Кичик саноат зоналарининг катта имкониятлари

23.05.2020, 08:26

Кичик саноат зоналарининг катта  имкониятлари

Айни дамда пандемиянинг аҳоли турмуш тарзи ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани боис, иқтисодиёт тармоқларида фаоллик ва тикланиш кузатиляпти. Буни тадбиркорлик субъектларининг электр энергияси истеъмоли, биржа савдоларидаги улушининг ошиб бораётганида кўриш мумкин.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 19 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган навбатдаги қўшимча чора-тадбирлар белгилаб берилди. Шу билан бир қаторда давлат активларини тадбиркорларга сотиш тизимида ҳалигача бюрократизм сақланиб қолганлиги танқид қилинди.

Жумладан, аукционга қўйилган айрим ер участкалари ва кўчмас мулк объектларининг инвестиция мажбуриятлари юқорилиги, инфратузилма ривожланмаган жойлардан ажратилгани сабабли 53 фоизи кўпдан бери сотилмаётгани, 57 та туман (шаҳар)да сўнгги 4 ойда тадбиркорлик учун бирорта ер участкаси аукционга чиқарилмагани, давлат улуши мавжуд 552 та объект бўш тургани қайд этилди.

Ушбу иншоотларда ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш, айримларида кичик саноат зоналари ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Бундан буён кичик саноат зоналарини мулк ҳуқуқи асосида ташкил этиш, бошқарувга хусусий секторни кенг жалб қилиниши, кичик саноат зоналарини инфратузилмага улаш учун жорий йилда Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 200 млрд. сўм ажратилиши белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида ҳам кичик саноат зоналари ташкил этиш ва уларга барча зарур инфратузилмаларни етказиб бериш учун Давлат бюджети маблағларидан 100 млрд. сўм ажратилиши белгиланганидан ҳам ушбу масаланинг қанчалик муҳимлигини кўришимиз мумкин.

Шу ўринда кичик саноат зоналарининг афзалликлари ва иқтисодиётдаги ўрни тўғрисида қисқача тўхталиб ўтиш зарур. Аввало, кичик саноат зоналарини ташкил этиш орқали тадбиркорларнинг ер майдони ва бино-иншоотларга бўлган ҳақиқий эҳтиёжи қондирилади. Кичик саноат зонаси иштирокчиси ўзига ажратилган ишлаб чиқариш майдонида узоқ муддатли инвестиция лойиҳаларини режалаштириш ва амалга ошириш имконига эга бўлади.

Янги ташкил этилган кичик саноат зоналаридаги ер участкаларининг тадбиркорларга хусусийлаштирилиб берилиши барқарор ва узлуксиз ишлаб чиқаришнинг кафолати бўлиб хизмат қилади. Бу ўз навбатида, доимий иш ўрни ҳам деганидир. Барча зарур инфратузилма билан таъминланганлик кичик саноат зонасининг энг муҳим асосий афзалликларидан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда мамлакатда 150 дан ортиқ кичик саноат зоналари ташкил қилинган бўлиб, уларнинг ҳудудида йилига жами 1,7 трлн сўмдан ортиқ қийматдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмига эга бўлган 1 700 га яқин кичик корхоналар фаолият юритиб келмоқда.

Кичик саноат зоналарининг қатор афзалликларини ҳисобга олган ҳолда, улар сонини кескин кўпайтириш, ҳар бир туман ва шаҳарларда  бўш турган ер майдонлари ва бино-иншоотлар негизида ихтисослашган, яъни озиқ-овқат, тайёр кийим-кечаклар, қурилиш материаллари, аҳоли кенг истеъмол маҳсулотлари, энг муҳими асоссиз импортни қисқартириш, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган ёки ишлаб чиқариш мумкин бўлган жуда кўплаб импорт маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида архитектура ва қурилиш талабларига жавоб берадиган янги кичик саноат зоналарини ташкил этишни жадаллаштириш зарур.

Шунингдек, кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш ишлари ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, уларни белгиланган талаблар даражасида ташкил этилишини тартибга солиш, ҳисобини юритиш, қўлланилаётган имтиёзларнинг самарадорлигини баҳолаб бориш, тадбиркорлик ташаббусларини, айниқса янги маҳсулот турларини ишлаб чиқаришни қўллаб қувватлашга эътибор қаратиш керак, деб ҳисоблайман. Чунки бу тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий фаоллигининг ошишига, айниқса  кичик бизнес субъектларининг ишлаб чиқариш фаолиятида кескин ўсишни таъминлашга, пировардда жойлардаги кўплаб  ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан бежизга янги кичик саноат зоналарини ташкил этиш бўйича қатор фармонлар чиқарилиб, такрор ва такрор равишда алоҳида эътибор қаратилмаяпти. Шундай экан, ушбу имтиёзларнинг ҳар бир тадбиркоргача етиб боришини таъминлаш учун зиммамиздаги вазифани виждонан тўла-тўкис амалга оширишимиз зарур.

 Ботир МАРДАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    740
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+