Ҳеч бир тадбиркор давлатимиз эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмайди!

07.04.2020, 12:52

Ҳеч бир тадбиркор давлатимиз эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмайди!

Маълумки, карантин даврида кўплаб тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тўхтатилди. Табиийки, фаолияти тўхтаган тадбиркор маҳсулотини сота олмайди. Демакки, даромад ҳам қилолмайди. Фойда бўлмагандан кейин солиқлар ёки кредит тўловлари бўлса, уларни тўлашда муаммоларга дуч келади.

Ана шундай синовли кунларда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон партиямиз электорати бўлган тадбиркорлар, ишбилармонларни руҳлантириб юборди.

Чунончи, мазкур ҳужжатга кўра, 22,3 триллион сўмлик чора-тадбирлар, шу жумладан, 20,1 триллион сўмлик солиқ ва кредит тўловларини кечиктириб туриш белгиланди. Шу билан бирга карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилмоқда. Ушбу имтиёз қарийб 150 минг якка тартибдаги тадбиркорга катта кўмак бўлади.

Ҳозирги шароитда аҳоли истеъмоли учун зарур ҳисобланган гўшт, ун, ўсимлик ёғи, сут ва бошқа маҳсулотларга талаб жуда юқори. Бундай маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқаришдан ташқари, уларнинг импортига ҳам эҳтиёж туғилади. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 13 турдаги озиқ-овқат, 7 турдаги гигиена воситалари, жами 20 турдаги маҳсулотлар импорти учун божхона божи ва акциз солиқларининг 2020 йил якунига қадар ундирилмаслиги тадбиркорлар учун айни муддао бўлди. Бу ўз навбатида, бундай маҳсулотлар нархларининг сунъий равишда оширилишининг ҳам олдини олади.

Шунингдек, карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқнинг ҳисобланмаслиги республикамизда фаолият олиб бораётган қарийб 150 минг тадбиркорга катта кўмак бўлади ва уларнинг 400 миллиард сўмлик маблағи тежаб қолинади.

Туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар эса йил якунига қадар мол-мулк ва ер солиқларини 12 фоиз эмас, балки 1 фоиз ставкада тўлаши эвазига уларнинг 135 миллиард сўмлик маблағи тежалишига сабаб бўлади.

Албатта, синов даврида қилинган бундай оқилона қарор халқимизга хизмат қилаётган ва мамлакат иқтисодиётини бойитишга катта ҳисса қўшаётган тадбиркорлар учун чинакам ғамхўрликнинг намунаси бўлди. Бу эса тадбиркорлар ҳамиша давлатимиз раҳбарининг эътиборида эканлигидан далолат беради.

Фахриддин САМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

 палатаси депутати,

OzLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    627
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+