Халқнинг ИИБга бўлган ишончини қайтаришимиз керак!

02.07.2020, 15:17

Халқнинг ИИБга бўлган ишончини қайтаришимиз керак!

Мамлакатимизда кейинги уч йил давомида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасида 20 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ислоҳотлар натижасида судлар томонидан илк маротаба 2 минг 273 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди.

Шу билан бирга жиноят йўлига билиб-билмай кирган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланмасдан, улар маҳалла ва жамоатчилик кафиллигига олинди. Инсон ҳуқуқларини бузганлиги учун 60 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жиноий жавобгарликка тортилди.

Президентимиз раислигида шу йил 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳадаги ўзгаришлар одамларимизда ҳақиқат ва адолатга бўлган ишончни мустаҳкамлаётганига алоҳида урғу берилди. Бироқ, тан олиш керак, хали халқ суд-ҳуқуқ тизимидан тўла рози дея олмаймиз.

Масалан, яқинда Андижон шаҳрида содир бўлган ички ишлар идораси ходимлари билан боғлиқ мудҳиш ҳолатни олайлик. Aндижонлик A.Aбдукаримовнинг руҳий ва жисмоний босимлар остида ИИБ ходимлари томонидан ўлим топгани бу соҳада жиддий ўзгаришлар ва ислоҳотлар амалга оширилишидан дарак беради. Тўғри, ҳозирда жиноятларга алоқадор ички ишлар ходимлари қонун олдида жавоб бермоқда. Аммо эрта хазон бўлган бир умрни ортга қайтариб бўлармиди?! Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек муқаддас бурчига хиёнат қилган ходимни кечириш мумкинми? Асло!

Юзага келган мазкур ҳолат бўйича ваколатли органлар томонидан адолатли тергов-суриштирув ишлари амалга оширилди ҳамда қонун устуворлиги ва жиноятга жазо муқаррарлиги таъминланди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бизда қатор масъуллар бор. ИИБнинг бу каби ҳатти-ҳаракати бу соҳага ишониш эмас, балки ИИБ ходимларидан қўрқиш эффекти кучайди.

Мана шундай салбий ҳолатлар чек қўйиш зарур. Одамларимизнинг ИИБга бўлган ишончини кучайтириш лозим. Бундай ҳолатлар тизим раҳбарларини уйғотиши, аниқ хулосалар қилишга чорлаши зарур. Жумладан, ҳудудларда аҳоли вакиллари билан учрашувларимизда жамоатчиликнинг ушбу йўналишлардаги мавжуд адолатсизликларни, коррупцион ҳолатларни очиқ-ойдин баён қилишликларини кўп кузатамиз.

Эндиликда давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, соҳага ишончни “қайтариш” учун ўзимиз сайланган ҳудудларда судьялар корпуси, сектор раҳбарлари ва жамоатчиликни жалб қилган ҳолда одил судловга кўмаклашиш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича мунтазам равишда мулоқотлар ўтказиб борамиз. Албатта, сайловчилар томонидан кўтарилган адолатсизлик ҳолатлари ва муаммолар ҳар чоракда маҳаллий кенгашларда танқидий муҳокама қилинишига эришишимиз даркор. Ўз навбатида, мутасаддилар олдига аниқ саволлар қўйишда вазият биздан қатъийлик билан ишлашни талаб қиляпти ва уларнинг масъулиятига баҳо беришимиз шарт.

Хулоса шуки, йиғилишда олдимизга соҳани тизимли ва аниқ режалар билан ислоҳ қилишда кўмаклашиш, жоиз бўлса, ислоҳотлар ижрочисига айланиш мақсадини қўйдик. Бунинг замирида осуда ҳаёт, халқнинг ҳуқуқ-тартибиот органларига нисбатан ишончини ошириш, дуч келган адолатсизликларни мазкур соҳа вакилларига эркин айта олиш кўникмасини шакллантириш масалалари мужассам.

Жавлонбек ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

OzLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    508
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+