Мева-сабзавот экспортини кўпайтириш имкониятлари ишга солинмоқда

07.08.2020, 11:05

Мева-сабзавот экспортини кўпайтириш имкониятлари ишга солинмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида шу йил 5 август куни бўлиб ўтган ялпи мажлисининг навбатдаги "Ҳукумат соати"да Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаевнинг ахбороти эшитилди.

Вазир ахборотида жумладан қуйидагиларни таъкидлади:

"Бугунги кунда ҳудудларда тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларига тегишли бўлган 941 минг тонна қувватга эга 2046 та омборхона мавжуд. Шундан 1571 таси музлатгичли бўлиб, 755 минг тонналик сиғимга эга. 475 таси эса 186 минг тонналик оддий омборхоналардир.

Жорий йилнинг I ярмида қиймати 86 млрд сўмлик 14,7 минг тонна сиғимга эга 14 та лойиҳа ишга туширилди.

Яна шу йил охирига қадар лойиҳа қиймати 837 млрд сўм бўлган умумий қуввати 166 минг тонналик 246 та музлаткичли омборхоналар ташкил этилади ва 1,9 минг та янги иш ўрни яратилади. Бунинг натижасида жорий йил охирига келиб, жами мева-сабзавот маҳсулотларининг сақлаш қувватларининг умумий қувватини 1,1 млн тоннага етказиш чоралари кўрилади.

Ушбу сақлаш қувватларидан бир йилда камида икки марта фойдаланиш орқали 1,9 млн тонна (8 фоиз) маҳсулотни сақлаш имконияти мавжуд. Бироқ, бугунги кунда ушбу қувватдан бир мавсум давомида 350-400 минг тонна маҳсулот учун, яъни 30-40 фоизидангина фойдаланиб келинмоқда. Мева-сабзавот маҳсулотларини тизимли сақлаш ва экспорт қилиш механизми ҳам яхши шаклланмаган.

Шундан келиб чиқиб, вазирлик томонидан совутгичли ва сақлов омборхоналари тизимини рақамлаштириш, шунингдек, омборхонлардан самарали фойдаланиш бўйича (яъни, сотувчи ↔️ сақловчи → экспортёр ↔️ харидор → истеъмолчилар ўртасида) онлайн платформасини яратиш бўйича иш ташкил этилмоқда.

Ушбу тизим маҳсулот етиштирувчи, сақловчи ва экспорт қилувчи тадбиркорлар интеграцияси ва онлайн режимда республиканинг барча ҳудудларида мавжуд омборхоналар, уларда сақланаётган маҳсулотлар ҳақида керакли маълумотларни олишда муҳим манба бўлади".

Дарҳақиқат, мамлакатимиз фермерлари, деҳқонлари, томорқа ер эгалари томонидан етиштирилган мева-сабзавотларни экспорт қилишнинг бундай замонавий тизими қишлоқ аҳолисининг даромади ва манфаатдорлиги ошишига хизмат қилади.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари
  • Кўрилди
    391
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+