадбиркорларимиз ҳам арзон нархларда сотишини ва халқ учун ўз ҳиссаларини қўшишига чақириб қоламан.

Партия вакиллари корхона раҳбари ва ишчи-ходимлар билан суҳбатлашиб, куни кеча давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган йиғилишда ва фармонида белгиланган вазифалар ҳақида тўхталиб ўтди. Ушбу вируснинг кенг тарқалишини олдини олиш учун шифокорлар тавсияларига ҳамда шахсий гигиена ва санитария қоидаларига қатъий амал қилиш лозимлигини таъкидлади.

– Мамлакатимиз бўйлаб эълон қилинган карантин билан боғлиқ айрим чекловларни тўғри тушуниш ҳамда уларни бузмаслик барчамизнинг энг муҳим вазифамиз саналади, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спекири ўринбосари Актам Ҳаитов. – Шу боис, ушбу касаллик туфайли мамлакатимизда эълон қилинган карантин ҳолати аслида сизу-бизнинг, фарзандларимизнинг саломатлигини муҳофаза қилиш учун жорий этилганини теран ҳис этган ҳолда, янада жипслашиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, бу мураккаб синовларни енгиб ўтишимиз лозим.  

Шу куни А.Ҳаитов бошчилигида бир гуруҳ партия вакиллари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари бозор ва дорихоналардаги нарх-наволарни ҳам ўргандилар. Аҳоли билан мулоқотлар давомида Президентимизнинг короновирус билан боғлиқ вазият бўйича халқимизга қилган мурожаати ҳақида кенгроқ тушунчалар берилди.

Мазкур учрашув доирасида депутатлар Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонада ҳам бўлиб, бу ерда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кўрилаётган чора-тадбирлар билан танишди.

  • Кўрилди
    1209
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+