Қўллаб-қувватлашнинг навбатдаги пакети очилди

20.05.2020, 10:50

Қўллаб-қувватлашнинг навбатдаги пакети очилди

Ҳозирги пандемия даврида карантин ҳолатининг эълон қилиниши жаҳон иқтисодиётида рецессион фазани юзага келтирмоқда. Бу ҳолат мамлакатимиз иқтисодиётини ҳам четлаб ўтгани йўқ.

Иқтисодиётнинг циклли ривожланиши пандемия ҳолатларини истисно қилса-да, Ўзбекистондаги ҳозирги иқтисодий шароит ўзининг циклик оқими бўйлаб ҳаракат қилмоқда, яъни бу цикл иқтисодиётнинг бум (юксалиш) давридан рецессия (тушкунлик) фазасига ўтиши билан боғланмоқда. Буни иқтисодиётни циклли ривожланиши нуқтаи назаридан ижобий баҳолаш мумкин. Агар иқтисодиёт рецессион (тушкунлик) даврида ёки депрессия (турғунлик) ёхуд жонланиш фазаларида бўлган даврларда шундай пандемик ҳолат юзага келганда эди, бу ҳолатда иқтисодиётни ночор ҳолатга олиб келиб қўйган бўларди. Шукурки, ҳозирги пандемик ҳолат Ўзбекистонимиз иқтисодиётининг юксалган (бум ёки пик) даврида юзага келди. Бу ҳолатда иқтисодиётга давлатнинг фаол аралашуви билан иқтисодиётни рецессион ҳолатдан олиб чиқиб кетиш ва жонланиш, кейинчалик юксалиш даврларига бориш имкониятлари мавжуд.

Жорий йилнинг 19 март куни пандемиянинг иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисидаги фармон билан тадбиркорларимизга ва фуқароларимизга жуда катта имкониятлар яратиб берилган бўлса, 3 апрель куни ҳам пандемия келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари яна муҳокама марказида бўлди ва инқирозга қарши чораларнинг иккинчи пакети қабул қилинган эди. Жорий йилнинг 18 май куни эса ҳозирги пандемик даврда иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш, аҳоли бандлигини ошириш, даромадларини кўпайтириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг навбатдаги пакети очилди.

Хусусан, кичик тадбиркорлик субъектлари 2020 йилнинг 1 июнидан 1 сентябригача мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод этилди, улар мазкур солиқ турлари бўйича апрель ва май ойлари учун тўланиши лозим бўлган суммалар ва жорий йилнинг бошидан бошлаб ҳосил бўлган пеня ва жарималар суммаларини ҳисобдан чиқариш кўринишида давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш тақдим этилди. Шунингдек, 1 майдан 1 июлгача бўлган даврда микрофирма ва кичик корхоналарга ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача камайтирилиши белгиланди. Тадбиркорларимизга ва фуқароларимиз турмуш даражасини ошириш билан боғлиқ кўплаб имкониятларни яна санашда давом этишимиз мумкин. Бундай қўллаб-қувватловлар эвазига тадбиркорлик субъектлари ҳисобида вужудга келадиган қўшимча маблағлар ўз навбатида ишлаб чиқаришни жонлантириш, ривожлантириш ва кенгайтириш имкониятларини яратади.

Бу ғамхўрлик нимадан дарак беради? Биринчидан, давлатимизнинг бу вазиятдан чиқиш учун тинмай изланаётганидан ва иқтисодиётга фаол аралашаётганидан, иккинчидан, халқимизни ва тадбиркорларимизни бундай синовли кунларда қўллаб-қувватлашга иқтисодий ресурсларимиз етарли эканлигидан далолат беради.

Шуни унутмаслигимиз керакки, ҳар инқироз янги имкониятлар дебочасидир. Бу имкониятлардан фойдаланиш ва унинг самараси давлатимизнинг юксак тафаккур билан олиб бораётган сиёсатига тадбиркорларимизнинг вазиятни чуқур англаган ҳолда қатъий интизом ва улкан масъулият билан ёндашишига боғлиқ.

Ишонамизки, ЎзЛиДеП электорати бўлган тадбиркорларимиз бундай қўллаб-қувватлашга муносиб жавоб берадилар.

Зафар ХУДАЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    100
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+