Депутат Дилбар Усмонованинг қибрайлик сайловчиларга мурожаати

08.04.2020, 18:25

Депутат Дилбар Усмонованинг қибрайлик сайловчиларга мурожаати

Ассалому алайкум азиз ҳамюртлар,

Қадрли сайловчилар!

Шу кунларда коронавирус пандемияси туфайли Сизлар билан дийдор кўриша олмаяпмиз. Лекин бу синовли кунларнинг ҳам кўпи кетиб ози қолди. Бошимизга тушган мураккаб даврда мени сайлаган азиз ака-укаларим, опа-сингилларимга, шу қаторда бутун ватандошларимга самимий ва дилдан мурожаат қилишни вазифам деб биламан.

Қадрдонларим!

Айни дамда бутун дунёда вазият мураккаблашиб бормоқда. Жумладан, юртимизда ҳам касаллик  билан боғлиқ ҳолат мураккаблигича қолмоқда. Лекин Сизларни бундан ортиқча саросимага тушмасликка чақираман. Негаки, Президентимиз бошчилигида, халқимизни хасталик исканжасидан эсон-омон олиб чиқиш бўйича барча зарур ишлар қилинмоқда.   Одамлар саломатлигини асраш йўлида ҳукумат ҳеч нарсани аямаслигини фурсатдан фойдаланиб алоҳида таъкидламоқчиман.

Кўпчилик бошига тушган ушбу хасталикни фақатгина  кўпчилик бўлиб енгиш мумкин. Аввало, барчамиз ҳукумат томонидан эълон қилинган карантин ва чекловларни тўғри тушунишимиз керак. Коронавирусни юқтириб олмаслик бўйича телеканаллар, умуман, ОАВ орқали мунтазам  бериб борилаётган тавсияларга қатъий амал қилайлик. Бундай вазиятда энг хавфсиз ҳудуд ўз уйимиз эканлигини унутмайлик. Якдил фикр билан керакли тавсияларга амал қилсак, ўзимиз ва яқинларимиз саломатлигини асраган бўламиз. Бирлашсак, бир ёқадан бош чиқариб, хасталикка қарши курашсак, марра бизники бўлади.

Ҳаётимиз аввалгидек бир маромда, қизғин давом этиши учун ҳар доимгидан-да тартиб-интизомли, масъулиятли бўлайлик. Барчангизни ҳукуматимиз атрофида жипслашишга, қатъиятли бўлишга, пандемияга қарши курашиш қаратилган ягона режага амал қилишга чақираман. Касалликни маҳалламизга, оиламизга кириб келмаслиги учун зарурат бўлмаганда кўчага чиқишдан чекланайлик.

Азиз қибрайликлар, қадрли сайловчиларим!

Сизларга ғойибона бўлса-да, ушбу синовли кунларда Яратгандан фақат ва фақат сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилайман. Ўзингизни ва яқинларингизни асранг. Ишончим комилки, маънан ва қалбан биргаликда ушбу хасталикни тез кунда енгамиз ва дийдор кўришамиз.

Самимият билан,

Дилбар УСМОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    1046
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Шохиста 2020-04-12 00:33:38

Хар бир сузингиз тугри худо холаса бу кийинчиликдан чикиб кетамиз , сизга хам соглик тилимиз


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+