Ваҳима қилманг, ҳаммага етади

02.04.2020, 20:09

Ваҳима қилманг, ҳаммага етади

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси натижасида карантин эълон қилинди. Фуқароларнинг саломатлигини асраш йўлида бир қатор чекловлар ҳам қўйилмоқда. Лекин дорихона, шифохоналар, зарурий истеъмол махсулотларини ишлаб чиқариш корхоналари, бозорлар, озиқ-овқат дўконлари бир маромда ишламоқда. Нарх-наво ҳам мунтазам назорат қилиб келинмоқда. Шу кунга қадар ҳокимликлар, солиқ ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари, депутатлар томонидан тадбиркор ва савдогарлар билан суҳбатлар ўтказилиб, нарх-навонинг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик, аҳолини ваҳимага солувчи миш-мишлар тарқалишининг олдини олиш бўйича тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилди.

ОАВ орқали ҳам мамлакатимизда катта озиқ-овқат заҳиралари мавжудлиги, айниқса, рўзғорда муҳим бўлган маҳсулотлар, гўшт, картошка, ун, ёғ ва яна бир нечта истеъмол товарларининг мунтазамлилигини таъминлашга ҳар қачонгиданда катта эътибор қаратилаётганлиги тўғрисида бот-бот ахборотлар берилмоқда.

Шундай бўлсада, ижтимоий тармоқларда карантин муносабати билан картошка, пиёз ва сабзи маҳсулотларининг тақчиллиги юзага келиши, бу эса, нархларнинг кўтарилишига сабаб бўлиши мумкинлиги тўғрисида ноҳолис хабарлар тарқалди.

Айрим “журналист дўстларимиз” бозорларда одамларнинг картошка сотиб олиш учун турнақатор бўлиб навбатга турганликларини тасвирга олиб, аҳоли ўртасида ваҳима уйғотувчи ахборотларни сиздиришга ҳам улгуришди.

Аслида вазият улар талқин қилганидек мураккаб эмас. Иқтисодчи олимлар бу ҳолатни маҳсулотга талабнинг кескин ортиши, оддийроқ қилиб айтганда, карантин вақтида кўчага чиқмаслик учун озиқ-овқат ғамлаш васвасасининг натижаси, деб изоҳлашмоқда.

Шундан келиб чиқиб, O'zLiDeP депутатлари карантин қоидаларини бузмаган ҳолда, ўз округларидаги дўкон ва бозорларда картошканинг бугунги кундаги сотилиш нахрларини ўрганишди. Мисол учун:

Қорақалпоғистон Республикаси “Нукус” деҳқон бозорида 1 кг картошка 3,5-5 минг сўмдан;

Андижон вилояти “Эски шаҳар” деҳқон бозорида 4-5 минг сўмдан;

Самарқанд шаҳридаги деҳқон бозорида ҳам 3,5-5 минг сўмдан;

Фарғона вилояти “Олтиариқ” деҳқон бозорида 3,5-4 минг сўмдан;

Тошкент шаҳридаги “Миробод” деҳқон бозорида эса 2 минг 800 сўмдан сотилаётганига гувоҳ бўлишди.

Депутатларнинг айтишича, ўтган йилги ҳосилдан олинган картошканинг нархи кундан-кунга пастлаб бориши мумкин. Сабаби, жойларда томорқачи ва деҳқонларимиз томонидан жорий йилги янги картошка ҳосили сотувга чиқарилмоқда. Мазкур ҳосилдан заҳирага ҳам жамланади. Демак, ваҳима қилишга асло ҳожат йўқ.

Аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш давлатнинг муҳим стратегик вазифаси саналади. Бу вазифа ижросини таъминлаш эса, қаттиқ назоратга олинган. Шундай экан, кўнгилни ҳотиржам қилиб, ортиқча ваҳимага берилмайлик. Бу офатни енгиб ўтиш учун энг аввало, аҳил бўлишимиз, халқимизга хос бўлган оғир-вазминлик билан иш тутишимиз муҳимдир.

Сайёра Асранова,

O'zLiDeP Матбуот хизмати ходими

  • Кўрилди
    317
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+