Хатолардан тўғри хулоса чиқариб, қурилиш соҳасида сифат ва хавфсизликни таъминлаш лозим

30.06.2020, 11:13

Хатолардан тўғри хулоса чиқариб, қурилиш соҳасида сифат ва хавфсизликни таъминлаш лозим

Президентимиз жорий йил Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг муҳим “драйвер”ларидан бири эканини айтиб, қурилиш соҳасини 2025 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш лозимлигини таъкидлаган эди.

Орадан қисқа вақт ўтиб, мазкур масала 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида аниқ механизмлар асосида акс этди.

Агар статастик маълумотларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2019 йилда соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 6,4 фоизни ташкил қилиб, ялпи қурилиш ишлари ҳажми 68,8 трлн.сўмни ташкил қилган. Эътиборга молик жиҳати шуки, ўтган йили қурилиш ишларининг 75,4 фоизи кичик бизнес ҳисобига амалга оширилган.

Бугунги кун ҳолатига фаолият кўрсатаётган кичик қурилиш ташкилотлари сони 38,2 мингдан ортиқ бўлиб, уларнинг
18 мингдан ортиғи (47%) 2018-2020 йилларда ташкил қилинган. Бундан кўриниб турибдики, сўнгги вақтларда Ўзбекистон чин маънода бунёдкорлик майдонига айланди.

Шунга мос равишда қурилиш ташкилотларининг сони ҳам кўпайиб бормоқда. Лекин, беш қўл баробар бўлмаганидек, қурилиш ишларининг замонавийлиги, қурилиш ишлари сифати, инсонлар учун хавфсиз объектлар қуриш бўйича олиб борилаётган ишларда кузатилаётган муаммолардан ҳам кўз юммаслик керак. Хусусан, соҳада коррупциянинг ривожланганлиги, малакали мутахассисларнинг етишмаслиги, қурилиш қоидаларининг эскирганлиги, қурилиш маданиятининг етарли даражада шаклланмаганлиги, қурилиш назорати соҳасидаги мутахассисларнинг ва замонавий ускуналарнинг етишмаслиги ва бошқа кўплаб омиллар соҳа ривожига соя солмоқда.

Ўтган давр қурилиш соҳасида “тажриба даври” бўлди деб ҳисобласак бўлади. Тажриба жараёнида хатоларга йўл қўйилиши, белгиланган режаларнинг амалга ошмаслиги ёки самара бермаслиги табиий хол ҳисобланади. Лекин, бундан буёғига айнан қурилиш соҳасида хато қилишга ҳаққимиз йўқ!

Бунинг яққол исботи сифатида Юнусободдаги метро қурилишидаги мудхиш фалокат, Бухоро вилоятининг айрим туманларида кучли бўрон натижасида биноларга етказилган зарар, “Сардоба” сув омборидаги офат ва бошқа бу каби ҳолатлар барчамизни яна бир бор хушёрликка чақирди. Яқинда Қарши шаҳридаги қурилиш объектида содир бўлган кўнгилсиз воқеа ҳам амалдаги қурилиш соҳасидаги нуқсонларнинг оқибатидир.

Мазкур воқеалар қурилиш соҳасидаги тизимли камчиликларнинг натижаси десак муболаға бўлмайди. Шу боис келгусида бундай талафотлар юз бермаслиги учун бугун бош қотиришимиз, қурилиш соҳасидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш, соҳада шаффофликни таъминлашимиз керак. Бунинг учун энг аввало, яхлит ҳуқуқий ҳужжат зарур.

Шу маънода “Қурилиш соҳасини 2025 йилга қадар ривожлантириш стратегияси”ни ишлаб чиқиш муҳим деб ҳисоблаймиз. Мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилаётган мазкур стратегия лойиҳасида биринчи навбатда, қисқа муддатларда ҳудудларни бош режаларини ишлаб чиқиш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари схемаларини онлайн харитасини яратиш, шунингдек, қурилиш майдонларини геологик ҳолати бўйича батафсил маълумотларни онлайн жойлаштиришни акс эттириш мақсадга мувофиқдир.

Шу билан бирга лойиҳада қурилиш объектларини мустақил аудитдан ўтказиш орқали қурилиш корхоналари фаолиятига баҳо бериш рейтинг тизимини жорий қилиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар билан пудратчилар ўртасида шаффоф олди-сотди тизимини яратиш, нахларни сунъий ошиб кетишини олдини олишга қаратилган манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқишни ҳам аниқ белгилаб қўйилиши лозим.  

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Бундан ташқари, қурилишни лойиҳалаштиришда арзон ва рақобатбардош хизматларни таклиф қилувчи профессионал ташкилотлар сонини кўпайтириш, қурилиш соҳасида фойдаланиладиган техникаларни мамлакатимизга олиб киришда имтиёзлар яратиш, қурилиш техникаларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни рағбатлантириш ва хорижий инветицияларни жалб қилиш ҳам ҳаётий заруратдир.  

Шунингдек, мазкур стратегия лойиҳасида бир қатор таклифларнинг белгиланиши билан қурилишга рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан соддалаштиришга, коррупциаген ва сансалорлик ҳолатлари олди олинишига хизмат қилади. Хусусан:  

биринчидан, қурилиш техникаларини сотиб олишда етказиб берувчилар томонидан бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиш имконини яратиш, банк хизматларини арзонлаштириш ва соддалаштириш;

иккинчидан, объектларни қуришда шаффоф тендер ўтказиш мақсадида ягона онлайн платформа яратиш. Бунда объектларнинг молиялаштириш манбаидан қатъий назар барча қурилиш корхоналарини иштирок этишида имкон яратиш;

учинчидан,  қурилиш бизнесидаги “Девелоперлик” хизматини қонуний асосларини яратиш учун “Девелоперлик тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш;

тўртинчидан,  қурилиш бизнеси корхоналари манфаатларини ҳимоя қилувчи, уларга амалий кўмак берувчи "Ўзбекистон Қурилиш бизнеси корхоналари Ассоциацияси" фаолиятини кенгайтириш, қурилиш соҳасида тайёрланаётган қонунлар, қарорлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Ассоциация билан келишиш тизимини амалиётга тадбиқ қилиш;

Шунингдек, ўтказилаётган тендерларда ва қурилиш йўналишидаги ўрганишларда "Ўзбекистон Қурилиш бизнеси корхоналари Ассоциацияси" иштирокини мажбурийлигини белгилаш ҳамда тадбиркорлар томонидан қурилган инновацион объектларни қисман субсидиялаш тизимини яратиш зарурдир.

Хулоса ўрнида айтганда, бугун қурилишни иқтисодиётимизнинг очиқ, шаффоф ва инновацион соҳасига айлантириш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда. “Қурилиш соҳасини 2025 йилга қадар ривожлантириш стратегияси”ни ишлаб чиқишда юқоридаги таклифларнинг инобатга олиниши эса келгусида соҳанинг инсонлар хавфсизлиги ва фаровонлигига хизмат қилиши шубҳасиз.

Бахтиёр Рухиддинов,

OʻzLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси

бўлим бошлиғи

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    721
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+