“Tashkent Pharma Park”: таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси истиқболи

21.04.2020, 12:19

“Tashkent Pharma Park”: таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси истиқболи

Ҳар бир мамлакатда аҳоли саломатлиги, соғлиқни сақлаш тизимининг ишлаш самараси, кўп жиҳатдан ушбу тизимнинг замонавий илмий-технологик ишланмалар асосида яратиладиган дори-дармон воситалари билан таъминланганлиги, соҳада катта амалий тажрибага эга мутахассис кадрларнинг мавжудлигига боғлиқдир.

Шу маънода, Президентимиз топшириғи билан Зангиота туманида қурилиши бошланган “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери Ўзбекистон тиббиёт соҳасининг ривожланиши учун мислсиз истиқболлар очади. Қарийб 80 гектар майдонда ташкил қилинадиган ушбу кластер ўқув, илмий тадқиқот ва ишлаб чиқариш комплексларидан иборат бўлиб, 1700 кишини иш билан таъминлайди. Марказий Осиёда ягона бўлган бундай инновацион кластерни бунёд этиш учун Корея Республикаси Эксимбанки билан ҳамкорлик қилинмоқда.

Таъкидлаш лозимки, ушбу фармацевтика кластерининг бунёд этилиши 2019 йил апрель ойида Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг мамлакатимизга ташрифи давомида келишилганди. Шу асосда ташкил этилаётган кластер мамлакатимиз фармацевтика тармоғида ўқув, илмий-тадқиқот салоҳиятини ривожлантириш, энг яхши хорижий ўқув дастурлари асосида фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш, юқори технологияли янги ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Коронавирус пандемияси шароити бўлишига қарамай, бундай инновацион кластерни бунёд этиш бўйича кенг қамровли ишларнинг бошланиши мамлакатимизда ушбу масалага ниҳоятда катта аҳамият бераётганидан далолатдир.

Фармацевтика ва фармакология соҳасидаги илмий тадқиқотлар ва инновация ишлари, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш масаласи аввалги даврларда хам эътибордан чеккада бўлмаган. Сўнгги йилларда республикамизда ташкил этилган бир қатор замонавий фармацевтика компаниялари юксак самарадорликка эга бўлган янги дори-дармон воситалари ишлаб чиқаришни ўзлаштирдилар. Лекин таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминловчи амалдаги механизмнинг йўқлиги сабабли замонавий дори-дармон воситалари ишлаб чиқариш ва уларни даволаш ишида қўллаш амалиёти муваффақиятли олиб борилмади. Шу боис, юртимизда ишлаб чиқарилаётган дори-дармон воситаларининг ички бозоридаги улуши 20 фоиздан ошмайди.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилаётган инновацион фармацевтика кластери эса соҳадаги ижобий хорижий тажриба асосида, халқаро миқёсда эътироф этилган кореялик мутахассислар ёрдамида барпо қилинмоқда. Унинг таркибида Фармацевтика техник университети, юксак даражадаги илмий-экспериментал базага эга бўлган тадқиқотлар институти ва кенг миқёсда ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган саноат комплекси ташкил этилади. Ушбу комплексга Жанубий Кореядан ташқари Чехия, Украина каби фармацевтика тармоғи ривожланган давлатларнинг етакчи компаниялари ҳам инвестиция киритишга катта қизиқиш билдирмоқда. Яна бир эътиборга молик ҳолат: ушбу ҳудудда хорижий клиникалар ва тиббий марказларнинг филиалларини ҳам очиш режалаштирилган. Бу эса унинг илмий тадқиқот тизимида яратилган янги дори-дармон воситаларини ва тиббиёт буюмларини хорижий мутахассислар билан биргаликда синовдан ўтказиш ҳамда унинг натижалари асосида халқаро сертификатлар олиб, бу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни чет давлатларга экспорт қилиш имконини яратади.

Муҳими, ушбу фармацевтика кластери илмий-ишлаб чиқариш шаҳарчаси шаклида бунёд этилиб, унда талаба-ёшларнинг ўқиши ва яшаши, олим ва мутахассисларнинг илмий-тадқиқот ва инновация ишларини олиб бориши учун барча шарт-шароит яратилади. Бу ерда илмий ишланмалар ва юксак технологиялар асосида дори-дармон воситалари ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши фармацевтика саноати кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистоннинг халқаро рейтингда етакчи ўринларга чиқишини таъминлайди ва бутун дунё тиббиёт илмининг даҳоси Ибн Сино ворислари бўлган ўзбек олим-фармакологларнинг нуфузини янада оширади.

 

Эркин ЗОҲИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Фан, таълим, маданият ва спорт

масалалари қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    665
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+