Кластер аграр соҳани жадал ривожлантиришнинг «локомотиви»дир

29.06.2020, 16:41

Кластер аграр соҳани жадал ривожлантиришнинг «локомотиви»дир

Президентимизнинг Наманганга қилган икки кунлик ташрифларини ҳаммамиз ОАВ орқали кузатиб бордик. Эътибор берадиган бўлсак, давлатимиз раҳбарининг вилоятдаги илк манзили доимо қишлоқ хўжалигига алоқадор бирор корхона ёки фермер хўжалиги бўлади. Бу галги ташриф ҳам Поп туманидаги «Нуран уз» мева-сабзавотчилик кластеридан бошланди.

Бу бежиз эмас. Чунки бугун дунё миқёсида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жиддий масалалардан бирига айланган. Бундай вазиятда эса қишлоқ хўжалиги соҳасида тизимли ислоҳотларни амалга ошириш ҳар қачонгиданда муҳим. Ҳозирда нафақат унумдор ернинг балки Президентимиз қарорига мувофиқ фойдаланишдан чиқиб кетган қишлоқ хўжалик ерларини оборотга қайтаришга алоҳида урғу берилаяпти. Олиб борилаётган амалий ишлар эса ўзининг самарасини бераяпти. «Нуран уз» МЧЖ Поп туманидаги адирликлардан иборат салкам 2 минг гектарга яқин ўзлаштирилмаган ерда мева-сабзавотчилик кластери ташкил этгани фикримизнинг ёрқин тасдиғидир.

Ана шу тизимни бугун вилоятнинг бошқа ҳудудларида хусусан, Тўрақўрғон, Янгиқўрғон туманларида ҳам бемалол ривожлантириш мумкин. Ҳар иккала ҳудуднинг табиий шароити бунга тўла имкон беради. Ишчи гуруҳ билан олиб борилган ўрганишлардан келиб чиқиб, қолаверса, соҳа мутахассиларининг фикрини ҳисобга олган ҳолда бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси қатор таклифларини ишлаб чиққан. Зеро, кластер, ҳақиқатан ҳам, натижадор тизим сифатида турли жабҳаларда ўз исботини топмоқда. Масалан, унинг пахтачиликда қўлланилиши фермердан тортиб, қайта ишловчи ва тўқимачилар кучини бирлаштириш имконини юзага келтирди. Бу пировард натижадан барча бирдек манфаатдор, деганидир.

Хом ашёдан кўра, уни тайёр маҳсулот кўринишида сотиш, экспорт қилиш ҳам давлатга, ҳам ишлаб чиқарувчига мўмай фойда келтиради. Кластер тизимида эса шу мақсадга эришиш мумкин. Тизимининг яна бир афзаллиги шундаки, улар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотлардан эркин фойдаланади, маҳсулоти нархини, уларни сотиш ҳажмини ҳам мустақил белгилайди. Шунингдек, барча меҳнаткашларнинг манфаатлари уйғунлашади. Яъни хом ашё етиштирувчидан бошлаб, уни қайта ишловчигача маҳсулот сифатига бирдек жавобгар бўлади. Чунки якуний жараён натижасига кўра, товарни сотишдан тушган қўшимча қийматнинг бир қисми шу ишга ҳисса қўшган меҳнаткашларга тақсимланади. Қолаверса, ишлаб чиқариш жараёнида янги иш ўринлари пайдо бўлади.

Бундан ташқари аҳолининг бандлигини таъминлаш, камбағалликдан чиқаришда томорқа ва ихчам иссиқхоналарни кўпайтириш ҳам ўз самарасини бераётганлиги, иссиқхоналарда «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида сифатли, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш орқали камбағал оилалар доимий даромад манбаига эга бўлиб бораётганлигини таъкидлаш жоиз. Шундан келиб чиққан ҳолда маҳсулотларни “Даладан - дастурхонга” тамойилини тизимли ташкил қилиш, керак бўлса Чуст ва Тўрақўрғон туманларида томорқа кластерларини ҳам йўлга қўйиш муҳим эканлигини алоҳида эътироф этиб ўтмоқчиман.

Бир сўз билан айтганда бу тизим нафақат Наманганда, балки, республикамизнинг барча туманларида аграр соҳани жадал ривожлантиришнинг «локомотиви»га айланишидан барчамиз бирдек манфаатдормиз.

Барно Мирзамова,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    828
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+