Жон томиримизда яшаётган хотира
07.05.2020, 11:31
Ўқувчилик йилларимиз урушда бўлган боболар билан мактабимизда учрашувлар ўтказиларди. Бирининг қўли, бирининг оёғи, бирининг кўзи йўқ фахрийлар билан юзма-юз келган ўша кезлар юрагимизда нимадир оғриқ берарди. Бола кўнглимиз нимадир ёмон нарсани пайқагани аниқ ўшанда. Уруш мажруҳ этган боболаримиз ўша дамлар анчагина эди. Бугун уларнинг сафлари сийраклашиб бормоқда. Уларни хотирлаш, ҳаёт турганларини қадрлаш эса, инсонийлигимиз, одамгарчилигимизнинг бир белгиси эканлигини кейин-кейин тушунганман.
Улғая боргач, ҳар йили катта тантаналар билан нишонланадиган 9 май куни аслида бизнинг уруш, қаҳрамонлик, жасорат каби тушунчаларимизга ойдинлик киритишини англадим. Бир пиёла чойимизни яйраб ичиб, бир бурда нонимизни осонгина, хотиржамгина томоғимиздан ўтказиб турган ҳар бир онимизнинг қанчалик қадр-қимматга эга эканлигини фаҳмлай бошладим. Тинчликнинг таъмини туя бошладим.
Биласизми, бу кунда биз қанчалик оғриқли бўлмасин, чинакам маънода фахрланадиган қаҳрамонликлар ҳақида сўзлаймиз. Урушнинг зир титратадиган оғриғини туйган кишилар ҳақида, неча-неча хонадонларнинг нури-чироғи бўлган, аммо уруш туфайли ҳаёт шами сўнган оталар, ёрини кута-кута чарчаган келинлар, фарзанди ҳақида бир энлик хат ёки хабар келишини кутиб бағри қон бўлган оналар, деворда осиғлиқ тишланган нонлар ҳақида сўзлаймиз. Ахир бу урушда 1 миллион 433 минг 230 нафар ватандошимиз иштирок этган. Унинг қонли, талотўпли жангоҳларидан 604 минг 52 нафар ҳамюртимиз ногирон бўлиб қайтган, 450 мингдан ортиқ ватандошимиз эса қонли жангларда ҳалок бўлган. Бу оз рақамлар эмас. Бу рақамлар ўша вақтлар Ўзбекистон қишлоғу шаҳарларининг деярли ҳар хонадонидан азиз фарзандлар урушга кетганини, уларнинг ҳар бири урушнинг оғриғини туйганини билдиради.
Бу ўғлонлар шунчаки жанг қилишгани йўқ. Улар чинакам қаҳрамонлик намунасини кўрсатган ҳолда тинчлик учун курашишган. Марҳум генерал-майор Собир Раҳимовнинг қаҳрамонликларини эсланг. Бу ҳақида боболар ҳали-ҳануз фахр билан сўзлаб юришади.
1902 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Собир Раҳимов ота-онасидан эрта етим қолган. 1922 йили ҳарбий хизматга кўнгиллилар сафида кетган. 1922-1925 йилларда Бокудаги ҳарбий мактабда таҳсил олгач, Самарқанддаги ўзбек отлиқ дивизиясида ҳарбий фаолиятини бошлаган. Йиллар давомида армия сафларида чиниққан ўзбек ўғлони Иккинчи жаҳон уруши бошлангунга қадар полковник унвонида масъул лавозимларда ишлаган. 1941 йил июль ойида у танк дивизияси таркибидаги моторлаштирилган полк командирининг ўринбосари бўлган. Унинг полки июль ойи бошларида биринчи марта жангга кирган. Қирғинбарот жангларда мард ва жасур командир ҳарбий маҳоратини кўрсатиб, душманнинг кўп режаларини чиппакка чиқаради. Қарши ҳужум душманни саросимага солади. Қақшатқич жангларда фашистлар бир неча бор чекинишга мажбур бўлган.
1942 йил ёз ойларида ўзбек ўғлонининг жанговар салоҳияти, саркардалик қобилияти туфайли уч ой орасида душманнинг 8 минг аскар ва офицерини қириб ташлагани ҳақида фронт газеталарида ҳам мақолалар ёзилган. Собир Раҳимов бошлиқ дивизия Краснодар йўлидаги душман мудофаасининг уч чизиғини босиб ўтиб, шаҳар озод этилишига улкан ҳисса қўшгани катта воқеа бўлганди. 1943 йил март ойида Собир Раҳимовга генерал-майор унвони берилганида ўзбек аскарлари қанчалик фахрланганини тасвирлаш қийин.
Ўз даврининг «темир генерали» деб ном қозонган С. Раҳимов 1945 йил 26 март куни қаҳрамонларча ҳалок бўлган. Бу хотираларни унутиб бўладими?
Ўзбекистон фуқаролари орасида 120 минг нафар инсон уруш йилларидаги хизматлари учун орден ва медаллар билан тақдирланган, совет иттифоқи қаҳрамонлари дея ном олган, улардан 53 нафари эса “Шуҳрат” ордени кавалерлари номига муносиб деб топилган.
Ўзбек болажон халқ эмасми, у қайси миллат бўлишидан қатъий назар етим қолган болаларни бағрига босиб, бир бурда нонини бўлишиб еган. Уруш йиллари Тошкент ва бутун республика жанг ҳаракатлари олиб борилаётган ерлардан кўчириб олиб келинган миллионлаб инсонларнинг умумий уйига айланди, 300 мингдан ортиқ етим болалар бу ерда ўзларининг янги оилаларини топдилар.
Ҳар йили 9 май куни биз ўша давр хотиралари ва қурбон бўлганларга нисбатан ҳурмат кўрсатиб ҳар йили уруш қатнашчиларини ёдга оламиз, омон қолган жангчиларни “Хотира ва қадрлаш куни” билан қутлаймиз. Бундан ташқари, уларга алоҳида эътибор кўрсатилади, ёрдам берилади ва ҳеч бирлари эътиборсиз қолдирилмайди. Бу йил фашизм устидан қозонилган ғалабага 75 йил тўлди. 75 йил бир инсоннинг ўртача умрига тенг вақт. Шу боис ҳам уни ҳар йилгидан ўзгачароқ нишонлаш ниятида эдик. Ҳатто, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида “Ғалаба” боғи ҳам очилиши режалаштирилган эди. Афсуски, коронавирус пандемияси туфайли бу тантаналар қолдирилди. Аммо саноқлигина қолган қаҳрамонларимизни эслаш, уларга пул мукофотлари ва совғалар улашиш аллақачон бошлаб юборилган. Ҳеч йўқса, уларнинг кўнглини кўтариш, хурсанд қилиш, бир оғирини енгил қилиш имконига эга эканлигимиздан қувонсак, арзийди.
Зеро, инсон бор экан, хотира – муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Халқ бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳеч бир кишини хотирасидан фориғ қилмайди.
Фахриддин САМАДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Ўхшаш янгиликлар
-
Давлат дастуридан келиб чиқадиган партия ва фракция олдидаги вазифалар муҳокама қилинди
26.02.2024, 17:32
-
Депутат мактаб кутубхонасига 100 дан ортиқ бадиий асарлар ва адабиётлар туҳфа қилди
14.02.2024, 17:23
-
Муҳим ва устувор вазифалар белгилаб олинди
31.01.2024, 17:49
-
“Аёллар дафтари” билан манзилли ишлашнинг шаффоф механизми яратилади
30.01.2024, 12:28
-
Депутат жарқўрғонлик тадбиркорлар муаммосини ўрганди
30.01.2024, 10:11
Фикрингизни қолдиринг