Якка ҳолда пандемияга қарши курашиб бўлмайди

12.04.2020, 17:46

Якка ҳолда пандемияга қарши курашиб бўлмайди

Жорий йил 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг коронавирус тарқалишига қарши курашишда умумий саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга бағишланган видеоанжуман шаклида ўтказилган навбатдан ташқари саммитида иштирок этди ва пандемияга қарши кураш масалаларида бир қатор таклифларни илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида дастлаб, ҳозирги вақтда бутун дунёни ташвишга солиб турган коронавирус пандемиясига қарши, уни кенг тарқалиб кетишини олдини олишга қаратилган малакатимизда олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, бу пандемия, ўзининг кўлами ва миқёсига кўра, мислсиз глобал инқирозга, бутун башарият тақдири ва жаҳон иқтисодиёти учун ғоят жиддий синовга айланганлигини таъкидлади.

Туркий халқларимиз ўзларининг кўп асрлик тарихида турли оғир синовлар ва мураккаб дамларни бошидан кечириб, уларни ҳамжиҳатликда мардонавор енгиб ўтишганлигини эслатиб ўтди.

Ҳақиқатдан ҳам, юзага келган бугунги қалтис вазият нафақат миллий, балки минтақавий ва халқаро миқёсда зудлик билан таъсирчан чора-тадбирлар кўришни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари доимгидек, мазкур масалада ҳам ўзининг қатор таклифларни илгари сурди.

Жумладан, Туркий Кенгаш доирасида доимий фаолият кўрсатадиган қўшма эпидемиологик кузатув тизимини шакллантириш зарурлигини, давлатларимизнинг соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, диагностика, даволаш, эпидемиологик ҳолатни ўрганиш ва илмий изланишлар бўйича маълумот ва тажриба алмашувни кенг йўлга қўйишни таклиф этди. Ҳақиқатдан ҳам бу таклиф жуда ўринли, чунки коронавирусга қарши курашда асосий “жанг майдони”да туриб, вирус юқтирган беморларни даволаб, кузатиб бораётган шифокорларимизнинг ҳам етарли тажрибаси бор, шундай бўлсада хозирги кунларда беморларни даволашда Жанубий Корея, Хитой, Россия, Исроил ва Германиянинг юқори малакали шифокорлари билан мунтазам тажриба алмашиб, уларнинг илғор амалиёти теле-медицина орқали қўлланилаётганлиги ҳам буни исботлаб турибди.

Давлатимиз раҳбари ҳозирги вазиятдан келиб чиққан ҳолда, етакчи мутахассислар иштирокида яқин кунларда биринчи видео-конференцияни ўтказиш таклифини берди. Шунингдек, Туркий Кенгаш котибиятида пандемияга қарши курашиш бўйича махсус мувофиқлаштирувчи гуруҳни тузиш лозимлиги таъкидланди. Ушбу гуруҳ давлатларимизда фаолият юритаётган миллий штаблар билан яқин алоқалар ўрнатиши айтилди.

Ҳозирги ғоят мураккаб шароитда Туркий тилли давлатлар ўртасида транспорт ва логистика соҳаларида юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш ва самарали мувофиқлаштириш мақсадида транспорт вазирларидан иборат Ишчи гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф жуда ўринли таклиф бўлди. Чунки қардош халқларимизни озиқ-овқат ва мева-сабзавот, дори-дармон, тиббиёт маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида юк ташиш ва транспорт коммуникацияларидан кенг фойдаланиш, чегара пунктларида транспорт воситаларининг ўзаро ҳаракатланишига амалий ёрдам кўрсатиш жуда зарур масаладир.

Таъкидланганидек, коронавирус талофатларини юмшатишда халқаро ташкилотлар кўмаги жуда муҳимдир. Гувоҳи бўлганимиздек, бугун барча коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг кўрсатма ва тавсиялари асосида даволанмоқда.

Айнан мазкур масалада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми ва ваколатларини янада ошириш, ушбу нуфузли ташкилот билан Туркий Кенгаш ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш тўрисида берилган таклиф ҳам ўринли бўлди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра 11 апрель ҳолатига дунё бўйича коронавирусни юқтирганлар сони 1,5 миллионни, ундан вафот этганлар эса 92 минг 700 кишини ташкил этмоқда. Шундай ривожланган давлатлардаги аянчли ҳолатларни ҳам эшитиб турибмиз. Бир Америкалик сенатор америкаликларнинг коронавирус инфекциясидан вафот этаётганлиги ва ишсизлик учун Хитойни айбдор деб кўрсатмоқда. Менинг назаримда, ҳозир айбдорни ахтариш эмас, балки баҳамжиҳат бўлиб, бу инфекцияга қарши курашиш йўлини ахтариш керак. Соҳа мутахассислари изланиши керак, давлатлар ўзаро бир бирига ёрдам бериши керак.  Ҳақиқатдан ҳам, бугун ўзимиз гувоҳи бўлиб турганимиздек, бирор бир давлат якка ҳолда ушбу пандемияга қарши кураш олиб боролмайди.

Ишонамизки, мазкур саммит йиғилишида муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган бу янги ғоялар, келгусида коронавирусга қарши кураш тадбирларининг самарадорлигини ошишига ҳамда Туркий тилли давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади ва албатта ўзининг ижобий натижасини беради.

 Мавлудахон Хўжаева

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Меҳнат ва ижтимоий

масалалар қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    782
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+