Депутат кўмаги билан ажрим ёқасидаги оила қайта тикланди

26.08.2020, 17:37

Депутат кўмаги билан ажрим ёқасидаги оила қайта тикланди

Асли Андижон туманилик Қизлархон Жўраева  Избоскан тумани Чўрталлик маҳалла фуқаролар йиғини, Қушчилар кўчасида истиқомат қилувчи Ҳаётбек Холмирзаев билан оила қурганига эндигина беш йил бўлди. Аммо оиладаги нотинчлик икки ёшни аллақачон ажрим ёқасига олиб келгани ачинарли. Сўнгги жанжалдан сўнг Қизлархон уч ёшли фарзанди билан ота уйига қайтиб келди. Бунинг устига етти ойлик ҳомиладор. Ҳадемай икки фарзанднинг отаси бўлай деб турган Ҳаётбекнинг парвойи фалак. Маҳалла оқсоқоллари, отинойиларининг бир неча бор тушунтиришлари ҳам оила соҳибларига кор қилмади.

Халқ депутатлари Андижон туман кенгаши депутати Шуҳратбек Бозоровнинг Андижон тумани, “Экин-тикин” маҳалла фуқаролар йиғини, Шафтолизор кўчаси аҳолиси муаммоларини ўрганиши давомида аниқланган мазкур муаммога еичм топишга киришилди. Қизлархон айни вақтда шу маҳалладаги ота уйида.

Депутат дарҳол Избоскан туман мутасаддилари билан боғланди. Ҳар икки туман масъулларидан тузилган ишчи гуруҳнинг уринишлари зое кетмади. Ёшлар ҳаётий мисоллар, ибратли фикрлар билан “йўлга солинди”.

-Оила муқаддас даргоҳ эканини аксарият ёшлар тушунмаётгани афсусланарли ҳолат, - дейди депутат Ш.Бозоров. – Сайловчилар билан учрашувларда шундай воқеаларга дуч келаётганимиз бу борада турмуш остонасида турган йигит-қизлар учун оилага тайёрлаш машғулотлари зарурлигини кўрсатади. Албатта, бундай дарслар маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида масъуллар иштирокида ташкил этилиши мақсадга мувофиқ. Келинлик одоби, куёвлик масъулияти, қайнота-қайнонага ҳурмат муносабатларини миллий анъаналаримиз асосида тушунтириш зарур.

Депутат ҳақ гапни айтди. Муаммо илдиз отгунча унинг олдини олган маъқул. Айниқса, оила масаласига жиддий ёндашиш шартлигини унутмаслик керак.

Зилола РАҲМОНОВА,

O'zLiDeP Андижон вилоят кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    842
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+