Рақамлаштириш — коррупцион ҳолатларнинг олдини олади

13.08.2020, 19:07

Рақамлаштириш — коррупцион ҳолатларнинг олдини олади

Короновирус пандемияси даври аҳолининг эҳтиёжманд қисмини қисқа муддатларда аниқлаш ва уларни давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва самарали механизмлари бўлишини тақозо этмоқда. Бунда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан заиф қатламларига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этишнинг ягона тизимини яратиш долзарблик касб этади.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 4 августдаги “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳадаги муаммоларни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қарорга мувофиқ, 2020 йилнинг 1 сентябридан ижтимоий нафақаларни тайинлаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлаш тартиб-таомиллари босқичма-босқич “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими воситасида амалга оширилади. Хусусан, сентябрь ойидан мазкур ахборот тизими Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида, октябрь ойидан Бухоро, Навоий, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида, ноябрь ойидан Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳамда декабрь ойидан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида жорий этилади. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими 2019 йил 1 октябридан буён тажриба лойиҳа тариқасида Сирдарё вилоятида амалга оширилмоқда.

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимини республика бўйлаб жорий этиш учун компьютер ускуналари ва периферия қурилмаларини сотиб олиш Жаҳон банки имтиёзли кредити ҳисобига амалга оширилади ва мазкур ахборот тизимининг эгаси ва фойдаланувчиси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳисобланади.

Давлат ижтимоий хизматлари ёки ёрдамини тақдим этиш доирасида давлат органлари ва ташкилотларининг идоралараро электрон ҳамкорлиги «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграцион платформаси орқали амалга оширилади.

Шунингдек, 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этишда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қуйидаги 11 турдаги ҳужжатлар ва маълумотлар фуқаролардан талаб этилишига йўл қўйилмайди:

— доимий яшаш учун рўйхатдан ўтганлик тўғрисида маълумотнома;

— оила таркиби тўғрисидаги маълумотнома, болалар сони ва уларнинг ёши тўғрисидаги маълумотнома, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, вафот этганлик тўғрисидаги гувоҳнома, турмуш қурганлик тўғрисидаги гувоҳнома, ажрашганлик тўғрисидаги гувоҳнома;

— автотранспорт воситаси мавжудлиги ва унинг техник ҳолати тўғрисидаги маълумотнома;

— оиланинг (оила аъзоларнинг) расмий даромадлари тўғрисидаги маълумотномалар;

— кўчмас мулкнинг мавжудлиги, кўчмас мулк ҳажми, фойдаланувда бўлган ернинг бонитети тўғрисидаги маълумотномалар;

— иш қидирувчи, ишсиз, жамоат ишлари билан бандлик мақоми берилганлиги тўғрисидаги маълумотномалар;

— пенсия ва нафақа кўринишидаги даромадлари, 1- ва 2- гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар эканлиги тўғрисидаги маълумотнома;

— меҳнат фаолияти билан вақтинча шуғулланиш имкониятини бермайдиган касалликнинг мавжудлиги, ногиронлик гуруҳининг мавжудлиги, доимий парваришга муҳтож оила аъзосининг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотномалар;

— банк пластик картасининг мавжудлиги, тўловлар ва ведомостларни юбориш, тўланган маблағлар тўғрисидаги ҳисоботлар, оила аъзоларига келиб тушган пул ўтказмалари, банк пластик картаси қолдиқлари тўғрисидаги маълумотномалар;

— оила аъзоларининг қимматли қоғозлар билан амалга оширган операциялари, дивидендлар олинганлиги тўғрисидаги маълумотномалар;

— талабалар сафида мавжудлиги, стипендия миқдори, ўқиш шакли (кундузги, сиртқи), ўқиш тури (давлат гранти, тўлов контракт) тўғрисидаги маълумотномалар.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилганлик тўғрисида маълумотнома ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади ва 12 ой давомида амал қилади.

Бундай шахслар ёки оилалар қўшимча ҳужжатлар ва маълумотномаларни тақдим этмасдан қуйидаги хизматлар ва имтиёзларни олиши мумкин бўлади:

— давлат мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар тўловидан озод этиш;

— мактабгача таълим муассасаларида ўрнатилган миқдорларда ота-оналар тўловини тўлаш;

— умумий ўрта таълим мактабларида дарсликлар ижара тўловларидан озод этиш;

— умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари учун қишки кийим-бош бериш;

— айрим фанларни ўқитишга ихтисослаштирилган умумий ўрта мактаблар ўқувчиларини овқатланиш харажатларидан озод этиш;

— санъат, мусиқа мактаблари, «Баркамол авлод» марказлари ва бошқа мактабдан ташқари таълим муассасаларида ўқиш харажатларидан озод этиш;

— кам таъминланган оилаларнинг ногирон аъзоларини протез-ортопедия буюмлари билан таъминлаш;

— ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида бепул махсус (амбулатор ёки кундузги) тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича йўлланма (ордер) олиш.

Бир сўз билан айтганда , идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаш воситасида ўзаро ҳужжат алмашиш жараёнини автоматлаштириш орқали давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этиш учун зарур бўлган маълумотнома ва тасдиқловчи ҳужжатлар сони тубдан қисқаради. Белгиланган мезонларга мувофиқ, кам таъминланган оилаларнинг эҳтиёжмандлик даражасини объектив баҳолаш, давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этиш жараёнларини автоматлаштириш орқали қарорларни қабул қилишда субъектив ёндашув бартараф этилади, бу ўз навбатида тизимда коррупцион ҳолатларнинг олдини олади.

Зафар ХУДАЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот 

технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    569
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+