O‘zLiDeP депутати Ўзбекистондаги уяли алоқа компанияларига мурожаат қилди

06.04.2020, 14:49

O‘zLiDeP депутати Ўзбекистондаги уяли алоқа компанияларига мурожаат қилди

Айни пайтда карантин сабабли мамлакатимизда барча турдаги ишлаб чиқариш корхоналари, давлат ва нодавлат ташкилотларига вақтинча таътил берилиб, ишчи-хизматчилар уйда ўтирган ҳолда масофавий меҳнат қилишга киришди.

Шунингдек, мамлакатимизда коронавирус инфекцияси қайд этилган илк кундан бошлаб барча таълим муассасаларидаги ўқувчиларга таътил берилди. Олий ўқув юрти талабалари марказлашган ҳолда яшаш жойларига жўнатилди. Таълимдаги узилишларнинг олдини олиш мақсадида эса 30 мартдан бошлаб теледарслар, интернет тармоқлари орқали видео ва онлайн дарслар эфирга узатилмоқда.

Карантин даврида таълим жараёнлари онлайн тизимга ўтгани сабабли аҳолининг фойдаланиб келаётган алоқа компанияларига бўлган эҳтиёжи ҳар қачонгидан ҳам ошди. Мисол учун, бир синфда камида 25 нафар ўқувчи таҳсил олганда битта ўқитувчининг уларга вазифалар бериши, улар томонидан юборилган жавобларини қабул қилиб олиши, болаларнинг ҳар бири билан алоҳида онлайн мулоқот қилишига бугунги кунда юқори суммада бир ойга бериладиган мегабайтлар ҳам етмаяпти.

Мана шундай оғир вазиятда ишлаб чиқариш қила олмаётган кўплаб тадбиркорлар ҳам ўз ходимларининг мушкулини осон қилиш, уларни шундай оғир вазиятда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида иш ўринларини сақлаган ҳолда уларга таътил бериб, ўз вақтида ойлик маошлари билан таъминлаб турибдилар.

Ҳозирги кунда бир оилада камида 2-3 нафар фарзандлар камолга етмоқда. Айни пайтда ишга бормаётган, ойлик маоши еб-ичиш харажатларидан ортмаётган, бунинг устига тиббий ниқоблар ва антисептик воситаларига кетаётган маблағларни кўпчилик оилалар амаллаб етказиб келмоқда.

Шундан келиб чиқиб мен халқ вакили сифатида Ўзбекистондаги барча уяли алоқа компанияларига мурожаат қилмоқчиман.

Айни чоғда коронавирус пандемиясига қарши курашишда фуқароларимизни руҳан қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ҳисса қўшаётганлар сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Бундай хайрли ишларга ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида машҳур тадбиркорлар билан бир қаторда барча вазирлик ва идоралар, давлат ташкилотлари ҳам фаол қатнашмоқда. Бугун ҳар ким қўлидан келадиган ёрдамини аямаётган бир пайтда нега “UMS”, “Beeline”, “Ucell”, “Uzmobile” компанияларининг фаоллиги сезилмаяпти? Ахир фақат карантин даврида бўлса ҳам, аҳоли учун қулай таърифлар ишлаб чиқса бўладику?!

Шу ўринда Ўзбекистондаги барча уяли алоқа компанияларидан имконияти доирасида бундай хайрли ишларга қўл уришини, аҳоли учун арзон ва сифатли, интернет трафиги ҳажми кўп бўлган таърифларни ишлаб чиқишингизни барча фуқароларимиз номидан сўраб қоламан. Бу билан халқимизни сизнинг компаниянгизга бўлган ишончи ва ҳурмати ошиб, доимий мижозингиз бўлиб қолишига ишонаман. Зотан, бу хайрли иш билан болажонларимизнинг сифатли таълим ва тарбия олишига, уларнинг билими ва дунёқарашини янада юксалтириб, юртимизнинг эртанги кун эгалари бўлиб камолга етишларига катта ҳисса қўшган бўласиз.

                                               Абдулла РУЗМЕТОВ,

                                               Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1155
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+