Иқтисодий ислоҳотлaр — мaкроиқтисодий бaрқaрорлик таянчи

01.07.2020, 17:16

Иқтисодий ислоҳотлaр — мaкроиқтисодий  бaрқaрорлик таянчи

Халқаро экспертларнинг фикрига кўра, 2021 йилда ўзбекистон иқтисодиёти 6,6 фоизга ўсиб, европа ва марказий осиё давлатлари орасида энг юқори кўрсаткичга эришади.

Йил бошида жаҳоннинг 160 дан ортиқ мамлакатида ижобий иқтисодий ўсиш суръатларига эришилиши кутилаётган эди. Лекин коронавирус пандемиясининг кенг тарқалиши ортидан дунё миқёсида иқтисодий ва ижтимоий инқироз юзага келди. Оқибатда орадан олти ой ўтмай, ушбу иқтисодий прогнозлар кескин ўзгарди.

Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси мутахасcисларининг қайд этишича, 2020 йил — энг кескин глобал иқтисодий пасайиш йилларидан бири сифатида дунё тарихидан ўрин олади. Бугунги кунда 170 дан ортиқ давлатда аҳоли жон бошига иқтисодий ўсиш суръати манфий бўлиши кутилмоқда. Бундай оламшумул иқтисодий пасайиш ўтган асрнинг 30-йилларидаги “буюк инқироз” давридан буён кузатилмаган эди.

Энг хавотирлиси шундаки, мамлакатлар ҳукуматлари томонидан мазкур инқирозга қарши триллионлаб долларлик фискал ва мислсиз даражада монетар чоралар кўраётганига қарамай, коронавирус инфекцияси тарқалишининг “иккинчи тўлқини” хавфи остида глобал иқтисодиётнинг қачон тўлиқ тикланиб, оёққа туриб олиши ҳамон катта сўроқ остида қолмоқда.

COVID-19 пандемияси бошқа минтақалар қатори, Европа ва Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётига ҳам сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатгани кузатилмоқда. Жаҳон бозорларида хомашё ресурслари ва нефть-газ маҳсулотларига бўлган талабнинг камайиши ва нархларнинг арзонлашиши, ташқи савдо ҳажмининг қисқариши, глобал таъминот занжиридаги узилиш каби омиллар билан бир қаторда, вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий қилинган қатъий карантин чоралари натижасида ички истеъмол ва иқтисодий фаолликнинг кескин камайиши минтақа мамлакатлари иқтисодиётининг пасайишига олиб келмоқда. Шунингдек, молия бозорларидан катта миқдордаги капитал қўйилмаларнинг чиқиб кетиши, миллий валюталарнинг кескин қадрсизланиши, кредит фоиз ставкаларини ортиши каби муаммолар ҳам иқтисодий инқироз таъсирини янада чуқурлаштиришга сабаб бўляпти.

Жаҳон банки мутахассислари томонидан тақдим этилган прогнозларга кўра, жорий йилда Европа ва Марказий Осиё давлатларининг иқтисодиёти ўртача 4,7 фоизга қисқариши кутилмоқда. Ушбу башоратнинг минтақа давлатлари кесимидаги таҳлили эса инқироз турли мамлакатларга турли даражада салбий таъсир кўрсатаётганини кўрсатмоқда. Экспортининг асосий улушини нефтьгаз ва энергетика маҳсулотлари ташкил этувчи айрим давлатларнинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми жорий йилда 2,6 фоиздан 6 фоизгача қисқариши тахмин қилинмоқда. Нефтга бўлган талабнинг камайиши ва унинг нархининг кескин пасайиши бундай мамлакатлар иқтисодиётининг тикланиши жараёнига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилмоқда. Коронавирус инфекциясининг кенг тарқалиши ортидан жорий қилинган қатъий карантин талаблари сабабли бутун дунёда туризм, авиация, ишлаб чиқариш, савдо ва кўнгилочар хизматлар кўрсатиш соҳалари мураккаб аҳволга тушиб қолгани сир эмас. Бунинг оқибатида иқтисодиётида ушбу соҳаларнинг ҳиссаси нисбатан юқори бўлган Марказий ва Шарқий Европа давлатларида ҳам жиддий иқтисодий пасайиш кўзга ташланмоқда. Мутахассислар фикрича, улар иқтисодиётининг тикланиш жараёни кўп жиҳатдан мавжуд эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашуви, ички истеъмол ҳажмлари ва хусусий сектор сармояларининг ўсиш суръатига боғлиқ.

Шу ўринда коронавирус пандемияси Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётига ҳам сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатганини қайд этиш лозим. Минтақанинг ташқи савдо соҳасидаги асосий ҳамкорлари бўлган Хитой ва Россия иқтисодиётидаги пасайиш ортидан 2020 йилда баъзи қўшни давлатларда ЯИМ ҳажми 3,8-4 фоизга қисқариши тахмин қилинмоқда. Ўзбекистон иқтисодиёти, гарчи йил бошидаги башоратларга нисбатан иқтисодий ўсиш суръати пасайишига қарамай, йиллик ҳисобда 1,5 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу эса Европа ва Марказий Осиё давлатлари орасида коронавирус пандемияси инқирози даврида энг яхши кўрсаткич ҳисобланади. Мутахассислар фикрича, мамлакат экспортининг диверсификациялашуви, талаб юқори бўлган саноат ва озиқ-овқат маҳсулотларининг экспортдаги салмоқли улуши, ташқи қарз миқдорининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан барқарорлиги ҳамда етарли олтин-валюта захираларининг мавжудлиги каби ижобий омиллар ишончли макроиқтисодий ҳимоя воситалари сифатида ҳозирги глобал инқирознинг Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатишга хизмат қилади.

Бу ҳақда гапирганда, мамлакатимиз Президентининг ушбу муҳим масала бўйича тутган қатъий позицияси ва тезкорлик билан қабул қилаётган комплекс чоратадбирлари амалда ўзининг ижобий натижаларини бераётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Халқаро экспертлар томонидан Ўзбекистонда коронавирус пандемиясининг аҳоли ҳаёти ва иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш, бундай мураккаб шароитда тадбиркорлар ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилган 30 трлн. сўмдан ортиқ ижтимоий нафақа, имтиёз ва префенциялар жамланмаси инқирозга қарши курашишнинг яна бир самарали усули сифатида алоҳида эътироф этилгани ҳам шундан далолат беради.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун солиқ ҳамда кредит таътиллари, солиқ имтиёзлари берилиши, давлат мулки учун ижара тўловларининг муайян муддатга бекор қилиниши, йил якунига қадар солиқ текширувларига мораторий жорий этилиши ҳамда иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволга тушиб қолган корхоналарга солиқ қарзлари учун пеня ҳисоблашнинг тўхтатилиши каби муҳим чоралар ҳам бу борада ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

Пандемиянинг халқимиз турмуш даражасига салбий таъсирини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, аҳолининг кам таъминланган қисмини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чоралар кўрилиши натижасида одамлар орасида хотиржамлик ва келажакка ишонч ҳисси мустаҳкамлангани кузатилди. Албатта, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган кенг қамровли иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар бугунги мураккаб синовлар даврида Ўзбекистон учун асосий таянч вазифасини ўтамоқда. Иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш ва фаол хусусийлаштириш жараёнлари, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларига жалб қилинган салмоқли инвестициялар, ишга туширилган йирик инфратузилма ва саноат лойиҳалари қисқа фурсатларда яна юқори иқтисодий ўсиш суръатларига эришиш имконини беради. Бу, ўз навбатида, Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси мутахассисларининг прогнозларидa ҳам ўз тасдиғини топган.

Халқаро экспертлар фикрига кўра, 2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 6,6 фоизга ўсишга эришади ва бу — Европа ва Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори кўрсаткичга айланади.

Бир сўз билан айтганда, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва эркинлаштиришга йўналтирилган институционал ва таркибий ислоҳотларни изчил давом эттириш келажакда янада яхшироқ натижалар бериши шубҳасиз.

 Дониёр ҒАНИЕВ,

 Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    589
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+