Қаҳрамон Эргашев:Ваҳима қилишга ҳеч қандай асос йўқ!

03.04.2020, 15:35

Қаҳрамон Эргашев:Ваҳима қилишга ҳеч  қандай асос йўқ!

Шу кунларда кўча-куйда, ижтимоий тармоқларда бозорларда картошка нархининг қимматлашганига оид турли миш-мишлар кенг тарқалди. Кўпчилик озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, картошка нархининг ошиб кетаётганидан нолимоқда. Фуқаролар “ҳозир айни карантин даври бўлса, нега полиз маҳсулотлари бунча қиммат” деган саволларни ўртага ташламоқда.

Биз мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида жойлардаги бозорларга ташриф буюриб, у ерда нархларни сунъий оширилишини олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўргандик. Ўрганишлар жараёнида шуниси маълум бўлдики, айни пайтда аҳолини деҳқончилик, чорвачилик, мева-сабзавот билан таъминлаш учун барча захиралар яратилган. Деҳқонларимизга ва тадбиркорларга савдо ярмаркалари ташкил қилиб, маҳсулотларини харидорларга арзон нархларда сотишлари учун зарур шароитлар мавжуд. Нарх-наволар ҳам жойида, ошгани йўқ.  

Шунингдек, барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қатори картошканинг нархи ҳам арзонлаштирилган ҳолда сотилмоқда. Давлат солиқ қўмитаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент вакиллари нафақат картошка, балки барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг келишилган ҳолатдаги нархларини белгилаб беряпти. Энг муҳими, бозорларда қиммат нархга пуллайдиган олиб-сотар сотувчилар йўқ, бозор расталарида сотилаётган барча маҳсулотлар сифатли ва тартибли.

Аммо бугун ОАВ орқали мамлакатимизда озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларнинг керагидан ортиқ захираси мавжудлиги бот-бот такрорланаётган бир пайтда, ижтимоий тармоқларда озиқ-овқат танқислиги борасида асоссиз гап-сўзлар тарқалмоқда. Бу каби “миш-миш”лар эса бугуннинг долзарб мавзусига айланиб қолди.

Шу ўринда ёлғон маълумотларга ишониб, беҳудага хавотирга берилаётган юртдошларимизга мамлакатимизда коронавирус билан боғлиқ карантин бўлгани билан тадбиркор ва фермерларимиз ишни жадаллик билан олиб бораётганини, фаолиятини тўхтатиб қўймаганини айтмоқчимиз. Зотан, Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ тадбиркорлик субъектлари учун қатор енгилликлар яратилди. Шу боис тадбиркорлар ҳам бундай енгиллик ва имтиёзлардан самарали фойдаланиб, ички бозорларимизга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини арзон нархларда етказиб бераяпти.

Умуман олганда, мамлакатимизда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг захираси етарли. Хусусан, захира омборларида янги хосил бозорларга чиқгунга қадар етарлича картошка, пиёз, сабзи каби маҳсулотлар бор. Шундай экан, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Ундан кўра, карантин даврини ҳамжиҳатликда, хотиржам ва сабр билан енгиш фойдалироқдир.

 Қаҳрамон  ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    539
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+