Аҳолининг ижтимоий ҳимоясига масъул ягона давлат тузилмасига эҳтиёж сезилмоқда

10.06.2020, 15:48

Аҳолининг ижтимоий ҳимоясига масъул ягона давлат  тузилмасига эҳтиёж сезилмоқда

Пандемия шароитида энг фаровон давлатларда ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш катта муаммо бўлиб қолмоқда. Мамлакатимизда ҳам ишсизлар сони кўпайди, оилалар даромади камайди. Шунингдек, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, пандемия 450 мингга яқин оилалар даромадига жиддий таъсир қилиши мумкин.

Шу сабабли ҳозирги оғир шароитда юртимизда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз раислигида бир неча маротаба видеоселектор йиғилишлари ўтказилиб, аҳолини иш билан таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб бериляпти.

Жорий йил 3 июнь куни камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам давлатимиз раҳбари бу масалага алоҳида тўхталиб, камбағал оиланинг ҳеч бўлмаганда битта аъзосини иш билан таъминлаб, уларни муҳтожликдан чиқариш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда айтиб ўтилганидек, бугунги кунда боқувчисини йўқотган оилалар сони 155 минг, 5 нафардан ортиқ фарзанди бор кам таъминланган оилалар сони 81 минг, ёлғиз яшовчи кексалар 16 минг нафарни ташкил этмоқда. Лекин ажратилаётган ижтимоий ёрдамлар эҳтиёжмандларга тўлиқ етиб бормаётган ҳолатлар ҳам кўп.

Шу боис Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига қўшимча ажратилган 992 миллиард сўм маблағни ҳамда “Саховат ва кўмак” жамғармасидаги 70 миллиард сўм қолдиқни муҳтож оилаларга аниқ ва адолатли етказиш бўйича қатъий топшириқ берилди.

Маълумки, республикада тирикчилик учун зарур энг кам миқдор ва минимал истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилмагани туфайли ижтимоий нафақалар яшаш харажатларига мос келмаяпди. Эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ёрдамни манзилли етиб боришини таъминлаш долзарб вазифага айланиб, қонунчилигимизда айрим камчиликлар борлиги яққол кўзга ташланди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига жорий йил 1 октябргача тирикчилик учун зарур энг кам миқдор ва минимал истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш вазифасининг  қўйилиши  айнан ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли қатламини аниқлаштиришга, бериладиган ижтимоий нафақалар яшаш харажатларини қоплашига шароит яратади.

Яна бир муҳим масала, бугун ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш малакасига эга бўлган ходимларни тайёрлаш масаласи ҳам долзарб экани кўзга ташланмоқда. Негаки, ижтимоий хизмат кўрсатувчи ижтимоий ходимлар тизими фаолияти – инқирозли вазиятдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга патронаж хизмати, ёлғиз кексаларни парваришлаш, ногирон болалар ва етим болаларнинг  жамиятга мослашувига  ёрдамлашиш, меҳнат муҳожирларининг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш кабилар шаклида бўлиши мумкин. Чунки ижтимоий ёрдам фақат пул ёки озиқ овқат кўринишида бўлмайди.

Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий ижтимоий экспертизадан ўтказиб, реабилитация воситалари (аравача, эшитиш мосламалари кабилар) билан таъминласа, Халқ таълими вазирлиги махсус мактаб интернатлари, меҳрибонлик уйлари таъминоти, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги эса ногиронлиги бўлган шахсларни бандлигини таъминлаш билан шуғулланади.

Кўриб турибмизки, ҳар битта вазирликда алохида рўйхат шакллантирилган. Лекин ижтимоий ҳимояга муҳтожларнинг ягона рўйхати ҳамда ижтимоий ҳимоя масаласига жавобгар ягона орган йўқ. Бу функция турли вазирликлар  орасида тақсимланиб кетган.

Ижтимоий таъминот тизимининг самарасиз ишлаш сабабларидан бири –  ёрдам кимга кўпроқ кераклиги ҳақида маҳалла ҳам, тегишли  идора-ташкилотлар  ҳам тўлиқ маълумотга эга эмас. Ҳар бир давлат органи ўзининг алоҳида рўйхатини мустақил юритади, ягона, тўлиқ тизим мавжуд эмас. Ягона  маъсул тузилма йўқлиги, ижтимоий таъминот олувчиларнинг ягона реестри мавжуд эмаслиги ҳақиқатан ёрдамга муҳтож одамлар ҳар доим ҳам керакли ёрдамни ола билмаслигига сабаб бўлади.

Шу нуқтаи назардан ижтимоий ҳимояга муҳтожлар бўйича маълумотлар базаси ягона бўлиши ва у янгиланиб туриши керак. Бирламчи ахборот манбаи бўлган маҳаллаларда халигача ижтимоий ҳимояга муҳтожларнинг аниқ рўйхати шакллантирилмаган. Бўлсаҳам муҳтожларнинг барчаси бу рўйхатларга киритилмаган. Ижтимоий ҳимояга муҳтожлик мезонлари ишлаб чиқилмаган. Бу эса ижтимоий ёрдам кўрсатилишида чалкашликларга сабаб бўлмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, аҳолининг ижтимоий ҳимоясига масъул ягона давлат тузилмасига эҳтиёж сезилмоқда. Шунингдек, эҳтиёжмандларни тўлиқ қамраб олиш мақсадида мазкур тузилма хайрия жамғармалари ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши керак. Фуқаролик жамияти институтлари эҳтиёжманд оилалар билан ишлаш учун ҳокимиятлардан ижтимоий буюртма қабул қилиши, давлат тамонидан молиялаштиришига эга бўлиши мумкин.

Йиғилишда  туман (шаҳар) сектор раҳбарларига  энг қийналган ва муҳтож оилалар рўйхатини шакллантириш, уларни камбағалликдан халос этиш режасини ишлаб чиқиш топширилди. Ушбу тизим давлат томонидан кам таъминланган оилаларга кўрсатиладиган хизматлар ҳисобини юритиш  бўйича ягона маълумотлар базаси, “Ягона ижтимоий реестр”  учун ҳам катта замин бўлади. Мутасаддиларга йил охиригача мазкур реестрни вазирлик – вилоят – туман – маҳалла кесимида тўлиқ жорий этиш бўйича кўрсатма берилди.

Ҳозирги кунда кам таъминланган оилаларга давлат томонидан турли хил ёрдамлар амалга оширилмоқда. Бироқ ушбу ёрдамларга муҳтож оилаларни аниқлаш тартиби ҳеч қандай қонунчилик ҳужжатларда белгиланмаган. Қайси оилага қандай ва неча пулга давлат томонидан ёрдамлар кўрсатилганлиги тўғрисида ягона маълумотлар базаси мавжуд эмас. Ягона реестр мана шундай маълумотлар базасига айланади ва ушбу база орқали автоматик тарзда барча ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш имконини беради. 

Айни пайтда ижтимоий нафақаларни олиш учун ёрдамга муҳтож оила аъзолари қатор маълумотномалар ва ҳужжатларни маҳалла фуқаролар йиғинига тақдим этиши керак. Ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг аризачи ва унинг оила аъзоларининг  даромадлари ҳисоб-китоб қилинади. Оиланинг моддий ва мулкий ҳолатини ўрганиб чиқилиб, маҳалла фуқаролар йиғинига махсус комиссияга тақдим қилинади. Комиссия эса хулосаларни кўриб чиқиб, оилага ижтимоий нафақани тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ушбу жараёнда талаб даражасида шаффофлик йўқ бўлиб, ижтимоий нафақани тайинлаш (ёки тайинламаслик) тўғрисида қарорга инсон омилининг катта таъсири мавжуддир.

Яратилган ягона реестр учун эса оила аъзоларининг бор-йўғи паспорти (вояга етганлар учун), туғилганлик тўғрисида гувоҳнома (болалар учун) ва никоҳни қайд этиш тўғрисида гувоҳнома (мавжуд бўлганда) нусхалари талаб этилади. Ушбу ҳужжатлар маҳалла фуқаролар органларига тақдим этилади ва бунда ушбу ҳужжатларни қабул қилинмаслигига йўл қўйилмайди. Қабул қилинган ҳужжатлар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларига тақдим этилгандан сўнг ариза ва унинг оила аъзолари шахсини тасдиқловчи ҳужжатлардаги маълумотлар Ягона реестрга киритилади.

Оиланинг муҳтожлигини аниқлаш учун зарур бўладиган бошқа маълумотлар (оила аъзолари даромадлари (иш ҳақи, пенсия,  ва бошқа), номида мавжуд кўчмас мол-мулки, автотранспорт воситалари, ишлаганлиги ёки ишсиз бўлганлиги, ишсиз бўлиб меҳнат органларига мурожаат қилганлиги тўғрисида) Ягона реестр орқали солиқ, кадастр, ички ишлар, меҳнат ва бошқа идоралардан автоматик равишда электрон тарзда олинади.

Қонунчиликда белгиланган мезон ва меъёрлардан келиб чиқиб, турли идоралардан олинган электрон маълумотлар асосида Ягона реестр, ҳеч қандай инсон омилисиз, аризачилар оиласига ижтимоий нафақаларни тайинлайди ёки тайинлашни рад этади ва бу бўйича қабул қилинган қарорлар аризачи ёки унинг оила аъзоларига СМС хабарлар орқали етказилади. Бу эса  ижтимоий нафақаларга муҳтож оилалар учун ариза бериш жараёнини кескин енгиллаштиради, ушбу оилалар учун маълумотларни йиғиш каби оворагарчиликларга барҳам берилади.

Кам таъминланганликни эътироф этиш ҳамда ижтимоий нафақаларни тайинлаш ёки рад этиш жараёни максимал даражада шаффофлашади. Нафақани тайинлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор фақат Ягона реестр ахборот тизими томонидан (унга киритилган мезонлар асосида) қабул қилинади, бунда ҳеч қандай инсон омили мавжуд эмас.  

Умуман олганда, бугунги кунда ҳудудларда камбағалликни қисқартириш борасидаги ислоҳотларни бажарилиши юзасидан Олий Мажлис  Қонунчилик палатаси депутатлари тамонидан  ўрганишлар олиб борилмоқда. Ўрганишлар жараёнида кузатилган камчиликлар муҳокама килиниб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Нигора ҚУТЛИМУРАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси  аъзоси

  • Кўрилди
    1577
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Гулнора2020-06-10 22:49:53

Ижтимоий химояга мухтож оилаларга уй жойга эга булмаган оилаларни киритиш мухим.уй жойга эга булмаган фукаролар уй олиш учун умрбод ишлайди лекин ишлаб турган даромодлар узидан ортмпйди ишлаган учун уларга болалар нафиса пули хам туланмайди лекин уй жойга эга булган фукаролар ишсизлик сабабли ижтимоий химояга мухтож оилаларга киритилади. Бунда адолат йук


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+