Айрим мансабдорлар “карантин” тушунчасини билмайди (ми?)

01.04.2020, 17:51

Айрим мансабдорлар “карантин” тушунчасини билмайди (ми?)

Бутун дунёни ташвишга солгани каби мамлакатимизда ҳам коронавирус инфекцияси “кезиб” юрибди. Карантин эълон қилинган. Халқимиз саломатлиги, ҳимояси йўлида шифокорлар, мутасаддилар фидойилик намунасини кўрсатмоқдалар. Хайрия акцияларинику гапирмаса бўлади. Тадбиркорларимизга раҳмат, аҳолининг синовли кунларида елкадош бўлмоқдалар.

Аммо оғриқли нуқталар ҳам бош кўтармоқда. Яқинда ижтимоий тармоқларда вилоятимизда карантин вақтида “ҳашар” уюштирилгани хусусидаги гаплар “болалади”. Ўзбекистон бўйлаб карантин тадбирлари эълон қилиниб, унга амал қилмаганлар учун жазо тайинланган бир паллада, албатта, бу нафақат вилоят, балки бутун республика учун ачинарлидир. Айрим ҳокимият мансабдорлари томонидан ободонлаштириш ходимларининг олиб чиқилгани айтилаётган хабарларда вилоят ҳокими “нишон”га олингани кўринмоқда. Бироқ қизиғи, вилоят раҳбарининг бундан ҳатто хабари ҳам бўлмаган. Акс ҳолда деярли ҳар куни маҳаллий телевидение, радио ва маҳаллий сайтларда чиқиш қилиб, андижонликларни уйда ўтиришга, кўчага зарурат бўлмаса чиқмасликка чақирармиди?

Энг хавфли пандемия соя солиб турган вақтда бундай хабарларнинг тарқалишидан кимга наф? Масалан, шаҳарга кириш-чиқиш ёпилган, Андижон шаҳрининг ўзидаёқ бир неча шифохона карантинга олинган. Шунда ҳам инсонлар ҳаётини хавфга қўйиб “ҳашар” уюштириш тўғрисида гап бўлиши мумкинми?

Хўп, олиб чиқилган бўлса, ўша мутасаддилар вилоят ҳокимини “айбдор” қилишларидан қандай фойда? Демак, ўша айрим мансабдорлар “карантин” деган тушунчадан узоқ, пандемиянинг хавфини билмаяптилар. Уларга чора кўриш керак аслида! Ахир бугун фақат Ўзбекистонни эмас, бутун дунёни ларзага солаётган инфекцияга қарши курашишнинг моҳиятини англамаяптиларми?

“Уйда қолинг” акцияси замирида ҳам аслида инсониятнинг соғлигини муҳофаза қилиш, келажакни асраб қолишку! Биз айни дамда фақат ўзимизни ўйламаслигимиз керак, остонадан чиқаётганимизда кўз олдимизда ота-онамиз, оиламиз, фарзандларимиз, яқинларимиз гавдаланиши зарур. Карантинга амал қилмасак, ўзимиз азият чекамиз. Келажакни барбод қилишга “ҳисса қўшамиз”.

Келинг, (айрим мутасаддилар!) ижтимоий тармоқларни юқоридаги каби хабарлар билан “гуллатмайлик”.  Карантинми, карантинга амал қилайлик. Коронавирусни енгишда, тезроқ бартараф қилишда шифокорларга уйда қолиб ёрдам берайлик.

O'zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    381
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+